12–БОБ
Канъон юртида риоя қилинадиган қонун–қоидалар
1 Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз сизларга мулк қилиб бераётган юртда бажаришингиз лозим бўлган фармонлар ва қонун–қоидалар қуйидагилардан иборатдир. Буларни битта қолдирмай бажаринглар. 2 Сизлар борадиган юртдаги халқлар бошқа худоларга сиғинади. Уларнинг юртини қўлга киритганингиздан кейин тоғ чўққиларидаги, қирлардаги ва ҳар бир яшил дарахт остидаги саждагоҳларини бузиб, йўқ қилинглар. 3 Қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини парчалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни ёндиринглар, бутларини чопиб ташлаб, худоларининг номини у ердан йўқ қилинглар.
Сажда қилиш учун ягона жой
4 Сизларнинг Эгангиз Худога сажда қилишингиз ўша халқларнинг саждасига ўхшамасин. 5 Эгангиз Худо улуғланиши учун барча қабилаларингиз орасидан Ўзига бир жой танлайди. Сизлар ўша жойда Унга сажда қилинглар. 6 У ерга куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни, ушрларингизни , эҳсонларингизни, берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган назрларингизни, кўнгилдан чиқариб берадиган қурбонликларингизни, мол–қўйларингизнинг биринчи туғилган болаларини олиб боринглар. 7 У ерда, Эгангиз Худонинг ҳузурида оилаларингиз билан еб, Эгангиз Худо ҳамма ишингизга берган баракадан севининглар.
8 У ерда биз ҳозир қилаётган ишларни қила кўрманглар. Бу ерда ҳамма кўнглига маъқул келганини қиляпти. 9 Чунки Эгангиз Худо сизга мулк қилиб берадиган ерга ҳали кирмадингиз, осойишта ҳаётга эришмадингиз. 10 Аммо кўп ўтмай сизлар Иордан дарёсидан ўтасизлар, Эгангиз Худо мулк қилиб берадиган юртда жойлашасизлар. У душманларингизни енгиб, сизларга ҳар тарафдан осойишталик ато қилади, сизлар хавф–хатарсиз яшайсизлар. 11 Шунда Эгангиз Худо Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга мен амр қилган назру қурбонликларингизни олиб боринглар. Куйдириладиган ва бошқа қурбонликларингизни, ушрларингизни, эҳсонларингизни, берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган аъло назрларингизни Эгамизга атаб, ўша ерга олиб боринглар. 12 Эгангиз Худо ҳузурида ўзларингиз, ўғилларингиз, қизларингиз, қулларингиз, чўриларингиз, шаҳрингиздаги Леви қабиласидан бўлганлар билан хурсандчилик қилинглар. Чунки левиларнинг сизникига ўхшаган улуши ҳам, мулки ҳам йўқдир. 13 Эҳтиёт бўлинглар, куйдириладиган қурбонлигингизни дуч келган жойда қилаверманглар. 14 Уларни фақат Эгамиз қабилаларингиз орасидан танлаган жойда қилинглар. Мен сизларга амр қилганнинг ҳаммасини ўша ерда адо этинглар.
15 Борди–ю, гўшт емоқчи бўлсангиз, ҳайвонни истаган пайтингизда, Эгангиз Худо берган баракага яраша, хоҳлаган шаҳрингизда сўйиб, ейишингиз мумкин. Одам пок бўлса ҳам, ҳаром бўлса ҳам, кийик ва оҳу гўштини егандай, бу гўштдан еяверсин. 16 Фақат қонни истеъмол қилманглар, уни сувдай ерга тўкиб ташланглар. 17 Назру қурбонликларингизни шаҳарларингизда еманглар. Донингиз, шаробингиз ва зайтун мойингизнинг ўндан бир қисмини, мол, қўйингизнинг биринчи туғилган боласини, берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган назрларингизни, кўнгилдан чиқариб берадиган қурбонликларингизни, эҳсонларингизни 18 фақат Эгангиз Худо танлаган жойда енглар. Буларни Унинг ҳузурида ўғлингиз, қизингиз, қулларингиз, чўриларингиз, шаҳрингиздаги левилар билан бирга еб, Эгангиз Худо ишингизга берган баракадан севининглар. 19 Юртингизда яшар экансиз, эҳтиёт бўлинглар, левиларни унутиб қўйманглар.
