4–БОБ
Навухадназарнинг дарахт ҳақидаги туши
1 Мен, Навухадназар, ўз уйимда хотиржам, шоҳона саройимда роҳат–фароғатда яшаётган эдим. 2 Аммо бир куни кечаси кўрган тушим юрагимга аллақандай ваҳима солди. Бу тушим мени даҳшатга туширган эди. 3 Мен тушимнинг таъбирини билишни истаб, Бобилдаги ҳамма сарой маслаҳатчиларини ҳузуримга келтиришни буюрдим. 4 Қаршимда ҳозир бўлган фолбин, мунажжим, афсунгар ва раммоллар тушимни эшитдилар–у, аммо уни таъбирлай олмадилар. 5 Ниҳоят, Дониёр келди (унинг Белташазар деган исми мен сиғинадиган худонинг исми билан ҳамоҳангдир ). Дониёр муқаддас худоларнинг руҳи билан тўладир. Мен унга тушимни айтиб бердим: 6 “Эй Белташазар, фолбинларнинг бошлиғи, сенда муқаддас худоларнинг руҳи борлиги менга аён, ҳар қандай сир сенга ошкордир. Кўрган тушимнинг таъбирини менга айтиб бер.
7 Тушимда мен дунёнинг қоқ ўртасида ўсаётган бир дарахтни кўрдим. У ниҳоятда улкан эди. 8 Дарахт ўсиб, унинг учи осмонга етди. Дарахтни дунёнинг тўрт бурчагидан туриб кўрса бўлар эди. 9 Унинг япроқлари ниҳоятда чиройли, мўл мевалари бутун дунёни таъминлар эди. Ёввойи ҳайвонлар унинг тагида пана топар, осмондаги қушлар шохларида ин қурар, ер юзидаги барча мавжудот ундан озиқланар эди.
10 Мен тўшагимда ётиб, келган ваҳийни томоша қилаётганимда, осмондан кузатувчи бир фаришта тушиб келди. 11 У баланд овозда бақирди: «Дарахтни йиқитинглар, шохларини чопиб ташланглар, япроқларини узиб, меваларини сочиб юборинглар. Тагидаги ҳайвонларни ҳайданглар, шохлардаги қушларни учиринглар. 12 Аммо дарахтнинг тўнкаси ва илдизларига тегманглар, уларни темир ва бронза билан занжирлаб, майин дашт ўтлари орасида қолдиринглар. Дарахт тимсолидаги бу одам осмондан тушган шудрингга чўмилсин, ёввойи ҳайвонлар билан яшаб, насибасини дашт ўтлари орасидан териб есин. 13 Ундан инсон онги олиб ташлансин. У етти йил мобайнида онгсиз ҳайвондай яшасин. 14 Кузатувчи фаришталар шу ҳукмни чиқаришди, токи ҳар бир мавжудот Худойи Таолони инсон салтанатининг ягона Ҳукмдори деб билсин. У шоҳликни хоҳлаган одамига берар, хокисор қашшоқни тахтга ўтқазар.»
15 Мен, шоҳ Навухадназар, кўрган туш мана шудир. Энди сен, Белташазар, менга тушимнинг таъбирини айтиб бер, чунки сарой маслаҳатчилари уни таъбирлай олмадилар. Сен эса бунинг уддасидан чиқасан, чунки сенда муқаддас худоларнинг руҳи бор.”
Тушнинг таъбири
16 Сўнг Белташазар, яъни Дониёр бир қанча вақт ўзига келолмай турди. Менинг тушим уни даҳшатга туширган эди. “Белташазар, тушим ва унинг таъбири сени даҳшатга солмасин, — дедим унга мен .”
“Ҳазратим, — деб гапини бошлади Белташазар. — Илойим, бу тушингиз ва унинг таъбири душманларингиз бошига тушсин! 17 Сиз, учи осмон билан ўпишган баланд бир дарахтни кўрдингиз. Бу дарахт шу қадар улкан эдики, уни дунёнинг тўрт бурчагидан туриб кўрса бўлар эди. 18 Унинг япроқлари ниҳоятда чиройли, мўл мевалари бутун дунёни таъмин қилар эди. Тагида ёввойи ҳайвонлар яшар, осмондаги қушлар шоҳларида ин қурар эди. 19 Ўша улкан дарахт — сизсиз, эй шоҳ ҳазратлари! Сиз ер юзида ҳокимиятингизни ўрнатиб, шуҳратингизни осмону фалакларга ёйгансиз.
