11–БОБ
1 Мидиялик Доро ҳукмронлигининг биринчи йилида мен Микойилга ёрдам бериб, уни муҳофаза қилиб турган эдим.”
Фаришта Дониёрга берган башорат
Миср ва Сурия шоҳликлари
2 Фаришта гапида давом этиб, Дониёрга шундай деди:
“Энди эса мен сенга ҳақиқатни айтаман. Форс шоҳлигида яна учта шоҳ ҳукмронлик қилади. Тўртинчи шоҳ бошқаларга қараганда анча бадавлат бўлади. У бойлиги орқали куч орттириб, ҳаммани Юнон шоҳлигига қарши қўзғатади.
3 Кейин тахтга жанговар бир шоҳ ўтиради, у беқиёс бир салтанатни бошқариб, хоҳлаган ишини қилади. 4 Аммо қудратининг чўққисида салтанати парчаланиб, тўрт қисмга бўлиниб кетади. Шоҳ сулоласига мансуб бўлмаган етти ёт бегоналар тахтга ўтиради, бироқ салтанатнинг илгариги куч–қудрати уларда бўлмайди.
5 Шу орада Миср шоҳи кучайиб кетади, аммо шоҳнинг зобитларидан бири зўрайиб, шоҳ салтанатидан улканроқ бир салтанатга ҳукмронлик қилади. 6 Бир неча йил ўтгач, Миср шоҳи Сурия шоҳи билан иттифоқ тузиб, унга қизини узатади. Шу орқали у Сурия шоҳи билан алоқасини мустаҳкамламоқчи бўлади, бироқ иттифоқ узоқ давом этмайди. Қиз, куёв, қизнинг отаси ва уларнинг хизматкорлари хоинликнинг қурбонлари бўлишади.
7 Кўп ўтмай Миср тахтига қизнинг қариндошларидан бири ўтиради. У Сурия шоҳининг қўшинларига ҳужум қилиб, истеҳкомларини забт этади. Қўшинларни тор–мор қилиб, ғалаба қозонади. 8 Сурия худоларининг ҳайкалларини, олтин ва кумушдан қилинган қимматбаҳо идишларни ўлжа қилиб, Мисрга олиб кетади. Сўнг бир неча йил давомида Сурия шоҳининг тинчлигини бузмайди. 9 Шундан кейин Сурия шоҳи Мисрга бостириб боради, аммо енгилиб, ўз юртига қайтиб кетади.
10 Сурия шоҳининг ўғиллари жангга отланиб, Мисрга катта бир қўшин тортиб боришади. Қўшинлар сел каби оқиб, ёвнинг қалъасига ҳужум қилишади. 11 Ғазабланган Миср шоҳи Сурия шоҳи билан жанг қилиб, катта ёв қўшинини тор–мор қилади. 12 Ғалабага эришган Миср шоҳи ўта мағрурланиб кетади, аммо омад унга бошқа кулиб боқмайди, 13 чунки бир неча йилдан кейин Сурия шоҳи яна Мисрга қўшин тортиб келади. Бу сафар Сурия қўшинлари олдингидан ҳам зиёдроқ, тиш–тирноғигача қуролланган бўлади.
14 Шунда кўп одамлар Миср шоҳига қарши бош кўтарадилар. Ваҳий амалга ошсин деб, халқинг орасидаги айрим зўравонлар ҳам қўзғалади, аммо муваффақиятга эриша олмайдилар. 15 Сурия шоҳи мустаҳкам бир шаҳарни қамал қилиб, қўлга киритади. Суриянинг сиқуви остида Миср қўшинлари чекинадилар, ҳатто Мисрнинг сараланган лашкари ҳам ёв қўшинининг шиддатли ҳужумини қайтара олмайди. 16 Сурия шоҳи хоҳлаган ишини қилади, бирор киши унга қаршилик қилишга журъат этмайди. У гўзал Исроил юртини қўлга киритиб, уни вайрон қилиш имкониятига эга бўлади.
17 Даставвал Сурия шоҳи ўз салтанатидаги бор қўшинни тўплаб, Мисрни забт этмоқчи бўлади. Кейин Мисрни ичидан емирмоқчи бўлиб, Миср шоҳи билан сулҳ тузади ва унга қиз узатади. Аммо Сурия шоҳининг бу режалари пучга чиқиб, муваффақият келтирмайди. 18 Бундан сўнг Сурия шоҳи денгиз қирғоғидаги шаҳарларга ҳужум қилиб, кўпларини қўлга киритади. Аммо ўзга юртлик бир саркарда бу сурбет шоҳнинг попугини пасайтириб, қилмишларига яраша жазосини беради. 19 Шунда Сурия шоҳи чекиниб, ўз юртидаги қалъаларига қайтиб кетади, аммо йўлда ҳалокатга учраб нобуд бўлади.
20 Унинг ўрнига Сурия тахтига бошқа бир шоҳ ўтиради. Хазинасини бойитмоқчи бўлган бу шоҳ зобитини юбориб, одамларга катта солиқлар солади. Аммо қисқа вақт ичида ҳалок бўлади. Бу нохуш воқеа на жангда, на бировнинг қасди натижасида содир бўлади.
Разил Сурия шоҳи
21 Тахтга ўтирган кейинги шоҳ эса ярамас бир одам бўлади. Шоҳ сулоласига мансуб бўлмаган бу киши кутилмаганда ҳийла орқали Сурия тахтига чиқиб олади. 22 Унга қаршилик кўрсатган барча қўшинларни орадан супуриб ташлаб, йўқ қилади. Ҳатто олий руҳонийни ҳам шу кўйга солади. 23 У бошқа халқлар билан битим тузгач, маккорона иш тутади. Унга эргашувчиларнинг сони кам бўлишига қарамай, қудрати тобора ошиб бораверади. 24 У тўсатдан бадавлат вилоятларга бостириб бориб, ота–боболари қилмаган ишларга қўл уради. Қўлга киритган ўлжаю мол–мулкни ўзига эргашганларга улашиб беради. Қалъаларни қўлга олиш режаларини тузади, аммо бундай ҳол узоқ давом этмайди.
