9–БОБ
Сахий бўлишга даъват
1 Сизларга Худонинг Қуддусдаги азизлари учун бериладиган ёрдам ҳақида ёзишимга ҳеч ҳожат йўқ. 2 Ахир, биламан–ку, сизлар ёрдам беришга тайёрсизлар, шунинг учун ҳам “Ахая ҳудудидаги имонлилар ўтган йилдан бери тайёр”, деб Македониядаги имонлиларга сизларни мақтаб юрибман. Сизларнинг сахийлик билан бераётган хайр–эҳсонларингиз уларни ҳам сахийликка ундади. 3 Энди ўша мақтанганларим бекор эмаслигини кўрсатиш учун ҳамда мен айтганимдай тайёр бўлиб туришингиз учун биродарларни сизларнинг олдингизга юборяпман . 4 Яна Македонияликлардан баъзилари мен билан бирга борса–ю, сизлар тайёр бўлмасангиз, сизларга қаттиқ ишонган биз уятга қоламиз, сизлар эса биздан баттар уялиб қоласиз. 5 Шу сабабдан ваъда қилган ҳадянгизни олдиндан тайёрлаб қўйинглар деб, ўзим бормасимдан аввал сизларнинг олдингизга биродарларни юборишни лозим кўрдим. Шунда сизларнинг ҳадянгиз норозилик билан эмас, сидқидилдан берилган ҳадя бўлади.
6 Шуни унутмангки, оз эккан оз ўриб олади, мўл эккан эса мўл ўриб олади. 7 Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Ахир, Худо мамнуният билан берадиган инсонни яхши кўради. 8 Худо сизларнинг ҳаётингизни ҳар жиҳатдан иноятга тўлдириб–тоштиришга қодирдир. Шунда ҳар доим, ҳар жиҳатдан, ҳамма эҳтиёжингиз қондирилади ва сизлар янада кўпроқ ҳар хил хайрли ишлар қиласизлар. 9 Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган:
“Бойлигини муҳтожларга сахийлик ила тақсимлайди,
Унинг солиҳлиги то абад давом этади.”
10 Деҳқонга экиш учун уруғ, ҳаммага ейиш учун нон берадиган Худо сизларнинг экадиган уруғингизни мўл қилади, солиҳлигингиздан келадиган ҳосилни ҳам кўпайтиради. 11 Ҳар доим сахий бўлишингиз учун Худо сизни ҳар жиҳатдан бой қилади. Шундай қилиб, биз сизларнинг ҳадяларингизни муҳтожларга етказганимизда, улар Худога кўп шукроналар айтади.
12 Мана шу ҳадянгиз билан кўрсатган ёрдамингиз нафақат Худонинг Қуддусдаги азизларининг эҳтиёжларини қондиради, балки кўпчиликнинг Худога кўпдан–кўп шукрона айтишига сабаб бўлади. 13 Уларга ҳамда бошқаларга кўрсатган сахийлигингиз ва Масиҳнинг Хушхабарига ишониб, итоаткорона яшаётганингиз туфайли кўпчилик Худони улуғлайди. Ахир, ҳадянгиз буларнинг далолати–ку! 14 Худонинг сизларга кўрсатган чексиз инояти сабабли улар меҳр–муҳаббат билан сизлар учун ибодат қиладилар. 15 Таърифига тил ожиз бўлган ажойиб ҳадяси учун Худога шукур!
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020