14–БОБ
Абсалом Қуддусга қайтиб келади
1 Шоҳ Довуд Абсаломни соғинаётганини Йўаб билди. 2 У биттасини Тахува шаҳрига юбориб, у ерда яшайдиган бир донишманд аёлни чақиртириб келди. Йўаб ўша аёлга:
— Сендан бир илтимосим бор, — деди. — Мотамсаро қиёфага кириб, аза кийимларингни киясан. Пардоз қилма, ўзингни худди марҳумга анчадан бери аза тутаётган аёлдай кўрсат. 3 Мен сенга нима айтсам, шоҳ ҳузурига бориб, унга етказасан.
Кейин Йўаб аёлга нималар айтиши лозимлигини ўргатди. 4 Тахувалик аёл шоҳ ҳузурига йўл олди. Унинг ҳузурига бориб, мук тушиб таъзим қилди–да:
— Эй шоҳим, ёрдам беринг! — деди.
5 — Нима бўлди? — деб сўради шоҳ.
— Мен бир бахтсиз тул аёлман, — деди у. — Эрим ўлган. 6 Бу чўрингизнинг икки ўғли бор эди. Иккови далада жанжаллашиб қолишибди. Ўша ерда уларни ажратиб қўядиган бирор кимса йўқ экан, биттаси иккинчисини уриб ўлдириб қўйибди. 7 Энди эса бутун қавмим бу чўрингизга қарши чиқиб: “Биродарини ўлдирганни бизнинг қўлимизга бер, биродарини ўлдиргани учун ундан қасос оламиз, қотилни ўлдирамиз, меросхўрини йўқ қиламиз”, дейишяпти, охирги умид нишонамдан ҳам айиришмоқчи. Агар яна фожиа юз берадиган бўлса, ер юзида эримнинг номини давом эттирадиган бирор кимса қолмайди–ку.
8 — Уйингга боравер, — деди шоҳ, — мен сенинг фойдангга амр бераман.
9 — Шоҳ ҳазратлари, бу воқеага мен ва отамнинг хонадони айбдор бўлсин, — деди Тахувалик аёл, — шоҳим ва унинг тахти бегуноҳ бўлсин.
10 — Ким сенга бирор нарса деса, уни менинг олдимга бошлаб кел. Шундай қилайинки, ўша одам сени бошқа хафа қилмайдиган бўлсин, — деди шоҳ.
11 — Бўлмаса, шоҳим ўзларининг Эгаси Худо номи билан онт ичсинлар, токи қасоскорлар яна зиён–заҳмат етказмасин, — деди аёл. — Акс ҳолда, ўғлимни ўлдириб қўйишади.
— Худо шоҳид! Ўғлингнинг бир тола сочига ҳам зарар етмайди, — деди шоҳ.
12 — Энди ижозат берсангиз, бу чўрингиз шоҳ ҳазратларига яна бир оғиз гап айтмоқчи эди, — деди аёл.
— Айт, — деди шоҳ. 13 Аёл гапини давом эттирди:
— Бўлмаса, нима учун шоҳ Худонинг халқига қарши бундай ноҳақликни раво кўраётирлар? Шоҳим ҳалиги гапи билан ўзларини гуноҳкор қилгандай бўлдилар. Чунки, шоҳим, ўзингиз қувғин қилган одамни қайтармаяпсиз. 14 Тупроққа тўкилган сувни қайта йиғиб бўлмаганидай, ҳаммамиз ҳам оламдан ўтиб кетамиз. Лекин Худо жонимизни олишни истамайди. Худо “Бадарға қилинган одам Ўзимдан узоқ кетмасин”, деб йўлларини қидиради. 15 Одамлар мени қўрқитгани учун шоҳ ҳазратларига шуларни айтиб беришга келдим. Ўзимга ўзим айтдим: “Шоҳга маслаҳат солай–чи, балки бу чўрисининг тилагини бажо айлар. 16 Ўғлим билан мени ўлдириб, бизни Худо берган меросдан маҳрум қиладиганнинг қўлидан қутқаришни фақат шоҳ ўз зиммасига олиши мумкин. 17 Шоҳ ҳазратлари ўз сўзи билан мени тинчлантирадилар. Чунки шоҳим, Худонинг фариштаси каби яхши–ёмон гапни тинглаб, ажрим қиладилар.” Эгангиз Худо сизга ёр бўлсин!
