17–БОБ
Исо Ўз шогирдлари учун ибодат қилади
1 Шу гаплардан кейин Исо кўзларини осмонга тикиб, деди: “Эй Ота! Вақт–соати келди. Ўғлинг Сени улуғлаши учун Ўғлингни улуғлагин. 2 Сен Унга бутун инсоният устидан ҳокимият бердинг. Токи Унга берилган ҳар бир инсонга У абадий ҳаёт ато қилсин. 3 Абадий ҳаёт эса Сени — ягона ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб–билишдан иборатдир.
4 Сен Менга топширган ишни тугатиб, ер юзида Сени улуғладим. 5 Дунё яратилишидан аввал Мен Сенинг ҳузурингда улуғвор эдим. Энди, эй Ота, ўша улуғворликни Ўз ҳузурингда Менга яна ато қилгин.
6 Сен дунёдан Менга берган одамларга Сени танитдим. Улар Сеники эдилар ва Сен уларни Менга бердинг. Улар Сенинг сўзингга амал қилдилар. 7 Сен Менга берган ҳамма нарса Сендан эканлигини улар энди билиб олдилар. 8 Чунки Сен Менга айтган сўзларингни Мен уларга айтдим. Улар сўзларингни қабул қилиб, Мен Сендан келганимни аниқ тушундилар. Мени Сен юборганингга ишондилар.
9 Мен улар учун илтижо қиламан. Дунё учун эмас, балки Сен Менга берган одамлар учун илтижо қиламан. Ахир, улар Сеникидир. 10 Зотан, Меники бўлган ҳамма — Сеники, Сеники эса Меникидир. Менинг улуғворлигим улар орқали аён бўлмоқда.
11 Мен бу дунёда ортиқ қолмайман, Сенинг олдингга қайтиб кетяпман. Улар эса бу дунёда қоладилар. Эй Муқаддас Ота! Менга берган Ўз номинг қудрати ила уларни омон сақла . Токи улар ҳам Биздай бир бўлсинлар. 12 Мен улар билан бирга бўлганимда, Менга берган номинг қудрати ила уларни омон сақладим. Уларни асрадим , биронтаси йўқолмади. Фақат Муқаддас битикларда айтилганлар бажо бўлиши учун ҳалокатга маҳкум бўлган одам нобуд бўлди.
13 Энди эса Сенинг олдингга кетяпман. Менинг шодлигим уларнинг қалбини тўлдирсин деб, буларни ҳали дунёда бўлганимда айтяпман. 14 Мен уларга Сенинг сўзларингни айтдим. Бу дунёга тегишли бўлганлар улардан нафратланади. Чунки Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. 15 Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман. 16 Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. 17 Сенинг каломинг ҳақиқатдир. Ҳақиқат орқали уларни Ўзинг учун ажратиб олгин. 18 Сен Мени дунёга юборганингдай, Мен ҳам уларни дунёга юбордим. 19 Уларни деб Ўзимни Сенга бағишладим, токи улар ҳам ҳақиқат орқали ўзларини Сенга бағишласинлар.
20 Мен нафақат улар учун илтижо қиляпман, балки уларнинг сўзи орқали Менга имон келтирадиганлар учун ҳам илтижо қиляпман: 21 ҳаммалари бир бўлишсин. Эй Ота, Сен Менда ва Мен Сенда бўлганимдай, улар ҳам Бизда бўлишсин. Шу тариқа Мени Сен юборганингга дунё ишонсин. 22 Сен Менга ато қилган улуғворликни уларга бердим, токи Биз бир бўлганимиздек, улар ҳам бир бўлишсин. 23 Мен улардаман, Сен эса Мендасан. Шундай экан, улар мукаммал бирликда бўлсинлар. Токи, Мени Сен юборганингни дунё билсин. Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё кўрсин.
24 Эй Ота! Сен Менга берган одамлар Мен билан бир жойда бўлишини хоҳлайман. Сен Менга ато қилган улуғворликни улар ҳам кўрсин, чунки оламни яратмасингдан олдин Сен Мени яхши кўрар эдинг. 25 Эй одил Ота! Дунё Сени билмаса ҳам, Мен Сени биламан. Бу одамлар ҳам Мени Сен юборганингни билиб олдилар. 26 Уларга Сенинг кимлигингни аён қилдим ва аён қилишни давом эттиравераман. Токи, Менга бўлган севгинг уларнинг юракларида жо бўлсин, Мен ҳам уларда бўлайин.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020