4–БОБ
Исо ва Самариялик аёл
1-3 Исо Яҳёдан кўра, кўпроқ шогирд орттириб, сувга чўмдиряпти деган хабар фарзийларнинг қулоғига етиб борди. Ваҳоланки, халқни Исонинг Ўзи эмас, шогирдлари сувга чўмдираётган эдилар. Бу хабар фарзийларнинг қулоғига етиб борганини Исо эшитгач, Яҳудияни тарк этиб, яна Жалилага йўл олди. 4 Йўлда У Самариядан ўтиши керак эди. 5 Шундай қилиб, У Самариянинг Сихар деган шаҳрига келди. Бу шаҳар Ёқуб ўз ўғли Юсуфга берган ерга яқин эди. 6 Ёқубнинг қудуғи ҳам ўша ерда эди.
Йўл юриб чарчаган Исо қудуқнинг ёнига ўтирди. Тахминан туш пайти эди. 7 Шу вақт Самариялик бир аёл сув олгани келиб қолди. Исо унга:
— Менга ичгани сув бер, — деди. 8 Исонинг шогирдлари эса овқат сотиб олиш учун шаҳарга кетган эдилар.
9 Самариялик аёл Унга шундай деди:
— Сиз яҳудий бўлсангиз, мен эса Самариялик аёл бўлсам, қандай қилиб мендан сув сўрашга журъат этдингиз?!
Нега десангиз, яҳудийлар Самарияликлар билан алоқа қилмайдилар.
10 Исо аёлга деди:
— Худо сенга қандай инъом бермоқчи эканлигини ва сендан сув сўраган Одам ким эканлигини сен билмайсан. Билганингда эди, ўзинг Ундан сув сўраган бўлар эдинг ва У сенга ҳаётбахш сувни берган бўларди.
11 — Тақсир! — деди аёл, — Сизда сув оладиган ҳеч нарсангиз йўқ–ку, қудуқ эса чуқур. Ҳаётбахш сувингизни қаердан оласиз? 12 Бу қудуқни бизга бобокалонимиз Ёқуб берган. Унинг ўзи ҳам, болалари ҳам, чорваси ҳам бу қудуқдан сув ичган. Наҳотки Сиз Ёқубдан ҳам устун бўлсангиз?!
13 Исо аёлга шундай жавоб берди:
— Бу сувдан ким ичса, яна чанқаб қолади. 14 Лекин Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сув ўша одамнинг вужудида булоққа айланиб, то абад ҳаёт сари жўшиб оқади.
15 — Тақсир, бу сувдан менга ҳам беринг. Мен ҳам ҳеч қачон чанқамайин, сув олгани бу ерга келавермайин, — деди аёл.
16 — Бориб, эрингни бу ерга чақириб кел, — деди Исо.
17 — Менинг эрим йўқ, — деди аёл.
— Эрим йўқ, деб сен тўғрисини айтдинг, — деди Исо. 18 — Сенинг беш нафар эринг бўлган, ҳозиргиси ҳам эринг эмас. Сен тўғрисини айтдинг!
19 — Ҳазрат , Сиз пайғамбар эканингизни кўриб турибман, — деди аёл. 20 — Ота–боболаримиз Худога бу тоғда сажда қилар эдилар. Аммо сизлар — яҳудийлар эса Худога сажда қилинадиган жой Қуддусда, дейсизлар.
21 Исо унга деди:
— Эй аёл, Менга ишонгин, шундай вақт келадики, ўшанда осмондаги Отага на бу тоғда, на Қуддусда сажда қиласизлар. 22 Сизлар — Самарияликлар кимга сажда қилаётганингизни билмайсизлар , биз эса кимга сажда қилаётганимизни биламиз. Чунки нажот яҳудийлардан келади. 23 Аммо шундай вақтлар келадики, ҳақиқий сажда қилувчилар Отага Руҳда ва ҳақиқатда сажда қиладилар. Бундай вақт келди ҳам! Ота шу йўсинда Ўзига сажда қилувчиларни излайди. 24 Худо Руҳдир, Унга сажда қилувчилар ҳам Муқаддас Руҳ бошчилигида, ҳақиқатни билган ҳолда сажда қилишлари лозим.
25 Аёл Исога:
— Мен Масиҳ келишини биламан. У келганда, ҳамма нарсани бизга тушунтиради, — деди. (Масиҳ “Худонинг танлагани” демакдир.)
26 Исо аёлга деди:
— Ўша Менман. Сен билан гаплашиб турибман.
27 Шу пайтда Исонинг шогирдлари келиб қолишди. Унинг бир аёл билан гаплашаётганини кўриб ҳайрон бўлишди. Лекин бирортаси ҳам: “Нима хоҳлайсиз?” ёки: “Нимага бу аёл билан гаплашяпсиз?” деб сўрамади.
