20–БОБ
Жанг ҳақида
1 Душманларингизга қарши урушга борганингизда, отларни, араваларни, ўзингизникидан кўпроқ бўлган лашкарни кўрсаларингиз, улардан қўрқманглар. Чунки сизларни Мисрдан олиб чиққан Эгангиз Худо сизлар биландир. 2 Жангга киришингиздан олдин, руҳоний лашкарнинг олдига чиқсин, 3 уларга шундай десин: “Қулоқ сол, эй Исроил халқи! Бугун сизлар душманларингизга қарши жангга чиқяпсизлар. Дадил бўлинглар, қўрқманглар, душман олдида ваҳимага тушманглар. 4 Эгамиз Худонинг Ўзи сизлар билан урушга боради! Сизлар учун душманларингизга қарши жанг қилади, сизларга ғалаба беради!”
5 Назоратчилар лашкарга шундай деб айтсин: “Орангизда янги уй қуриб, ўша уйини ҳали Худога бағишлаб улгурмаган бирорта одам борми? Бор бўлса, уйига қайтсин. Агар у жангда ҳалок бўлса, бошқа одам унинг уйини бағишлайди. 6 Узумзор экиб, ҳали мевасидан емаган одам борми? Агар бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. У жангда ҳалок бўлса, бошқа одам унинг узумзори мевасидан биринчи бўлиб татийди. 7 Бирор қизга унаштирилиб, ҳали уйланмаган йигит борми? Агар бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. У жангда ҳалок бўлса, бошқа одам ўша қизга уйланади.”
8 Назоратчилар яна шундай дейишсин: “Орангизда қўрқувдан юрагини олдириб қўйган одам борми? Бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. Бўлмаса биродарлари ҳам унга ўхшаб чўчиб қолади.” 9 Назоратчилар лашкарга шу гапларни айтиб бўлгандан кейин, лашкарбошилар бош бўлсин.
10 Бирор шаҳарни олиш учун яқинлашганингизда, шаҳар аҳлига сулҳ таклиф қилинг. 11 Улар сулҳга рози бўлиб, дарвозаларини очиб берса, шаҳарнинг бутун аҳолиси сизларга қарол бўлиб хизмат қилади. 12 Агар шаҳар аҳли сулҳга рози бўлмай, сизлар билан жанг қилса, шаҳарни қамал қилинглар. 13 Эгангиз Худо у шаҳарни сизнинг қўлингизга берганда, бутун эркак зотини қиличдан ўтказинглар. 14 Фақат аёлларни, болаларни, молларни ва шаҳарда қолган ҳамма нарсани ўлжа қилиб олсангиз бўлади. Эгангиз Худо сизларнинг қўлингизга берган, душманлардан олган ўлжаларни ишлатишингиз мумкин. 15 Сизлар эгалик қиладиган юртингиздан узоқда жойлашган шаҳарларни шундай қилинглар.
16 Лекин Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртдаги шаҳарларни қўлга олганингизда биронта жонни тирик қолдирманглар. 17 Эгангиз Худо сизларга амр этганидай, Хет, Амор, Канъон, Париз, Хив, Ёбус халқларини тамомила қириб битиринглар. 18 Токи улар ўзларининг худоларига қилган жирканч одатларини сизларга ўргатмасин. Акс ҳолда, сизлар Эгангиз Худога қарши гуноҳ қилган бўласизлар.
19 Агар бирор шаҳарни қўлга киритиш учун узоқ вақт қамал қилиб турсаларингиз, у ердаги мевали дарахтларни кесманглар. Ўша дарахтларнинг мевасини ейишингиз мумкин, дарахтларнинг ўзини эса кесиб ташламанглар. Ахир, даладаги дарахтлар одам эмас–ку, қуршовдан қочиб чиқса! 20 Мева бермайдиган дарахтларни эса кесишингиз мумкин. Шаҳар қуламагунча қамал иншоотларини қуришда ўша дарахтлардан фойдалансангиз бўлади.
