3–БОБ
Тўртинчи ваҳий: олий руҳоний ва шайтон
1 Кейин фаришта менга Эгамизнинг фариштаси олдида олий руҳоний Ёшуа турганини кўрсатди. Ёшуанинг ўнг томонида эса шайтон уни айблаб турган эди. 2 Эгамиз шайтонга шундай деди:
— Эй шайтон! Гапларингнинг ҳаммаси ёлғон! Мен Қуддусни танлаган Эгангман. Мен сенга айтаман, гапларинг ёлғон! Ахир, бу киши алангадан қутқарилган бир ўтин парчасидай эмасми?!
3 Ёшуа фариштанинг олдида кир кийимларда турар эди. 4 Фаришта атрофида турганларга :
— Унинг кир кийимларини ечинглар, — деди. Ёшуага эса:
— Мана, қара, Мен сенинг гуноҳларингни олиб ташладим, — деди. — Энди сенга тоза, байрамларда киядиган янги кийимларни кийдираман.
5 Кейин мен:
— Унинг бошига тоза салла кийдиринглар, — дедим. Унинг бошига тоза салла, устига эса янги кийим кийдиришди. Эгамизнинг фариштаси унинг ёнида турар эди.
6 Кейин Эгамизнинг фариштаси Ёшуани огоҳлантириб, шундай деди:
7 — Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Агар сен Менинг йўлимдан юриб, талабларимни бажарсанг, Менинг уйимда, Маъбадим ҳовлиларида бош бўласан. Сенга шу ерда турганлар орасидан жой бераман . 8 Эй олий руҳоний Ёшуа, қулоқ сол! Олдингда турган руҳонийлар ҳам қулоқ солишсин. Сизлар келажакда содир бўладиган воқеаларнинг рамзисизлар. Мен исми «Новда» бўлган хизматкоримни зоҳир қиламан. 9 Мен Ёшуанинг олдига бир тош қўйдим. Менинг етти кўзим ўша тошга қадалган. Бу тошнинг устига Мен ёзув ёзаман, — демоқда Сарвари Олам. — Мана шу юртнинг гуноҳини бир кунда олиб ташлайман. 10 Ўша куни сизлар қўни–қўшниларингизни чақириб, ўз узумзорларингизда ва анжир дарахтларингиз тагида ўтирасизлар.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.
3–BOB
Toʻrtinchi vahiy: oliy ruhoniy va shayton
1 Keyin farishta menga Egamizning farishtasi oldida oliy ruhoniy Yoshua turganini koʻrsatdi. Yoshuaning oʻng tomonida esa shayton uni ayblab turgan edi. 2 Egamiz shaytonga shunday dedi:
— Ey shayton! Gaplaringning hammasi yolgʻon! Men Quddusni tanlagan Egangman. Men senga aytaman, gaplaring yolgʻon! Axir, bu kishi alangadan qutqarilgan bir oʻtin parchasiday emasmi?!
3 Yoshua farishtaning oldida kir kiyimlarda turar edi. 4 Farishta atrofida turganlarga :
— Uning kir kiyimlarini yechinglar, — dedi. Yoshuaga esa:
— Mana, qara, Men sening gunohlaringni olib tashladim, — dedi. — Endi senga toza, bayramlarda kiyadigan yangi kiyimlarni kiydiraman.
5 Keyin men:
— Uning boshiga toza salla kiydiringlar, — dedim. Uning boshiga toza salla, ustiga esa yangi kiyim kiydirishdi. Egamizning farishtasi uning yonida turar edi.
6 Keyin Egamizning farishtasi Yoshuani ogohlantirib, shunday dedi:
7 — Sarvari Olam shunday aytmoqda: “Agar sen Mening yoʻlimdan yurib, talablarimni bajarsang, Mening uyimda, Maʼbadim hovlilarida bosh boʻlasan. Senga shu yerda turganlar orasidan joy beraman . 8 Ey oliy ruhoniy Yoshua, quloq sol! Oldingda turgan ruhoniylar ham quloq solishsin. Sizlar kelajakda sodir boʻladigan voqealarning ramzisizlar. Men ismi «Novda» boʻlgan xizmatkorimni zohir qilaman. 9 Men Yoshuaning oldiga bir tosh qoʻydim. Mening yetti koʻzim oʻsha toshga qadalgan. Bu toshning ustiga Men yozuv yozaman, — demoqda Sarvari Olam. — Mana shu yurtning gunohini bir kunda olib tashlayman. 10 Oʻsha kuni sizlar qoʻni–qoʻshnilaringizni chaqirib, oʻz uzumzorlaringizda va anjir daraxtlaringiz tagida oʻtirasizlar.” Sarvari Olamning kalomi shudir.