11–БОБ
Шоул Оммон халқини енгади
1 Оммон шоҳи Нахош Гиладдаги Ёбош шаҳрига келиб, у ерни қамал қилди. Ҳамма Ёбошликлар Нахошга:
— Биз сен билан сулҳ тузиб, сенга итоат этамиз, — дейишди. 2 Оммон шоҳи Нахош:
— Фақат бир шарт билан сулҳ тузаман, — деди. — Ҳар бирингизнинг ўнг кўзингизни ўйиб оламан–да, бутун Исроил халқини бадном қиламан.
3 Ёбош шаҳрининг оқсоқоллари Нахошга шундай дейишди:
— Бизга етти кун муҳлат бер, Исроилнинг ҳамма ҳудудига хабарчилар жўнатайлик. Агар бизга нажот берадиган кимса чиқмаса, сенга таслим бўламиз.
4 Хабарчилар Шоул яшайдиган Гиво шаҳрига келиб, бўлаётган воқеаларни халққа билдиришди. Ҳаммаси йиғи–сиғи қилиб, дод–фарёд солди. 5 Худди шу пайт Шоул ҳўкизларини олдига солиб даладан қайтаётган эди. Шоул:
— Одамларга нима бўлди? Нега бунчалик йиғлайди? — деб сўради.
Ёбошликларнинг жўнатган хабарини унга айтиб беришди. 6 Шоул бу гапларни эшитган заҳоти, Худонинг Руҳи уни қамраб олди. Шоул қаттиқ ғазабланди. 7 Бир жуфт ҳўкизни сўйиб, нимталади. Хабарчилар орқали Исроилнинг ҳамма томонига ўша нимталанган бўлакларни жўнатиб, шундай деди: “Кимки Шоул билан Шомуилнинг орқасидан эргашмаса, ўша одамнинг ҳўкизлари ҳам худди шу аҳволга тушади.”
Одамлар Эгамиздан қўрққанидан зир титраб, бир ёқадан бош чиқариб йўлга тушди. 8 Шоул уларни Базах шаҳрида йиғди. Исроил уруғларидан 300.000, Яҳудо уруғидан эса 30.000 киши бор эди. 9 У ерга келган Ёбошлик хабарчиларга шундай дейишди:
— Гиладдаги Ёбош аҳолисига, эртага пешингача нажот топасизлар, деб айтинглар.
Хабарчилар бориб, бу гапни етказишди. Ёбошликлар қувониб кетишди. 10 Нахошга эса:
— Эртага сизга таслим бўламиз, бизга нимани лозим кўрсангиз, шуни қилаверинг, — дейишди.
11 Эртаси куни Шоул одамларни уч қисмга бўлди. Улар тонг пайти Оммон лашкарининг қароргоҳига бостириб киришди. Куннинг жазирама иссиғи бошлангунча, уларни мағлуб қилиб бўлишди. Омон қолганлари шундай тирқираб қочдики, ҳатто бирон жойда икки киши тўпланганини учратиб бўлмасди.
12 Исроил лашкари Шомуилнинг олдига бориб:
— “Бизга шоҳлик қилиш Шоулга тушиб қолибдими?” деганлар кимлар эди? Олиб келинг уларни, ўлдирамиз! — деб қаттиқ талаб қилишди. 13 Шоул эса:
— Бугун бирон кимса ўлдирилмайди, чунки Эгамиз бугун Исроилга нажот берди, — деди.
14 — Майли, Гилгалга борамиз, ўша ерда шоҳликни янгидан тиклаймиз, — деди Шомуил халққа.
15 Шундай қилиб, бутун халқ Гилгалга борди ва Эгамиз ҳузурида Шоулнинг шоҳлигини тасдиқлади. Ўша ерда — Эгамизнинг ҳузурида тинчлик қурбонликлари келтиришди. Шоул ва бутун Исроил халқи роса хурсандчилик қилишди.