6–БОБ
1 Эй Қуддусда роҳат–фароғатда яшаганлар, ҳолингизга вой!
Эй Самария тоғида бехатар бўлганлар, ҳолингизга вой!
Сизлар ўзларингизни энг сара халқнинг обрўли одамлари деб биласизлар,
Бизга бош бўлинглар, деб Исроил халқи сизнинг олдингизга келади.
2 Калней шаҳрига бориб, унинг аҳволини кўринглар.
У ердан буюк Хомат шаҳрига ўтиб, ҳолини билинглар.
Филист халқининг Гат шаҳрига ҳам бориб кўринглар.
Сизларнинг бу шоҳликлардан афзалроқ жойингиз бормиди?!
Ёки ерингиз уларникидан каттароқмиди?!
3 Кулфат куни келишига сизлар ишонмаяпсизлар,
Зўравонлик ҳукмрон бўлишига сабабчи бўляпсизлар!
4 Сизлар фил суягидан ясалган супаларда чўзилиб ётасизлар,
Курсиларда ёнбошлаб ўтирасизлар,
Қўзичоқларнинг гўштидан лаззатланасизлар,
Семиртирилган бузоқларнинг гўштидан таом ейсизлар,
5 Ўзларингизча Довуд каби куйлар басталайсиз,
Арфанинг янграган наволарига ашулалар айтасиз.
6 Қадаҳлаб шароб ичасиз,
Хушбўй мойнинг энг аълосини баданингизга суртасиз.
Халқингиз — Юсуф наслининг кулфати учун эса қайғурмайсиз!
7 Шундай экан, сизлар биринчи бўлиб сургун қилинасиз,
Ёнбошлаб ўтказган зиёфатларингиз тугайди.
8 Эгамиз Раббий Ўз номини ўртага қўйиб онт ичди,
Ҳа, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда:
“Мен Ёқуб наслининг такаббурлигидан нафратланаман,
Уларнинг қалъаларидан ҳазар қиламан.
Самария шаҳрини ва у ердаги ҳамма нарсани
Мен душманнинг қўлига бераман.”
9 Агар бир уйда ўнта одам қолган бўлса, уларнинг ҳаммаси ўлади. 10 Уларнинг яқин қариндоши ва гўрков марҳумларни дафн қилмоқчи бўлиб келишади. Яқин қариндоши жасадларни олиб чиққанда гўрковдан: “Яна жасадлар борми?” деб сўрайди. Гўрков: “Йўқ”, деб жавоб беради. Кейин эса: “Жим! Эгамизнинг номини тилга олмайлик!” деб айтади.
11 Ана, Эгамиз амр бермоқда:
Кошоналар бузиб ташланади,
Кулбалар яксон бўлади.
12 Отлар қоялар устида чопа олмайди–ку!
Денгизни ҳўкизлар билан шудгор қилиб бўлмайди–ку!
Қойил–э, сизлар эса адолатни заҳарга айлантирдингиз,
Солиҳликнинг ширин мевасини аччиқ қилдингиз.
13 Сизлар: “Лўдавор шаҳрини
Қўлга киритдик”, деб мақтаниб юрибсизлар.
“Карнайим шаҳрини
Ўз кучимиз билан енгдик”, деб айтяпсизлар.
14 Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда:
“Эй Исроил халқи, қаранглар!
Мен сизларга қарши бир халқни қўзғатдим.
Улар Лево–Хоматдан то Арабадаги сойликкача сизларни эзадилар.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020