41–БОБ
1 Ўша йилнинг еттинчи ойида шоҳ Зидқиёнинг бош лашкарбошиларидан бири бўлган Натаниё ўғли Исмоил ўнта одами билан бирга Миспахга — Охихам ўғли Гадалиёнинг ҳузурига борди. Исмоил шоҳ уруғидан бўлган Элишаманинг набираси эди. Гадалиё келганлар билан бирга дастурхон атрофида ўтириб овқатланаётганда, 2 Исмоил ва у билан келган ўнта одам қиличларини яланғочлаб, Бобил шоҳи ҳоким қилиб тайинлаб кетган Гадалиёни ўлдиришди. 3 Гадалиё билан бирга Миспахда бўлган ҳамма яҳудийларни Исмоил қиличдан ўтказди. У ердаги Бобиллик сипоҳларни ҳам ўлдирди.
4 Эртаси куни Гадалиё ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар тарқалмай туриб, 5 Шакам, Шилў ва Самариядан саксонта одам келди. Улар қайғудан соқолини қирган, кийимларини йиртган, таналарини тилган эдилар . Улар дон ва тутатқиларни назр қилиш учун Эгамизнинг уйига кетаётган эдилар. 6 Натаниё ўғли Исмоил уларни кутиб олиш учун Миспахдан йиғлаб чиқди. Уларга яқинлашгач: “Қани, ичкарига, Гадалиёнинг олдига киринглар”, деди. 7-9 Улар шаҳарга киришлари биланоқ, Исмоил билан унинг одамлари уларни ҳам қириб ташладилар. Аммо келганлардан ўнтаси Исмоилга ёлвориб деди: “Илтимос, бизни ўлдирма! Далаларда яшириб қўйган буғдой, арпа, зайтун мойи ва асалимиз бор.” Исмоил уларни ўлдирмай, ҳаётларини сақлаб қолди. Ўлдирган одамларнинг жасадларини эса катта сардобага ташлади . Жасадларга тўлган бу сардобани Яҳудо шоҳи Осо Исроил шоҳи Башо ҳужум қилган пайтда қурдирган эди . 10 Исмоил Миспахда омон қолган ҳамма одамларни асир қилиб олди. Бобиллик қўриқчилар сардори Набизарадон Миспахдаги ҳамма одамларни уларнинг орасидаги маликаларга қўшиб, Гадалиёнинг ихтиёрига топширган эди. Исмоил уларнинг ҳаммасини асир қилиб, Оммон юртига жўнади.
11 Натаниё ўғли Исмоилнинг қилган жиноятлари ҳақида Кариёх ўғли Йўханон ва лашкарбошилар хабар топдилар. 12 Улар бор одамларини тўплаб, Исмоил билан жанг қилиш учун йўлга тушдилар. Улар Исмоилга Гивондаги катта ҳовуз бўйида етиб олдилар. 13 Исмоилнинг асирлари Йўханонни ва унинг ёнидаги ҳамма лашкарбошиларни кўриб, хурсанд бўлиб кетишди. 14 Исмоил Миспахдан асир қилиб олган ўша одамларнинг ҳаммаси орқага — Йўханоннинг олдига югуриб келишди. 15 Исмоил эса саккизта одами билан Йўханондан қочиб, Оммон юртига кетди. 16 Шундай қилиб, Йўханон ва унинг лашкарбошилари Миспахдаги фожиада омон қолган аёлу бола–чақаларни, сарой амалдориларию жангчиларни Гадалиёнинг қотили Исмоилнинг қўлидан озод қилдилар. Уларни ўзлари билан Гивондан олиб кетдилар. 17-18 Йўханон одамлари билан Бобилликлардан қўрққанлари учун Мисрга йўл олдилар. Чунки Бобил шоҳи юртга ҳоким қилиб тайинлаган Гадалиёни Исмоил ўлдирган эди. Сўнг ҳаммаси йўлда Байтлаҳм ёнидаги Химам қўнолғасида тўхтадилар.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020