9–БОБ
Ҳукм ҳақидаги ваҳий
1 Мен қурбонгоҳнинг олдида турган Раббийни кўрдим, У шундай деди:
“Саждагоҳ устунқошларига шундай зарба берингларки,
Пойдеворлари ларзага келсин.
Устунқошлар одамлар устига ўпирилиб тушсин.
Омон қолганларни Мен қиличдан ўтказаман,
Улардан биронтаси ҳам қочиб кетолмайди.
Ҳеч қайсиси қутулиб қолмайди.
2 Улар ер қазиб, ўликлар диёрига киришса ҳам,
Мен қўлимни узатиб, уларни чиқариб оламан.
Осмонга чиқиб олишса ҳам,
У ердан тортиб тушираман.
3 Кармил чўққисида яшириниб олишса ҳам,
Уларни овлаб, қўлга тушираман.
Мендан қочиб, денгиз тубига бекиниб олишса ҳам,
Денгиз илонига амр бериб чақтираман.
4 Душманлар уларни асирликка олиб кетишса ҳам,
Қиличга амр бериб, ҳаммасини қириб ташлайман.
Уларга яхшилик эмас, ёмонлик келтиришга қарор қилдим.”
5 Сарвари Олам — Раббий
Ерга қўл теккизса, ер ўпирилиб кетади,
Бутун ер юзи Нил сувларидай
Баланд кўтарилиб, пастга тушади .
Ерда яшовчи ҳар бир мавжудот аза тутади.
6 Эгамиз осмонда Ўзига маскан қурди,
Ер узра осмон гумбазини ўрнатди.
Денгиз сувларини йиғиб,
Ер юзига сочиб юборадиган Ўшадир.
Эгамиздир Унинг номи.
7 Эгамиз шундай демоқда:
“Эй Исроил халқи,
Сизнинг Ҳабашистонликлардан ортиқ жойингиз бормиди?!
Мен Исроилни Мисрдан қандай олиб чиққан бўлсам,
Филист халқини ҳам худди шундай Хафтўрдан олиб чиққанман,
Орам халқини ҳам Хирдан олиб чиққанман.
8 Мен, Эгангиз Раббий,
Гуноҳкор Исроил шоҳлигини кузатиб турибман.
Уни ер юзидан супуриб ташлайман,
Ёқуб наслини эса батамом йўқ қилмайман,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
9 Мен амр бераман,
Шунда барча халқлар орасида,
Буғдой элагандай Исроилни ғалвирдан ўтказаман.
Яхши доннинг биронтаси ерга тушмайди.
10 Халқим орасидаги ҳамма гуноҳкорлар эса қиличдан ҳалок бўлади,
Ахир, бундай одамлар шундай айтишади:
«Кўрмаймиз биз ёмонлик,
Бошимизга тушмас бирор кўргилик.»”
Исроил шоҳлиги келажакда қайта тикланади
11-12 Эгамиз шундай демоқда:
“Ўша куни Мен Довуд шоҳлигини қайта тиклайман.
Ҳозир у қийшайиб кетган кулбадай бўлса–да,
Деворларидаги ёриқ жойларини тузатаман,
Бузилган жойларини кўтараман.
Уни қайта қуриб, илгариги ҳолатга қайтараман.
Шунда Исроил халқи эгалик қилади
Эдомликларнинг омон қолганларига,
Қўлим остидаги ҳамма халқларга.”
Эгамиз айтганларини бажо қилади.
13 Эгамиз шундай демоқда:
“Шундай вақтлар келадики,
Деҳқон ҳосилни йиғиб улгурмасдан,
Ерни шудгор қилиш вақти келади.
Шаробни тайёрлаб улгурмасдан,
Узумнинг янги ҳосили пишади.
Тоғлардан ширин шароб томади,
Ҳамма қирлардан пастга оқиб тушади.
14 Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман .
Улар вайрон бўлган шаҳарларни қайта қуриб,
У ерда ўрнашиб оладилар.
Узумзорлар барпо қилиб, шаробини ичадилар.
Боғлар яратиб, меваларини ейдилар.
15 Мен уларни ўз юртида кўкартираман.
Мен берган юртдан
Уларни ҳеч ким суғуриб ташламайди.”
Эгангиз Худонинг каломи шудир.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020