40–БОБ
Худонинг халқига тасалли сўзлари
1 “Юпатинг, халқимни юпатинг,
— демоқда Худойингиз. —
2 Қуддуснинг руҳини кўтариб,
Унга шундай деб айтинг:
«Азоб косанг тўлиб бўлди,
Айбларинг учун жазо олиб бўлдинг.
Ҳамма гуноҳларинг эвазига
Мен, Эгангдан икки карра жазо олдинг.»”
3 Бир овоз янграмоқда:
“Чўлда Эгамизга йўл ҳозирланг,
Саҳрода Худойимизга тўғри йўл очинг.
4 Ҳар бир жарлик юксалади,
Ҳар бир тоғу тепалик пасаяди.
Ўнқир–чўнқир жойлар текис бўлади,
Ўйдим–чуқур ер текислик бўлади.
5 Ўшанда Эгамизнинг улуғворлиги зоҳир бўлади,
Бутун жонзот биргаликда буни кўради.
Ҳа, Эгамиз Ўз оғзи билан шуни айтди.”
6 Бир овоз: “Эълон қил!” деб айтди,
Иккинчиси: “Нимани эълон қиламан?” деб сўради .
Биринчи овоз шундай деди:
“Инсон зотининг ҳаммаси майсадай,
Уларнинг барча содиқлиги дала гули кабидир.
7 Уларнинг устидан Эгамизнинг нафаси эсганда
Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади.
Мана, бу халқ майсанинг ўзи.
8 Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади,
Худойимизнинг каломи эса абадий туради.”
9 Эй хушхабар келтирган Қуддус,
Баланд тоққа чиқ!
Эй хушхабар келтирган Сион ,
Баланд овозда эълон қил!
Қўрқмагин, жар солгин!
Яҳудо шаҳарларига:
“Мана сизнинг Худойингиз”, деб айтгин.
10 Мана, Эгамиз Раббий қудрат ила келади,
Қудрати ила ҳукмронлик қилади.
Унинг Ўзи тақдирлайди,
Мукофотини Ўзи билан олиб келмоқда.
11 Чўпон каби, У Ўз сурувини боқади,
Қўзиларни қўлларида кўтаради.
Уларни кўтариб, бағрига босади,
Қўзилари билан бирга она қўйни
Эҳтиётлаб ҳайдаб боради.
Исроилнинг тенги йўқ Худоси
12 Ким ҳовучи ила сувларни ўлчаган?!
Ким қаричлаб осмонни ўлчаган?!
Замин тупроғини ўлчаган борми?!
Ким тоғларни тарозида тортиб кўрган?!
Тепаликларни тарози палласида тортган?!
13 Ким Эгамизнинг Руҳига йўл кўрсата олади?!
Ким Унга маслаҳат бера олади?!
14 У кимга маслаҳат солган?!
Ким Унга насиҳат берган?!
Ким Унга адолат йўлини ўргатган?!
Унга билим берган борми?!
Идрок йўлларини Унга кўрсатган борми?!
15 Ахир, элатлар челакдаги бир томчи сувдайдир,
Улар тарози палласидаги чанг кабидир.
Мана, оролларни ҳам Эгамиз чангдай кўтаради.
16 Лубнон юртидаги ҳайвонлар қурбонликка озлик қилади,
Ўрмонларининг дарахтлари эса етарли ўтин бўлмайди.
17 Жамики элатлар Эгамиз олдида ҳеч нима эмас,
Эгамиз назарида улар арзимас, бўшлиқдир.
18 Хўш, Худони кимга ўхшатасиз?!
Унга қандай қиёфани бераркансиз?!
19 Ҳунарманд ясаган бутнинг қиёфасиними?!
Ахир, уста бутни олтин билан қоплаган.
Унга кумуш занжирлар ясаб берган.
20 Ундай қилишга қурби етмаган эса
Чиримайдиган ёғоч топади.
Моҳир устани ёллаб,
Йиқилиб тушмайдиган бут ясаттиради.
21 Билмайсизми?! Эшитмаганмисиз?!
Бошидан сизга айтилмаганми?!
Дунё пойдеворига қараб ҳам тушуниб етмайсизми?!
22 Худо осмон гумбази узра ўтиради,
Замин аҳли чигиртка кабидир.
Худо осмонни парда каби ёйган,
Одамзод макон қилсин дея, чодир каби қурган.
23 Шаҳзодаларни У пастга уради,
Замин ҳукмдорларини йўққа чиқаради.
24 Эвоҳ, улар экилиши биланоқ қуриб қолади.
Ерга ўтқазилиши биланоқ сўлиб қолади.
Илдиз отиши биланоқ қуриб қолади.
Ҳа, Эгамизнинг нафаси уларни қуритади.
Бўрон уларни сомондай учириб кетади.
25 “Мени кимга қиёслайсиз?
Ким Менга тенг кела олар?”
— деб айтади Муқаддас Худо.
26 Кўзларингизни осмонга тикинг, қаранг:
Ахир, буларни ким яратган?
Худо осмонга юлдузларни териб қўйган–ку!
Унинг Ўзи ҳар бирига ном берган–ку!
Ўзининг буюк кучи, улуғ қудрати билан
Ҳар бирини ўз жойига чиқармай қўймайди.
27 Эй Ёқуб насли, нима учун сен:
“Бошимга тушганни Эгамиз кўрмайди”, дейсан?
Эй Исроил халқи, нима учун сен:
“Машаққатларимни Худойим унутган”, деб айтасан?
28 Наҳотки билмайсан? Наҳотки эшитмагансан?
Эгамизнинг Ўзи абадий Худо–ку!
Бутун оламни У яратган–ку!
У чарчамайди, ҳолдан тоймайди,
Унинг донолигини билиб бўлмайди.
29 У толиққанга куч беради,
Заифнинг кучига куч қўшади.
30 Ҳатто ёшлар чарчайди, ҳолдан тояди,
Йигитлар қоқилиб, йиқилади.
31 Эгамиздан умид қилганлар эса
Янгидан куч олади,
Бургут сингари парвоз қилади.
Улар югуриб, чарчамайди,
Юриб ҳам ҳеч толиқмайди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020