5–БОБ
Имонлилар жамоатидаги муносабатларга оид кўрсатмалар
Ёшу қариялар
1 Ёши катта одамга қаттиқ гапирма, уни отанг ўрнида кўриб, ҳурмат билан насиҳат қил. Ёшларга укаларингдек, 2 кампирларга оналарингдек муносабатда бўл. Ёш аёлларни сингилларинг ўрнида кўриб, уларга покдиллик билан насиҳат қил.
Бевалар
3 Суянчиғи йўқ бева хотинларга ғамхўрлик қил. 4 Агар беванинг болалари ёки набиралари бор бўлса, улар, энг аввало, ўз оиласи олдидаги, Худо буюрган фарзни адо этиб, фарзандлик бурчини бажарсинлар, чунки бу Худога мақбулдир. 5 Ёлғиз қолган, суянчиғи йўқ бева хотин бутун умидини Худога боғлаб, кечаю кундуз тоат–ибодат қилади. 6 Аммо кайф–сафога берилиб кетган бева хотин руҳан ўликдир. 7 Беваларга ва уларнинг оила аъзоларига буларни ўргат, токи улар маломатга қолмасинлар. 8 Зеро, ўз қариндошларига, хусусан, оила аъзоларига ғамхўрлик қилмаган киши имонни инкор этган бўлади. У имонсиздан ҳам баттардир.
9 Туллар рўйхатига фақатгина олтмиш ёшдан ошган, марҳум эрига вафодор бўлган бева аёлларни кирит. 10 Бу аёллар қилган эзгу ишлари билан танилган, яъни болаларига яхши тарбия берган, мусофирларга меҳмондўст бўлган, Худо азизларининг оёқларини ювган , қийналганларга ёрдам берган, ўзларини турли хил хайрли ишларга бағишлаган бўлишлари лозим.
11-12 Бева қолган ёшроқ хотинларни рўйхатга киритма. Чунки уларнинг эҳтироси жунбишга келганда, эрга тегишни истаб қоладилар. Шунда улар эрга тегмаслик ҳақидаги Масиҳга берган ваъдасини бузиб, одамлар орасида ёмон отли бўлиб қоладилар. 13 Бундан ташқари, улар бошқа бир хатарга йўлиқадилар: ялқовликка берилиб, уйма–уй юришга ўрганиб қоладилар. Шуниси етмагандай, ғийбат қилишга, бошқаларнинг ишига бурун суқиб, лозим бўлмаган нарсаларни гапиришга одатланадилар. 14 Шу сабабларга кўра, мен ёш беваларнинг эрга тегишини истардим. Улар бола туғиб, рўзғор ишлари билан машғул бўлсинлар, ғанимларимизнинг ёмон гапиришларига имкон яратиб бермасинлар. 15 Чунки шундоқ ҳам баъзи беваларимиз тўғри йўлдан озиб, шайтон йўлига кириб кетдилар.
16 Агар бирорта имонли аёлнинг бева қолган қариндошлари бўлса, уларга ўзи ёрдам берсин, бу вазифани имонлилар жамоатига юкламасин. Шунда суянчиғи йўқ бева хотинларга жамоат яхшироқ ёрдам бера олади.
Жамоат оқсоқоллари
17 Имонлилар жамоатини яхши бошқараётган, хусусан, астойдил ваъз айтиб, таълим бераётган оқсоқоллар ҳурматга сазовордирлар, улар қилган меҳнатларига яраша тақдирлансинлар. 18 Зеро, Муқаддас битикларда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг” ва “Меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир” , — дейилган. 19 Икки ёки уч гувоҳ бўлмаса, ҳеч бир оқсоқолга қўйилган айбни қабул қилма. 20 Гуноҳ қилиб юрган оқсоқолларни эса ҳамманинг олдида фош қилиб, тавбага чақир, токи бошқаларнинг ҳам дилига қўрқув кирсин. 21 Худо, Исо Масиҳ ва танланган фаришталар ҳузурида сенга қатъий буюраман: ҳеч бир ишда юз–хотирчилик ва тарафкашлик қилмай, бу кўрсатмаларимга риоя қил.
22 Бирор одамни жамоат оқсоқоли вазифасига тайинлашга шошилма, тағин бировнинг гуноҳларига шерик бўлиб қолма. Ўзингни пок сақла. 23 Лекин сув ичиш билан чекланиб қолмай, озгинадан шароб ҳам ичиб тур . Бу ошқозонингга яхши таъсир қилиб, тез–тез юз бераётган касалликларингнинг олдини олади. 24 Баъзи одамларнинг гуноҳлари ҳозирдан очиқ–ошкор бўлиб, ҳатто қиёмат кунидан олдин фош бўлмоқда. Бошқаларнинг гуноҳлари эса охиратда маълум бўлади. 25 Шунингдек, қилинган хайрли ишлар ҳам ошкордир. Баъзилари ошкор бўлмаса–да, барибир пинҳон қолмайди.