20 Эгангиз Худо сизларга берган ваъдага кўра, ерларингизни кенгайтиради. Шунда кўнглингиз гўштни тусаб: “Гўшт егим келяпти”, деб айтсангиз, хоҳлаганингизча гўшт ейсиз. 21 Эгангиз Худо Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жой сизлар турган жойдан узоқда бўлса, мен буюрганимдай, У сизларга берган мол ёки қўйлардан сўйиб, шаҳрингизда хоҳлаганингизча гўшт есангиз бўлади. 22 Пок ёки ҳаром одам бу гўштни оҳу ёки кийик гўштини егандай тановул қилаверсин . 23 Қонни эса асло истеъмол қилманглар, чунки қон жондир, жонни гўшт билан бирга еманглар. 24 Қонни истеъмол қилмай, сув сингари, ерга тўкиб ташланглар. 25 Сизлар ҳам, фарзандларингиз ҳам, қонни истеъмол қилманглар, шунда бахтиёр бўласизлар. Эгамизнинг олдида маъқул иш қилган бўласизлар. 26 Эгамизга атаган эҳсонларингизни ва ваъда қилган назрларингизни У танлаган жойга олиб боринглар. 27 Куйдириладиган қурбонликларингизни, уларнинг қонини, гўштини Эгангиз Худонинг қурбонгоҳида келтиринглар. Бошқа қурбонликларингизнинг қонини ҳам Эгангиз Худонинг қурбонгоҳи ёнига тўкинглар, гўштини эса есангиз бўлади. 28 Мен бераётган бу амрларни битта қолдирмай бажаринглар. Шунда ўзларингиз ҳам, сизлардан кейинги фарзандларингиз ҳам то абад бахтли бўласизлар. Негаки, Эгангиз Худонинг олдида тўғри, яхши ишларни қилган бўласизлар.
Бутпарастликка қарши огоҳлантириш
29 Сизлар юртга кириб, у ернинг халқларига ҳужум қилганингизда, Эгангиз Худо уларни йўқ қилади. Сизлар уларнинг ерларига жойлашасизлар. 30 Шунда эҳтиёт бўлинглар, уларнинг удумларини қилиб, тузоққа тушиб қолманглар. “Бу халқлар худоларига қандай хизмат қилган экан–а?! Мен ҳам улардай қиламан”, деб уларнинг худолари ҳақида суриштирманглар. 31 Уларга хос усул билан Эгангиз Худога сиғинманглар. Ахир, улар ўз худоларига сиғинганларида жирканч ишлар қиладилар, Эгамиз эса бундай ишлардан нафратланади. Улар ҳатто ўғил–қизларини худоларига қурбонлик қилиб, оловда ёндирадилар.
32 Мен сизларга берган амрларни битта қолдирмай бажаринглар. Бу амрларга ҳеч нарса қўшманглар ҳам, олиб ташламанглар ҳам.
12–BOB
Kanʼon yurtida rioya qilinadigan qonun–qoidalar
1 Ota–bobolaringizning Xudosi — Egangiz sizlarga mulk qilib berayotgan yurtda bajarishingiz lozim boʻlgan farmonlar va qonun–qoidalar quyidagilardan iboratdir. Bularni bitta qoldirmay bajaringlar. 2 Sizlar boradigan yurtdagi xalqlar boshqa xudolarga sigʻinadi. Ularning yurtini qoʻlga kiritganingizdan keyin togʻ choʻqqilaridagi, qirlardagi va har bir yashil daraxt ostidagi sajdagohlarini buzib, yoʻq qilinglar. 3 Qurbongohlarini buzinglar, butsimon toshlarini parchalab tashlanglar, Asheraga atalgan ustunlarni yondiringlar, butlarini chopib tashlab, xudolarining nomini u yerdan yoʻq qilinglar.
Sajda qilish uchun yagona joy
4 Sizlarning Egangiz Xudoga sajda qilishingiz oʻsha xalqlarning sajdasiga oʻxshamasin. 5 Egangiz Xudo ulugʻlanishi uchun barcha qabilalaringiz orasidan Oʻziga bir joy tanlaydi. Sizlar oʻsha joyda Unga sajda qilinglar. 6 U yerga kuydiriladigan va boshqa qurbonliklarni, ushrlaringizni , ehsonlaringizni, bergan vaʼdangizga muvofiq qilinadigan nazrlaringizni, koʻngildan chiqarib beradigan qurbonliklaringizni, mol–qoʻylaringizning birinchi tugʻilgan bolalarini olib boringlar. 7 U yerda, Egangiz Xudoning huzurida oilalaringiz bilan yeb, Egangiz Xudo hamma ishingizga bergan barakadan sevininglar.
8 U yerda biz hozir qilayotgan ishlarni qila koʻrmanglar. Bu yerda hamma koʻngliga maʼqul kelganini qilyapti. 9 Chunki Egangiz Xudo sizga mulk qilib beradigan yerga hali kirmadingiz, osoyishta hayotga erishmadingiz. 10 Ammo koʻp oʻtmay sizlar Iordan daryosidan oʻtasizlar, Egangiz Xudo mulk qilib beradigan yurtda joylashasizlar. U dushmanlaringizni yengib, sizlarga har tarafdan osoyishtalik ato qiladi, sizlar xavf–xatarsiz yashaysizlar. 11 Shunda Egangiz Xudo Oʻzi ulugʻlanishi uchun tanlaydigan joyga men amr qilgan nazru qurbonliklaringizni olib boringlar. Kuydiriladigan va boshqa qurbonliklaringizni, ushrlaringizni, ehsonlaringizni, bergan vaʼdangizga muvofiq qilinadigan aʼlo nazrlaringizni Egamizga atab, oʻsha yerga olib boringlar. 12 Egangiz Xudo huzurida oʻzlaringiz, oʻgʻillaringiz, qizlaringiz, qullaringiz, choʻrilaringiz, shahringizdagi Levi qabilasidan boʻlganlar bilan xursandchilik qilinglar. Chunki levilarning siznikiga oʻxshagan ulushi ham, mulki ham yoʻqdir. 13 Ehtiyot boʻlinglar, kuydiriladigan qurbonligingizni duch kelgan joyda qilavermanglar. 14 Ularni faqat Egamiz qabilalaringiz orasidan tanlagan joyda qilinglar. Men sizlarga amr qilganning hammasini oʻsha yerda ado etinglar.
