24–БОБ
Икки сават анжир
1 Эгамиз менга Маъбад олдида турган икки сават анжирни кўрсатди. Бу воқеа Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусдаги Яҳудо шоҳи Ёҳайихинни , Яҳудо аъёнларини, ҳунармандлару темирчиларни Бобилга асир қилиб олиб кетгандан сўнг содир бўлди. Шоҳ Ёҳайихин Ёҳайиқимнинг ўғли эди. 2 Мен кўрган саватларнинг бирида яхши чиллаки анжирлар, бошқасида эса ёмон, еб бўлмайдиган анжирлар бор эди.
3 Эгамиз мендан:
— Еремиё, нимани кўряпсан? — деб сўради.
— Анжирларни, — деб жавоб бердим мен. — Яхши анжирлар ниҳоятда яхши экан, ёмонлари эса еб бўлмайдиган даражада ириб кетган экан.
4 Шунда Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 5 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Бобилликларнинг юртига сургун бўлган Яҳудо асирлари ўша яхши анжирларга ўхшайди. Мен уларга илтифот кўрсатаман. 6 Назаримни солиб, яхшилик қиламан, уларни бу юртга қайтариб олиб келаман. Уларни йўқ қилмайман, балки қайта бунёд этаман. Қўпориб ташламайман, балки барқарор қиламан. 7 Қалбларига Мени билиш истагини соламан, улар Мени Эгамиз деб тан оладилар. Бутун қалблари билан Менга қайтадилар. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.”
8 Аммо Яҳудо шоҳи Зидқиё тўғрисида, унинг аъёнлари, Қуддуснинг омон қолган аҳолиси ва Мисрга қочиб борганлари тўғрисида Эгамиз шундай демоқда: “Улар еб бўлмайдиган анжирларга ўхшайди. Ириган анжирларни нима қилишса, Мен ҳам уларни шундай қиламан. 9 Уларнинг бошига шундай кулфат соламанки, буни кўрган ер юзидаги барча халқлар даҳшатга тушади. Мен уларни тарқатиб юборган ҳамма жойда одамлар уларнинг устидан кулади, уларни мазах қилади, хор қилади, номини қарғишларда ишлатади. 10 Мен уларга ва ота–боболарига берган юртдан уларни қириб ташламагунимча бошларига уруш, очарчилик ва ўлат юбораман.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020