3–БОБ
Исо ва Никодим
1 Яҳудий йўлбошчиларидан Никодим исмли бир одам бор эди, у фарзийлар мазҳабида эди. 2 Бу одам бир куни кечаси Исонинг олдига келиб, Унга деди:
— Устоз, Сиз Худодан келган бир муаллим эканлигингизни биз биламиз. Агар Худо Сиз билан бўлмаганда эди, Сиз бундай мўъжизали аломатларни қила олмас эдингиз.
3 Исо унга шундай жавоб берди:
— Сизга чинини айтай: қайтадан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигини кўролмайди.
4 — Кекса одам туғила олармиди?! У онасининг қорнига қайта кириб, яна туғила олмайди–ку! — деди Никодим. 5 Исо шундай жавоб берди:
— Сизга чинини айтай: сувдан ва Руҳдан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигига киролмайди. 6 Одам жисмонан ота–онадан туғилади, руҳан эса Муқаддас Руҳдан туғилади. 7 “Сизлар қайтадан туғилишингиз керак” деганимга таажжубланманг. 8 Руҳ худди шамолга ўхшайди. Шамол истаган жойда эсаверади. Унинг товушини эшитасиз–у, лекин қайси томондан келиб, қайси томонга кетишини билмайсиз. Руҳдан туғилган ҳар бир кишида ҳам шундай бўлади.
9 — Бу қандай бўлиши мумкин? — деб сўради Никодим. 10 Исо унга шундай жавоб берди:
— Сиз Исроилнинг устозисиз–ку! Наҳотки шуни билмасангиз?! 11 Сизга чинини айтай: биз билганимизни сўзлаймиз, кўрганимиз ҳақида шаҳодат берамиз. Лекин сизлар бизнинг шаҳодатимизни қабул қилмаяпсизлар. 12 Агар сизлар ердаги нарсалар ҳақида айтганларимга ишонмасангизлар, самовий нарсалар тўғрисида гапирганларимга қандай ишонасизлар? 13 Осмондан тушган Инсон Ўғлидан бошқа ҳеч ким осмонга чиққан эмас. 14 Мусо саҳрода бронза илонни ходага маҳкамлаб, қандай юқорига кўтарган бўлса, Инсон Ўғли ҳам худди шундай юқорига кўтарилиши керак . 15 Шу тариқа имонга келган ҳар бир киши У орқали абадий ҳаётга эга бўлади .
16 Зеро , Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. 17 Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди. 18 Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди. Унга ишонмаган одам эса аллақачон маҳкум бўлган, чунки у Худонинг ягона Ўғлига ишонмади.
19 Ҳукм шундай далилга асосланган: дунёга нур келди, аммо одамлар нурдан кўра, зулматни яхши кўрдилар, чунки уларнинг қилмишлари ёвуз эди. 20 Қабиҳлик қилган одам нурдан нафратланади. Қилмишлари фош бўлмаслиги учун у нурдан қочади. 21 Ҳақиқат йўлини тутган одам эса нурга келади. Бундай одамнинг ишлари Худо орқали қилинганлигини нур ҳаммага аён қилади.
Яҳё чўмдирувчи Исо Масиҳ ҳақида гувоҳлик беради
22 Шундан кейин Исо шогирдлари билан Яҳудия ўлкасига борди. Исо улар билан бир қанча вақт у ерда қолиб, одамларни сувга чўмдирди. 23 Яҳё ҳам Салейм деган жойнинг яқинидаги Эйнон ерида халқни сувга чўмдирарди. У ер ниҳоятда серсув эди. Одамлар доим Яҳёнинг олдига келиб, сувга чўмдириларди. 24 Бу ҳодисалар Яҳё зиндонга ташланишдан олдин юз берган эди.
