42–БОБ
Руҳонийларнинг муқаддас хоналари
1 Сўнг ўша одам мени ташқи ҳовлига олиб чиқиб, Маъбаднинг шимолидаги бир қатор хоналар олдига олиб борди. Бу хоналар Маъбаднинг ғарб томонидаги иморатга яқин жойлашган эди. 2 Уларнинг шимол томонидаги умумий узунлиги 100 тирсак , эни 50 тирсак эди. 3 Хоналар бир томони билан эни 20 тирсак бўлган ички ҳовлининг очиқ жойига , иккинчи томони билан Маъбаднинг тош ётқизилган ташқи ҳовлисига қараб турарди. Хоналар уч қават қилиб қурилган эди. 4 Хоналарнинг ички ҳовли томонида бир кенг йўлак бор эди. Бу йўлакнинг эни 10 тирсак, узунлиги 100 тирсак эди. Аммо хоналарнинг эшиклари шимол томонга очилар эди. 5 Учинчи қаватдаги хоналар, иккинчи қаватдагиларга, иккинчи қаватдаги хоналар эса биринчи қаватдагиларга қараганда торроқ эди. Шунинг ҳисобига юқори қаватдаги айвонлар кенгроқ эди. 6 Қуйи қаватдаги хоналар юқори қаватдаги хоналарга таянч бўлиб хизмат қилар эди. Шу сабабдан бу иншоот қурилмасида Маъбад ҳовлисидаги бошқа бинолардан фарқли равишда устунлардан фойдаланилмаган. 7 Бу хоналарни ташқи ҳовлидан девор ажратиб турар эди. Узунлиги 50 тирсак бўлган бу девор ташқи ҳовлидаги ҳужраларнинг давомига қурилган эди. 8 Ташқи ҳовлидаги ҳужраларнинг узунлиги 50 тирсак, ички ҳовлидаги бу хоналарнинг узунлиги эса 100 тирсак эди. 9 Бу хоналарга ташқи ҳовлидан кириш учун шарқдаги кираверишдан фойдаланилган. 10 Бу киравериш ҳовлининг девори бошланган жойда эди.
Жанубда ҳам очиқ жой ва хоналар бор эди, бу хоналар иморат рўпарасида эди. 11 Бу хоналарнинг олд томонида йўлакчаси бор эди. Хоналарнинг ҳажми, эшиклари, тузилиши ва кириш жойлари шимол томондаги хоналарники билан бир хил эди. 12 Бу хоналарга шарқ томондан ўша йўлакча орқали кирилар эди. Йўлакнинг бир томони девор эди.
13 У одам менга шундай деди: “Маъбаднинг шимол ва жануб томонига қурилган бу хоналар муқаддасдир. Бу хоналарда Эгамизнинг ҳузурига кирадиган руҳонийлар энг муқаддас назрларни тановул қиладилар. Дон назри, гуноҳ қурбонликлари ва айб қурбонликлари бу хоналарга қўйилади, чунки бу хоналар муқаддасдир. 14 Руҳонийлар Маъбадда хизмат қилиб бўлганларидан кейин, муқаддас либосларини бу хоналарда ечиб, бошқа кийим кийиб олишлари керак. Шундан кейингина ташқи ҳовлига — одамларнинг олдига чиқишлари мумкин.”
Маъбад ҳудудининг ўлчамлари
15 Ўша одам Маъбад ҳовлисидаги биноларни ўлчаб бўлгандан сўнг, мени шарқий дарвоза орқали ташқарига олиб чиқиб, Маъбад ҳовлисининг атрофидаги деворни ўлчай бошлади. 16 У чизғичи билан деворнинг шарқ томонини ўлчади, деворнинг узунлиги 500 тирсак чиқди. 17-19 Сўнг деворнинг шимол, жануб ва ғарб томонларини ўлчади. Деворнинг ҳамма томонлари 500 тирсак узунликда эди. 20 Маъбад ҳудуди тўртбурчак шаклда эди. Бу девор муқаддас жойни оддий жойдан ажратиб турар эди.