15 Bordi–yu, goʻsht yemoqchi boʻlsangiz, hayvonni istagan paytingizda, Egangiz Xudo bergan barakaga yarasha, xohlagan shahringizda soʻyib, yeyishingiz mumkin. Odam pok boʻlsa ham, harom boʻlsa ham, kiyik va ohu goʻshtini yeganday, bu goʻshtdan yeyaversin. 16 Faqat qonni isteʼmol qilmanglar, uni suvday yerga toʻkib tashlanglar. 17 Nazru qurbonliklaringizni shaharlaringizda yemanglar. Doningiz, sharobingiz va zaytun moyingizning oʻndan bir qismini, mol, qoʻyingizning birinchi tugʻilgan bolasini, bergan vaʼdangizga muvofiq qilinadigan nazrlaringizni, koʻngildan chiqarib beradigan qurbonliklaringizni, ehsonlaringizni 18 faqat Egangiz Xudo tanlagan joyda yenglar. Bularni Uning huzurida oʻgʻlingiz, qizingiz, qullaringiz, choʻrilaringiz, shahringizdagi levilar bilan birga yeb, Egangiz Xudo ishingizga bergan barakadan sevininglar. 19 Yurtingizda yashar ekansiz, ehtiyot boʻlinglar, levilarni unutib qoʻymanglar.
20 Egangiz Xudo sizlarga bergan vaʼdaga koʻra, yerlaringizni kengaytiradi. Shunda koʻnglingiz goʻshtni tusab: “Goʻsht yegim kelyapti”, deb aytsangiz, xohlaganingizcha goʻsht yeysiz. 21 Egangiz Xudo Oʻzi ulugʻlanishi uchun tanlaydigan joy sizlar turgan joydan uzoqda boʻlsa, men buyurganimday, U sizlarga bergan mol yoki qoʻylardan soʻyib, shahringizda xohlaganingizcha goʻsht yesangiz boʻladi. 22 Pok yoki harom odam bu goʻshtni ohu yoki kiyik goʻshtini yeganday tanovul qilaversin . 23 Qonni esa aslo isteʼmol qilmanglar, chunki qon jondir, jonni goʻsht bilan birga yemanglar. 24 Qonni isteʼmol qilmay, suv singari, yerga toʻkib tashlanglar. 25 Sizlar ham, farzandlaringiz ham, qonni isteʼmol qilmanglar, shunda baxtiyor boʻlasizlar. Egamizning oldida maʼqul ish qilgan boʻlasizlar. 26 Egamizga atagan ehsonlaringizni va vaʼda qilgan nazrlaringizni U tanlagan joyga olib boringlar. 27 Kuydiriladigan qurbonliklaringizni, ularning qonini, goʻshtini Egangiz Xudoning qurbongohida keltiringlar. Boshqa qurbonliklaringizning qonini ham Egangiz Xudoning qurbongohi yoniga toʻkinglar, goʻshtini esa yesangiz boʻladi. 28 Men berayotgan bu amrlarni bitta qoldirmay bajaringlar. Shunda oʻzlaringiz ham, sizlardan keyingi farzandlaringiz ham to abad baxtli boʻlasizlar. Negaki, Egangiz Xudoning oldida toʻgʻri, yaxshi ishlarni qilgan boʻlasizlar.
Butparastlikka qarshi ogohlantirish
29 Sizlar yurtga kirib, u yerning xalqlariga hujum qilganingizda, Egangiz Xudo ularni yoʻq qiladi. Sizlar ularning yerlariga joylashasizlar. 30 Shunda ehtiyot boʻlinglar, ularning udumlarini qilib, tuzoqqa tushib qolmanglar. “Bu xalqlar xudolariga qanday xizmat qilgan ekan–a?! Men ham ularday qilaman”, deb ularning xudolari haqida surishtirmanglar. 31 Ularga xos usul bilan Egangiz Xudoga sigʻinmanglar. Axir, ular oʻz xudolariga sigʻinganlarida jirkanch ishlar qiladilar, Egamiz esa bunday ishlardan nafratlanadi. Ular hatto oʻgʻil–qizlarini xudolariga qurbonlik qilib, olovda yondiradilar.
32 Men sizlarga bergan amrlarni bitta qoldirmay bajaringlar. Bu amrlarga hech narsa qoʻshmanglar ham, olib tashlamanglar ham.