20–BOB
Jang haqida
1 Dushmanlaringizga qarshi urushga borganingizda, otlarni, aravalarni, oʻzingiznikidan koʻproq boʻlgan lashkarni koʻrsalaringiz, ulardan qoʻrqmanglar. Chunki sizlarni Misrdan olib chiqqan Egangiz Xudo sizlar bilandir. 2 Jangga kirishingizdan oldin, ruhoniy lashkarning oldiga chiqsin, 3 ularga shunday desin: “Quloq sol, ey Isroil xalqi! Bugun sizlar dushmanlaringizga qarshi jangga chiqyapsizlar. Dadil boʻlinglar, qoʻrqmanglar, dushman oldida vahimaga tushmanglar. 4 Egamiz Xudoning Oʻzi sizlar bilan urushga boradi! Sizlar uchun dushmanlaringizga qarshi jang qiladi, sizlarga gʻalaba beradi!”
5 Nazoratchilar lashkarga shunday deb aytsin: “Orangizda yangi uy qurib, oʻsha uyini hali Xudoga bagʻishlab ulgurmagan birorta odam bormi? Bor boʻlsa, uyiga qaytsin. Agar u jangda halok boʻlsa, boshqa odam uning uyini bagʻishlaydi. 6 Uzumzor ekib, hali mevasidan yemagan odam bormi? Agar bor boʻlsa, uyiga qaytib ketsin. U jangda halok boʻlsa, boshqa odam uning uzumzori mevasidan birinchi boʻlib tatiydi. 7 Biror qizga unashtirilib, hali uylanmagan yigit bormi? Agar bor boʻlsa, uyiga qaytib ketsin. U jangda halok boʻlsa, boshqa odam oʻsha qizga uylanadi.”
8 Nazoratchilar yana shunday deyishsin: “Orangizda qoʻrquvdan yuragini oldirib qoʻygan odam bormi? Bor boʻlsa, uyiga qaytib ketsin. Boʻlmasa birodarlari ham unga oʻxshab choʻchib qoladi.” 9 Nazoratchilar lashkarga shu gaplarni aytib boʻlgandan keyin, lashkarboshilar bosh boʻlsin.
10 Biror shaharni olish uchun yaqinlashganingizda, shahar ahliga sulh taklif qiling. 11 Ular sulhga rozi boʻlib, darvozalarini ochib bersa, shaharning butun aholisi sizlarga qarol boʻlib xizmat qiladi. 12 Agar shahar ahli sulhga rozi boʻlmay, sizlar bilan jang qilsa, shaharni qamal qilinglar. 13 Egangiz Xudo u shaharni sizning qoʻlingizga berganda, butun erkak zotini qilichdan oʻtkazinglar. 14 Faqat ayollarni, bolalarni, mollarni va shaharda qolgan hamma narsani oʻlja qilib olsangiz boʻladi. Egangiz Xudo sizlarning qoʻlingizga bergan, dushmanlardan olgan oʻljalarni ishlatishingiz mumkin. 15 Sizlar egalik qiladigan yurtingizdan uzoqda joylashgan shaharlarni shunday qilinglar.
16 Lekin Egangiz Xudo sizlarga mulk qilib berayotgan yurtdagi shaharlarni qoʻlga olganingizda bironta jonni tirik qoldirmanglar. 17 Egangiz Xudo sizlarga amr etganiday, Xet, Amor, Kanʼon, Pariz, Xiv, Yobus xalqlarini tamomila qirib bitiringlar. 18 Toki ular oʻzlarining xudolariga qilgan jirkanch odatlarini sizlarga oʻrgatmasin. Aks holda, sizlar Egangiz Xudoga qarshi gunoh qilgan boʻlasizlar.
19 Agar biror shaharni qoʻlga kiritish uchun uzoq vaqt qamal qilib tursalaringiz, u yerdagi mevali daraxtlarni kesmanglar. Oʻsha daraxtlarning mevasini yeyishingiz mumkin, daraxtlarning oʻzini esa kesib tashlamanglar. Axir, daladagi daraxtlar odam emas–ku, qurshovdan qochib chiqsa! 20 Meva bermaydigan daraxtlarni esa kesishingiz mumkin. Shahar qulamaguncha qamal inshootlarini qurishda oʻsha daraxtlardan foydalansangiz boʻladi.