18 — Сендан бир нарсани сўрайман, лекин мендан ҳеч нарсани яшира кўрма! — деди шоҳ.
— Сўрасинлар, шоҳ ҳазратлари, — деди аёл.
19 — Бу айтганларингнинг ҳаммасида Йўабнинг қўли борми? — деб сўради шоҳ. Аёл унга шундай жавоб берди:
— Тўғриси, шоҳ ҳазратлари, сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмас экан! Ҳа, бу чўрингизга шу гапларни ўргатган ва буйруқ берган — қулингиз Йўаб бўлади. 20 Ҳа, қулингиз Йўаб вазиятни яхшилаш учун ўйлаб топди буни. Шоҳ ҳазратлари Худонинг фариштаси каби донодир, эл–юртда бўлиб ўтган воқеалар унинг назаридан четда қолмайди.
21 Шундан кейин шоҳ Йўабга:
— Сен истаганингдай бўла қолсин, бор, анави йигитни — Абсаломни қайтариб кел, — деди.
22 Йўаб мук тушиб таъзим қилди ва:
— Эй шоҳ ҳазратлари, бугун мен, қулингизнинг истагини бажо айлаб, менга илтифот кўрсатаётганингизни билиб турибман, — деб шоҳни мақтади.
23 Шундан кейин Йўаб Гашурга бориб, Абсаломни Қуддусга олиб келди. 24 Лекин шоҳ: “Абсалом уйига борсин, менинг ҳузуримга келмасин”, деб амр берди. Шунинг учун Абсалом шоҳни кўра олмай, уйига кетди.
25 Бутун Исроилда Абсалом каби чиройли, келишган одам йўқ эди. У бошдан–тирноғигача бенуқсон эди. 26 Сочини кўтариб юриш оғирлик қилгани учун ҳар йил олдирарди. Олдирган сочини тортиб кўрганда, сочининг оғирлиги шоҳликдаги ўлчов бўйича беш юз мисқол чиқарди. 27 Абсаломнинг уч ўғли ва Тамара деган гўзал бир қизи бор эди.
28 Абсалом Қуддусда икки йил турди. Лекин шу вақт давомида шоҳни кўра олмади. 29 Ниҳоят, Йўабни шоҳ ҳузурига жўнатмоқчи бўлиб, бу ҳақда унга хабар берди. Аммо Йўаб Абсаломникига келишни истамади. Абсалом иккинчи марта хабар юборди. Йўаб яна келмади. 30 Шунда Абсалом хизматкорларига:
— Кўряпсизларми, Йўабнинг арпа даласи меникига ёндош. Боринглар, унинг арпасига ўт қўйинглар, — деди.
Хизматкорлар бориб, Йўабнинг арпасига ўт қўйишди. 31 Шунда Йўаб Абсаломнинг уйига борди.
— Нимага хизматкорларинг даламга ўт қўйди? — деди. 32 Абсалом унга шундай жавоб берди:
— Сенга, меникига кел, сени шоҳ ҳузурига жўнатаман, деб хабар берган эдим. Сен орқали шоҳга: “Гашурдан нега келдим? Қайтанга ўша ерда қолганимда, менга яхшироқ бўларди” деган гапларни етказмоқчи эдим. Энди шоҳ ҳузурига борай. Агар менинг айбим бўлса, ўлдирсин.
33 Шундан сўнг Йўаб шоҳ ҳузурига бориб, Абсаломнинг айтганларини унга етказди. Шоҳ Абсаломни чақиртирди. Абсалом шоҳ ҳузурига кела солиб, мук тушиб таъзим қилди. Шоҳ Абсаломни ўпди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020