28 Аёл кўзасини ўша ерда қолдирди–да, шаҳарга бориб, одамларга деди:
29 — Юринглар, бир Одамни кўринглар. У менинг қилган ҳамма ишларимни айтиб берди! Ўша Масиҳ эмасмикин?
30 Одамлар шаҳардан чиқиб, Исонинг олдига бордилар.
31 Шу орада шогирдлари Исога:
— Устоз, овқат еб олинг, — деб таклиф қилдилар. 32 Аммо Исо уларга деди:
— Менинг ейдиган овқатим бор, сизлар бу овқат тўғрисида билмайсизлар.
33 Шогирдлари ўзаро гаплашиб: “Бирон киши Унга овқат келтирганмикин?” деб айтишарди. 34 Исо уларга деди:
— Менинг овқатим — Мени Юборганнинг иродасини адо этиш, Унинг ишини тугатишдир. 35 Сизлар: “Экинлар тўрт ойда етилади” деган иборани ишлатасизлар. Мен эса сизларга айтаман: кўзларингизни очинглар! Экинзорларга қаранглар! Ҳосил етилган, ўрим–йиғимга тайёр бўлган. 36 Ўроқчи ҳозирдан яхши даромад олмоқда, абадий ҳаёт учун ҳосил йиғмоқда. Токи ҳосилни эккан ва ўрган бирга қувонишсин. 37 “Бири экади, бошқаси ўради” деган мақол шу вазиятга тўғри келади. 38 Мен сизларни ўзингиз меҳнат қилиб экмаган ҳосилни ўргани юбордим. Бошқалар меҳнат қилган эдилар, сизлар эса уларнинг меҳнатидан фойдаланасизлар.
39 Шундан кейин ўша шаҳарда яшовчи талай Самарияликлар Исога имон келтиришди. Улар ҳалиги аёлнинг “У менинг қилган ҳамма ишларимни айтиб берди” деган гувоҳлигига ишонган эдилар. 40 Шундай қилиб, Самарияликлар Исонинг олдига келиб: “Биз билан қолинг”, деб Исога ёлворишди. Исо икки кун ўша ерда қолди. 41 Исонинг айтган сўзлари туфайли кўп одамлар имон келтирди. 42 Шунда улар аёлга дедилар:
— Энди сенинг сўзларинг туфайлигина ишонаётганимиз йўқ. Уни ўзимиз ҳам эшитдик. У ҳақиқатан ҳам оламнинг Нажоткори эканлигига амин бўлдик .
Исо амалдорнинг ўғлини соғайтиради
43 Икки кундан кейин Исо у ердан Жалила ҳудудига жўнаб кетди. 44 У: “Пайғамбар ўз юртида эътибор топмайди”, деб таъкидлаганди. 45 Жалилага келганда эса, аҳоли Уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Чунки улар Фисиҳ байрами учун Қуддусга борганларида, у ерда Исонинг қилган ҳамма ишларини кўрган эдилар.
46 Шундай қилиб, Исо яна Жалиладаги Каъна қишлоғига келди. Бу ерда У сувни шаробга айлантирган эди. Ўша пайтда Кафарнаҳум шаҳрида бир сарой амалдорининг ўғли касал бўлиб ётган эди. 47 Бу одам Исонинг Яҳудиядан Жалилага келганлигини эшитиб, Унинг олдига борди. Исога:
— Юринг, ўлим тўшагида ётган ўғлимга шифо беринг, — деб ёлворди.
48 — Сизлар аломату мўъжизалар кўрмагунча ишонмайсизлар! — деди унга Исо.
49 — Юра қолинг Ҳазрат, ўғилгинам ўлиб қолмасин! — деди сарой амалдори Унга.
50 — Сиз бораверинг. Ўғлингиз соғ–саломат, — деди Исо.
У одам Исонинг айтганига ишониб, жўнаб кетди. 51 У ҳамон йўлда экан, хизматкорлари унга пешвоз чиқиб:
— Ўғлингиз соғ–саломат, — деган хабар келтирдилар.
52 — Қайси соатда аҳволи енгиллашди? — дея сўради у.
— Кеча тушда, соат бирларда иситмаси тушди, — дейишди хизматкорлар.
53 “Ўғлингиз соғ–саломат” деган сўзларни Исо айнан ўша вақтда айтганини боланинг отаси англади. Шунда ўзи ва бутун хонадони Исога имон келтирди.
54 Бу эса Исонинг Яҳудиядан Жалилага келиб кўрсатган иккинчи мўъжизали аломати эди.