15–БОБ
Худо Ибром билан аҳд қилади
1 Шундан кейин Эгамиз Ибромга шу сўзларни ваҳийда аён қилди:
— Қўрқма, Ибром, Мен сенга қалқон бўламан, сенга берадиган мукофотим буюк бўлади.
2 — Эй Эгам Раббий! Сен менга нима ҳам берар эдинг?! Мен ҳамон бефарзандман, бутун мол–мулким Дамашқлик хизматкорим Элиазарга қолади. 3 Сен менга фарзанд бермадинг, шунинг учун хонадонимда туғилган қулим менинг меросхўрим бўлади–да.
4 Лекин Ибромга Эгамиз яна шу сўзларни аён қилди:
— Йўқ, қулинг сенинг меросхўринг бўлмайди, ўзингнинг пушти камарингдан бўладиган ўғлинг сенинг ҳамма мол–мулкингга меросхўр бўлади.
5 Сўнгра Эгамиз Ибромни ташқарига олиб чиқиб, унга:
— Осмонга қара, агар юлдузларни санай олсанг, санаб кўр, — деди.
Эгамиз яна айтди:
— Сенинг наслинг ҳам ўша юлдузларга ўхшаган кўп бўлади.
6 Ибром Эгамизга ишонди, Эгамиз уни ишончи учун солиҳ деб билди.
7 Сўнгра Эгамиз унга деди:
— Мен сенинг Эгангман, бу юртни сенга мулк қилиб бермоқчиман, шунинг учун сени Халдейдаги Ур шаҳридан олиб чиққанман.
8 — Эй Эгам Раббий! Бу юртни мерос қилиб олишимга қандай ишонч ҳосил қиламан? — деб сўради Ибром.
9 — Менга уч ёшли ғунажин, уч ёшли эчки, уч ёшли қўчқор, каптар, мусичани олиб кел, — деди Эгамиз.
10 Эгамиз нима айтган бўлса, ҳаммасини Ибром олиб келиб, сўйди. Ҳайвонларни узунасига ўртасидан бўлиб, бўлакларни бир–бирига қаратиб қўйди. Лекин қушларни иккига бўлмади. 11 Қузғунлар гўштларни ейиш учун қўнганда, Ибром қузғунларни ҳайдади.
12 Қуёш ботаётганда, Ибромни қаттиқ уйқу босди. Уни қўрқув, ваҳима қамраб олди. 13 Шунда Эгамиз Ибромга айтди:
— Шуни яхши билиб қўйки, сенинг наслинг бегона юртда мусофир бўлиб яшайди. Тўрт юз йил қул бўлиб, жабр–зулм тортади. 14 Лекин Мен сенинг наслингни қул қилган халқни жазолайман. Сенинг наслинг бегона юртдан катта бойлик билан чиқиб кетади. 15 Сен жуда ҳам кексайиб оламдан ўтиб, дафн этиласан, ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан. 16 Сенинг наслинг тўрт авлод ўтгандан кейин бу ерга қайтиб келади, чунки Амор халқларининг қабиҳлиги ҳали ҳаддан ошмади .
17 Қуёш ботиб, қоронғи тушгандан кейин, Ибром ичидан тутун чиқиб турган тоғорани ва ёнаётган машъалани кўрди. Ўша тоғора ва машъала бўғизланган ҳайвон бўлаклари орасидан ўтди . 18 Шундай қилиб, ўша куни Эгамиз Ибром билан аҳд қилди ва шундай деди:
— Мен сенинг наслингга Мисрдаги дарёдан тортиб буюк Фурот дарёсигача бўлган жойларни 19 — Хайин, Ханаз, Кадмон, 20 Хет, Париз, Рафа, 21 Амор, Канъон, Гиргош, Ёбус халқларининг ерларини бераман.
15–BOB
Xudo Ibrom bilan ahd qiladi
1 Shundan keyin Egamiz Ibromga shu soʻzlarni vahiyda ayon qildi:
— Qoʻrqma, Ibrom, Men senga qalqon boʻlaman, senga beradigan mukofotim buyuk boʻladi.
2 — Ey Egam Rabbiy! Sen menga nima ham berar eding?! Men hamon befarzandman, butun mol–mulkim Damashqlik xizmatkorim Eliazarga qoladi. 3 Sen menga farzand bermading, shuning uchun xonadonimda tugʻilgan qulim mening merosxoʻrim boʻladi–da.
4 Lekin Ibromga Egamiz yana shu soʻzlarni ayon qildi:
— Yoʻq, quling sening merosxoʻring boʻlmaydi, oʻzingning pushti kamaringdan boʻladigan oʻgʻling sening hamma mol–mulkingga merosxoʻr boʻladi.
5 Soʻngra Egamiz Ibromni tashqariga olib chiqib, unga:
— Osmonga qara, agar yulduzlarni sanay olsang, sanab koʻr, — dedi.
Egamiz yana aytdi:
— Sening nasling ham oʻsha yulduzlarga oʻxshagan koʻp boʻladi.
6 Ibrom Egamizga ishondi, Egamiz uni ishonchi uchun solih deb bildi.
7 Soʻngra Egamiz unga dedi:
— Men sening Egangman, bu yurtni senga mulk qilib bermoqchiman, shuning uchun seni Xaldeydagi Ur shahridan olib chiqqanman.
8 — Ey Egam Rabbiy! Bu yurtni meros qilib olishimga qanday ishonch hosil qilaman? — deb soʻradi Ibrom.
9 — Menga uch yoshli gʻunajin, uch yoshli echki, uch yoshli qoʻchqor, kaptar, musichani olib kel, — dedi Egamiz.
10 Egamiz nima aytgan boʻlsa, hammasini Ibrom olib kelib, soʻydi. Hayvonlarni uzunasiga oʻrtasidan boʻlib, boʻlaklarni bir–biriga qaratib qoʻydi. Lekin qushlarni ikkiga boʻlmadi. 11 Quzgʻunlar goʻshtlarni yeyish uchun qoʻnganda, Ibrom quzgʻunlarni haydadi.
12 Quyosh botayotganda, Ibromni qattiq uyqu bosdi. Uni qoʻrquv, vahima qamrab oldi. 13 Shunda Egamiz Ibromga aytdi:
— Shuni yaxshi bilib qoʻyki, sening nasling begona yurtda musofir boʻlib yashaydi. Toʻrt yuz yil qul boʻlib, jabr–zulm tortadi. 14 Lekin Men sening naslingni qul qilgan xalqni jazolayman. Sening nasling begona yurtdan katta boylik bilan chiqib ketadi. 15 Sen juda ham keksayib olamdan oʻtib, dafn etilasan, ota–bobolaring yoniga xotirjam ketasan. 16 Sening nasling toʻrt avlod oʻtgandan keyin bu yerga qaytib keladi, chunki Amor xalqlarining qabihligi hali haddan oshmadi .
17 Quyosh botib, qorongʻi tushgandan keyin, Ibrom ichidan tutun chiqib turgan togʻorani va yonayotgan mashʼalani koʻrdi. Oʻsha togʻora va mashʼala boʻgʻizlangan hayvon boʻlaklari orasidan oʻtdi . 18 Shunday qilib, oʻsha kuni Egamiz Ibrom bilan ahd qildi va shunday dedi:
— Men sening naslingga Misrdagi daryodan tortib buyuk Furot daryosigacha boʻlgan joylarni 19 — Xayin, Xanaz, Kadmon, 20 Xet, Pariz, Rafa, 21 Amor, Kanʼon, Girgosh, Yobus xalqlarining yerlarini beraman.