25 У куч–қудратини йиғиб, Миср шоҳига қарши катта бир лашкар тортиб боради. Миср шоҳи эса Сурия лашкаридан бисёрроқ ва кучлироқ қўшин билан ёв ҳужумини қайтармоқчи бўлади. Бироқ ҳийлагарларнинг домига тушиб, инқирозга юз тутади. 26 Миср шоҳининг ўз ҳамтовоқлари унинг томирига болта урадилар. Тор–мор бўлган Миср қўшинлари жангда ҳалок бўладилар. 27 Ўша иккала шоҳ бир дастурхонда ўтириб овқатланишади, аммо дилидаги ғаразни хушомад билан яшириб, бир–бирига ёлғон гапиришади. Бироқ Худо белгилаб қўйган вақт–соати етиб келмагани учун, биронтаси ҳам муваффақиятга эришмайди. 28 Сурия шоҳи бир талай бойлик билан она юртига қайтиб кетади. Йўлда эса муқаддас аҳд аҳлига ва уларнинг эътиқодига қарши чиқиб, уларга кўп озор етказади.
29 Белгиланган вақтда Сурия шоҳи яна Мисрга юриш қилади, аммо бу сафар вазият бошқача тус олади. 30 Ғарб соҳилларидан келган жанг кемалари Сурия шоҳига қаршилик кўрсатишади, юраги дов бермаган Сурия шоҳи чекинади. Бироқ муқаддас аҳд аҳлига ва уларнинг эътиқодига ғазабини сочиб, аламидан чиқади, муқаддас аҳддан тойганларни эса мукофотлайди. 31 Унинг лашкари Худо халқининг қалъаси бўлмиш Маъбадга бостириб кириб, табаррук жойни ҳаром қилади. Улар кундалик қурбонликларни тўхтатиб, кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ нарсани ўрнатишади. 32 Шоҳ ширин сўзлар билан аҳддан тойганларнинг кўнглини овлаб, уларни ўз томонига оғдириб олади. Худога содиқ қолганлар эса бор кучлари билан унга қаршилик кўрсатадилар. 33 Халқ орасидаги доно йўлбошчилар одамларга оқилона панд–насиҳатлар беришади. Аммо кўп ўтмай уларнинг айримлари қиличдан ўтказилади, айримлари тириклайин оловда куйдирилади, айримлари зиндонга ташланади, уларнинг мол–мулки тортиб олинади. 34 Қувғин пайтида уларга озгина ёрдам тегади. Бироқ сафларига баъзи бир риёкор одамлар кириб олишади. 35 Қувғин пайтида айрим доно кишилар азоб чекадилар. Бироқ бу азоблар орқали Худо уларни охирзамон вақтига тайёрлаб, тозалаб поклайди, чунки белгиланган вақт ҳали ҳам келмаган бўлади.
36 Сурия шоҳи хоҳлаганини қилади. Ўзини юксалтириб, худолардан устун қўяди. Энг буюк Худога қарши гапириб, куфр кетади. Худо белгилаб қўйган ғазаб даври тугагунига қадар муваффақият қозонади. Бироқ Худо Ўз режасини албатта амалга оширади. 37 Сурия шоҳи ота–боболари сиғинган худоларни ҳамда аёллар яхши кўрадиган худони писанд қилмайди. Ўзини юксалтириб, биронта худони назарига илмайди. 38 Буларнинг ўрнига у қалъаларни ҳимоя қилувчи худони улуғлайди. Ота–боболари топинмаган бу худога у олтин, кумуш, жавоҳир ва қимматбаҳо совғаларни назр қилади. 39 Ўзга юрт худосининг ҳомийлиги билан қалъаларини ҳимоя қилади. Уни ҳақиқий ҳукмдор деб билганларга иззат–эҳтиром билдириб, юқори мансабларга кўтаради. Бундай одамларга ерларни мукофот сифатида бўлиб беради.
40 Охирзамон вақтида Миср шоҳи Сурия шоҳига ҳужум қилади. Аммо Сурия шоҳи жанг аравалари, чавандозлари ва талай кемалари билан унга қаршилик кўрсатиб, тошқин сувлар каби кўп шоҳликларни босиб олади. 41 У гўзал Исроил ўлкасини ҳам забт этиб, минглаб халқларнинг бошига етади. Аммо Эдом ҳамда Мўаб халқлари ва Оммон халқининг асосий қисми Сурия шоҳининг чангалидан қочиб қутулади. 42 Кўплаб шоҳликлар, шулар қатори, Миср ҳам Сурия истилоси остида қолади. 43 Сурия шоҳи Мисрнинг олтину кумуш хазиналарига ва барча бойликларига эгалик қилади. Ливияликлар билан Ҳабашистонликлар ҳам унга қарам бўладилар. 44 Бироқ шарқ ва шимолдан келган нохуш хабарлар Сурия шоҳини ваҳимага солади. Бу хабарлардан дарғазаб бўлган шоҳ йўлга отланиб, кўп одамларни қириб ташлайди. 45 Сўнг денгиз ва гўзал муқаддас тоғ орасидаги ерларга бориб, у ерда шоҳона чодирларини тикади. Аммо ўша жойда жон беради, унга ёрдам берадиган ҳеч ким бўлмайди.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020