2–БОБ
Масиҳ туфайли азобларга дош бериш ҳақида
1 Тимўтий ўғлим, бардам бўл. Бунинг учун Исо Масиҳ орқали кўрсатилган Худонинг иноятига таянгин. 2 Сен кўп шоҳидлар ҳузурида Хушхабар ҳақида таълим берганимни эшитгансан. Энди бу таълимотни бошқаларга ҳам ўргатишга қобилияти бор, ишончли одамларга топширгин. 3 Исо Масиҳнинг яхши бир аскари каби, мен билан бирга азоб чекишга тайёр тургин. 4 Ҳарбий хизматдаги аскар тирикчилик ишлари билан банд бўлмайди, чунки қўмондонини мамнун қилишни истайди. 5 Шунингдек, мусобақада қатнашган киши қоидага риоя қилмаса, ғалаба тожини киймайди. 6 Меҳнат қилган деҳқон олган ҳосилидан биринчи бўлиб баҳраманд бўлиши лозим. 7 Айтганларим ҳақида мулоҳаза қил, буларни тушуниб олишингга Раббимиз Исо сенга ёрдам беради.
8 Довуд наслидан бўлган Исо Масиҳ ўликдан тирилганини доимо ёдингда тут! Мен тарғиб қилаётган Хушхабар шудир! 9 Ана шу Хушхабар учун мен азобларга дучор бўляпман, ҳатто жиноятчидай занжирбанд қилиндим . Аммо Худонинг каломини занжирлаб бўлмайди! 10 Шундай экан, Худонинг танлаган одамлари Исо Масиҳ берган нажотдан баҳраманд бўлсинлар, абадий улуғворликка эришсинлар деб, мен ҳамма нарсага чидаб келяпман. 11 Қуйидаги гап тўғри ва асослидир:

“Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак,
У билан бирга ҳам яшаймиз.
12 Агар қийинчиликларга чидасак,
У билан бирга ҳукмронлик қиламиз.
Борди–ю, Уни рад этсак,
У ҳам бизни рад этади.
13 Содиқ бўлмасак ҳам,
Масиҳ содиқ бўлиб қолаверади,
Ахир, У Ўз табиатига қарши чиқа олмайди.”
Ҳақиқатга содиқ қолиш ҳақида
14 Бу гапларни имонлиларга эслатиб тур, уларга Худонинг номидан қатъий буюр: майда–чуйда гаплар юзасидан баҳслашмасинлар. Бундай баҳслар бефойда, тингловчиларга фақат зарар етказади, холос. 15 Худонинг олдида ёруғ юз билан тура олишинг учун астойдил меҳнат қил. Ўз ишидан уялмайдиган, ҳақиқат каломини тўғри ўргатадиган хизматчи бўлгин. 16 Худодан узоқлаштирадиган қуруқ гаплардан қоч. Бундай гапларга берилган одамлар тобора бетавфиқ бўлиб боради. 17 Уларнинг бу таълимоти ўлат каби ёйилади. Мана, Хуманаёс билан Филитус ҳам шундай одамлар жумласидан. 18 Улар тўғри йўлдан озганлар. Биз аллақачон ўликдан тирилдик , деб баъзиларни имонидан қайтаряптилар. 19 Аммо Худо асос солган пойдевор мустаҳкам турибди. Бу пойдевор устига шундай сўзлар битилган: “Эгамиз Ўзиникиларни билади” ва “Эгамизнинг номини тилга олган ҳар бир одам ёмонликдан узоқлашсин.”
20 Катта бир уйда нафақат олтин ва кумуш идишлар, балки ёғоч ва сопол идишлар ҳам бор. Олтин ва кумуш идишлар хўжайинга шараф келтиради, қадрсиз идишлар эса унинг обрўйини тўкади. 21 Ким ўзини мен айтган ёмонликлардан покласа, Эгаси учун шараф келтирадиган идишдай бўлади. Бундай одам Эгасига хизмат қилишга бағишланган, ҳар бир яхши иш қилишга тайёр бўлади.
22 Ўғлим, ёшлик эҳтиросларидан қоч. Чин юракдан Раббимиз Исога илтижо қилган одамлар билан бирга солиҳлик, имон, меҳр–муҳаббат ва тинчлик пайида бўлгин. 23 Аҳмоқона, бемаъни баҳслардан узоқлаш. Ўзинг биласан–ку, булар фақат жанжал келтириб чиқаради. 24 Раббимиз Исонинг қули эса жанжалкаш бўлмаслиги керак. Аксинча, у ҳаммага меҳрибон, таълим беришга қобилиятли, сабр–тоқатли бўлиши лозим. 25 У ўз рақибларини мулойимлик билан йўлга солсин. Ким билсин, балки Худо уларни тавбага олиб келар?! Шунда улар ҳақиқатни билиб, 26 ўзларига келарлар, иблиснинг тузоғидан қутулиб қоларлар. Ахир, иблис уларни асир қилиб, ўзига тобе қилиб олган.