4–БОБ
Сулаймоннинг аъёнлари
1 Сулаймон бутун Исроилнинг шоҳи эди. 2 Унинг қўли остидаги аъёнлар қуйидагилар эди:
Зодўх ўғли Озариё — руҳоний,
3 Шишонинг ўғиллари Элихорут ва Охиё — котиб,
Охилуд ўғли Ёҳушафат — тарихнавис,
4 Ёҳайидо ўғли Бинаё — лашкарбоши,
Зодўх билан Абуатар — руҳоний,
5 Натан ўғли Озариё — ҳокимларнинг назоратчиси,
Натан ўғли Забуд — руҳоний ва шоҳнинг маслаҳатчиси,
6 Охисар — сарой бошқарувчиси,
Абдах ўғли Одонирам — қаролларнинг бошлиғи эди.
7 Сулаймоннинг ўн иккита ҳокими бўлиб, улар Исроил ҳудудларини бошқарар, шоҳни ва шоҳ хонадонини озиқ–овқат билан таъминлардилар. Ҳар биттаси йилига бир ой давомида шоҳ хонадонига озиқ–овқат етказиб бериши шарт эди. 8 Уларнинг исмлари қуйидагича эди:
Эфрайим қирларида — Банхур,
9 Мохаз, Шалбим, Байт–Шамаш, Элўн–Байт–Ханон деган шаҳарларда — Бандахор,
10 Арбўт ва Сўху шаҳарларида, бутун Хафер ўлкасида — Банхесед,
11 Бутун Нафўт–Дўр деган жойда — Банабунадав (Сулаймоннинг қизи Тўфат Банабунадавнинг хотини эди),
12 Танах ва Магидў шаҳарларида, бутун Байт–Шан ҳудудида — Охилуд ўғли Бано (бу жой Йизрил этагидаги Зоратон шаҳридан Овил–Махла шаҳригача ва Ёхмаём шаҳрининг нариги томонига қадар бўлган ерлардир),
13 Гиладдаги Рамўт шаҳрида — Бангебер, шунингдек, Манаше ўғли Ёвир уруғига қарашли Гилад ўлкасидаги қишлоқлар, Башан ўлкасидаги Аргоб ҳудуди, девор билан ўралган ва дарвозаси бронза тамба билан мустаҳкамланган олтмишта катта шаҳар ҳам унга қарашли эди.
14 Моханайим ерларида — Иддо ўғли Охинадав,
15 Нафтали ҳудудида — Охимас (у Сулаймоннинг қизи Босиматга уйланган эди),
16 Ошер ҳудудида ва Болўт шаҳрида — Хушай ўғли Бано,
17 Иссахор ерларида — Парувах ўғли Ёҳушафат,
18 Бенямин ерларида — Эла ўғли Шимах,
19 Гилад ўлкасида — Ури ўғли Гебер. Илгари Гилад ўлкасида Амор шоҳи Сихўн ва Башан шоҳи Ўг ҳукмронлик қилишган.
Яҳудо юртининг ўз ҳукмдори бор эди .
Сулаймон ҳукмронлигининг равнақ топиши
20 Яҳудо ва Исроил халқи шу қадар кўп эдики, гўё денгиз қирғоғидаги қумни эслатарди. Улар еб–ичиб, хурсандчилик билан яшарди. 21 Сулаймон Фурот дарёсидан Филистлар ерига ва Миср чегараларига қадар бўлган ҳамма ўлкаларда шоҳлик қиларди. Бу ўлкалардаги халқлар Сулаймонга ўлпон тўлаб, умр бўйи унга тобе бўлдилар.
22 Сулаймон хонадонининг бир кунлик озиғи қуйидагича эди: 300 тоғора сифатли ун ва 600 тоғора кепакли ун, 23 оғилхонада боқилган 10 та семиз мол ва яйловда боқилган 20 та буқа, 100 та қўй, булардан ташқари, буғулар, кийиклар, оҳулар, семиз паррандалар.
24 Фурот дарёсининг ғарбидаги Тифсахдан Ғазо шаҳрига қадар бўлган ўлкаларда, дарёнинг ғарб томонидаги ҳамма шоҳлар устидан Сулаймон ҳукмрон эди. Атрофдаги ҳамма юртлар билан алоқаси яхши эди. 25 Сулаймон ҳаётлигида Дандан Бершебагача бўлган Яҳудо ва Исроил юртидаги ҳар бир одам ўз узумзорида, ўз анжир дарахти остида тинчгина умр кечирарди.
26 Сулаймоннинг отхоналарида жанг аравалари учун 4000 оти ва 12.000 учқур отлари бор эди. 27 Ўша ўн икки ҳокимнинг ҳар бири шоҳ Сулаймонни, шоҳ Сулаймоннинг дастурхонидан таом ейдиганларнинг ҳаммасини белгиланган ойда озиқ–овқат билан таъминларди, бирорта ҳам камчиликка йўл қўйишмасди. 28 Ҳар бири ўзининг навбати келганда шоҳ тайинлаган ерга жанг араваларининг отлари ва бошқа отлар учун арпа, сомон ҳам олиб келишарди.
29 Шундай қилиб, Худо Сулаймонга денгиз қирғоғидаги қум каби чексиз–чегарасиз донолик, идрок, тенгсиз ақл берди. 30 Сулаймоннинг донолиги бутун шарқ халқларининг донолигидан, бутун Миср халқининг донолигидан ҳам ортиқ эди. 31 У ҳамма инсонлардан, Зерах уруғидан бўлган Этхандан, Мохул ўғиллари Хаман, Қолкўл, Дардахдан ҳам доно эди. Атрофдаги ҳамма халқлар орасида унинг донғи кетган эди. 32 У 3000 матал, 1005 та қўшиқлар ижро этди. 33 У Лубнондаги садр дарахтидан тортиб, деворда ўсган иссопгача, қўйингки, жамики дов–дарахтлар, ҳайвонлар, қушлар, судралиб юрувчилар, балиқлар ҳақида сўз юритарди. 34 Сулаймоннинг донолиги ҳақида эшитган дунёдаги ҳамма шоҳлар унинг олдига одамларини юборарди. Барча халқлардан келган бу одамлар Сулаймоннинг донолигидан баҳраманд бўларди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020