20 Тушингизда сиз, эй ҳазрати олийлари, осмондан тушиб келаётган кузатувчи фариштани ҳам кўрдингиз. Фаришта: «Дарахтни йиқитиб, йўқ қилинглар», деб буйруқ берди. «Аммо тўнка ва илдизларига тегманглар, уларни темир ва бронза билан занжирлаб, дашт ўтлари орасида қолдиринглар. Етти йил давомида у осмондан тушган шудрингга чўмилиб, ёввойи ҳайвонлар билан бирга яшасин.»
21 Туш таъбири шундайдир: Худойи Таолонинг амрига мувофиқ, буларнинг барчаси келажакда бошингизга тушади. 22 Сиз инсонлар жамиятидан ҳайдалиб, ёввойи ҳайвонлар орасида яшайсиз. Худойи Таоло инсон салтанатининг ягона Ҳукмдори эканини ва У тахтни хоҳлаган одамига беришини англаб етмагунингизча етти йил давомида молга ўхшаб ўт еб, осмондан тушган шудрингга чўмиласиз. 23 Аммо дарахт тўнкаси ва илдизлари қолдирилганлиги шундан далолат берадики, сиз Худони Олий Ҳукмдор деб тан олганингиздан кейин, шоҳлигингиз қайта тикланади. 24 Ўтинаман сиздан, эй шоҳ ҳазратлари, маслаҳатимни рад этманг: гуноҳларингиздан юз ўгириб, тўғриликни маҳкам тутинг, ёмон қилмишларингиздан воз кечиб, эзилганларга илтифот қилинг. Ким билсин, балки шунда давлатингиз равнақи давом этар.”
Навухадназарнинг туши ўнгидан келади
25 Буларнинг ҳаммаси менинг бошимга тушди . 26 Ўн икки ойлардан кейин, мен, Навухадназар, Бобилдаги саройимнинг томида сайр қилиб юрган эдим . 27 Шунда шаҳарга назар ташлаб: “Ўз қудратим билан қурдирган шоҳона пойтахт Бобилни бир кўриб қўйинглар–а! — дедим, — чексиз кучим ва дабдабали улуғворлигим бу шаҳарда акс эттирилган.”
28 Бу сўзлар оғзимдан чиқиб улгурмаган ҳам эдики, осмондан бир овоз келди: “Эй шоҳ Навухадназар, гапимга қулоқ сол! Сен тахтингдан туширилдинг! 29 Сен инсонлар жамиятидан ҳайдалиб, ёввойи ҳайвонлар билан яшайсан. Худойи Таоло — инсон салтанатининг ягона Ҳукмдори эканини ва У тахтни хоҳлаган одамига беришини уқмагунингча, етти йил давомида молга ўхшаб ўт еб юрасан.”
30 Менга айтилган бу кароматли сўзлар ўша заҳотиёқ амалга ошди. Мен инсонлар жамиятидан ҳайдалдим. Мол каби ўт еб, осмондан тушган шудрингга чўмилдим. Сочларим бургут қанотларидай узун, тирноқларим қушнинг чангалларидай бўлгунига қадар, ҳаётим шу зайлда давом этди.
Навухадназар Худони олқишлайди
31 Белгиланган муддат тугагач, мен кўзимни осмонга тикдим, ўша заҳотиёқ эс–ҳушим ўзимга қайтиб келди. Мен Худойи Таолога шукроналар айтдим, мангу яшовчини олқишлаб, улуғладим:

“Зеро, абадийдир Унинг ҳукмронлиги,
Авлодлар ошадир Унинг шоҳлиги.
32 Ердаги инсонлар Унинг наздида ҳеч нарсадайдир,
Инсонлару малакларга У ҳукмини ўтказгайдир.
Бирор кимса Унга бас кела олмас,
«Нима қиляпсан?» — деб сўрашга журъат этмас.”

33 Эс–ҳушим ўзимга қайтиб келганидан сўнг, шоҳлигим, обрў–эътиборим ҳамда шуҳратим тикланди. Маслаҳатчи ва бекларим мени қидириб келишди. Мен қайта тахтга ўтирдим, улуғворлигим эса олдингидан ҳам ошди.
34 Энди мен, Навухадназар, Самовий Шоҳга ҳамду санолар айтаман, Уни улуғлаб, шарафлайман. Унинг ҳамма ишлари тўғри, чиқарган ҳукмлари адолатлидир, У димоғи шишганларнинг попугини пасайтиришга қодирдир.