25 Шу маҳал Яҳёнинг шогирдлари билан бир яҳудий киши орасида таҳорат ҳақида баҳс бўлди. 26 Улар Яҳёнинг олдига бориб дедилар:
— Устоз! Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида ёнингиздаги бир Одам ҳақида гувоҳлик берган эдингиз–ку, ўша Одам халқни сувга чўмдириб юрибди, ҳамма Унинг олдига боряпти.
27 Бунга жавобан Яҳё деди:
— Агар осмондан берилмаса, инсон ҳеч нарса қила олмайди. 28 “Мен Масиҳ эмасман, фақат Унинг олдидан юборилганман”, деб айтган сўзларимга ўзларингиз гувоҳсизлар. 29 Келин куёвга тегишлидир. Куёв жўра эса куёв ёнида туриб, унинг овозини эшитганидан севиниб хурсанд бўлади. Худди шундай мен ҳам бугун бениҳоят шодман. 30 Масиҳ юксалиши, мен эса пасайишим керак.
31 Юқоридан келган Зот ҳаммадан устундир. Ердан бўлган одам ерга мансубдир ва ерга хос масалалар тўғрисида гапиради. Осмондан Келган эса ҳаммадан устундир. 32 У кўргани ва эшитгани ҳақида гувоҳлик беради, аммо ҳеч ким Унинг гувоҳлигини қабул қилмайди. 33 Унинг гувоҳлигини қабул қилган киши эса Худонинг ҳақлигини тасдиқлайди. 34 Худо юборган Зот Худонинг сўзларини гапиради. Зеро, Худо Ўз Руҳини Унга чексиз–ўлчовсиз беради. 35 Ота Ўғлини яхши кўради, У ҳамма нарсани Ўғлининг қўлига топширган. 36 Худонинг Ўғлига ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлади. Ўғилни рад этган одам эса ҳаёт кўрмай, Худонинг ғазаби остида қолади.
3–BOB
Iso va Nikodim
1 Yahudiy yoʻlboshchilaridan Nikodim ismli bir odam bor edi, u farziylar mazhabida edi. 2 Bu odam bir kuni kechasi Isoning oldiga kelib, Unga dedi:
— Ustoz, Siz Xudodan kelgan bir muallim ekanligingizni biz bilamiz. Agar Xudo Siz bilan boʻlmaganda edi, Siz bunday moʻjizali alomatlarni qila olmas edingiz.
3 Iso unga shunday javob berdi:
— Sizga chinini aytay: qaytadan tugʻilmagan bironta odam Xudoning Shohligini koʻrolmaydi.
4 — Keksa odam tugʻila olarmidi?! U onasining qorniga qayta kirib, yana tugʻila olmaydi–ku! — dedi Nikodim. 5 Iso shunday javob berdi:
— Sizga chinini aytay: suvdan va Ruhdan tugʻilmagan bironta odam Xudoning Shohligiga kirolmaydi. 6 Odam jismonan ota–onadan tugʻiladi, ruhan esa Muqaddas Ruhdan tugʻiladi. 7 “Sizlar qaytadan tugʻilishingiz kerak” deganimga taajjublanmang. 8 Ruh xuddi shamolga oʻxshaydi. Shamol istagan joyda esaveradi. Uning tovushini eshitasiz–u, lekin qaysi tomondan kelib, qaysi tomonga ketishini bilmaysiz. Ruhdan tugʻilgan har bir kishida ham shunday boʻladi.
9 — Bu qanday boʻlishi mumkin? — deb soʻradi Nikodim. 10 Iso unga shunday javob berdi:
— Siz Isroilning ustozisiz–ku! Nahotki shuni bilmasangiz?! 11 Sizga chinini aytay: biz bilganimizni soʻzlaymiz, koʻrganimiz haqida shahodat beramiz. Lekin sizlar bizning shahodatimizni qabul qilmayapsizlar. 12 Agar sizlar yerdagi narsalar haqida aytganlarimga ishonmasangizlar, samoviy narsalar toʻgʻrisida gapirganlarimga qanday ishonasizlar? 13 Osmondan tushgan Inson Oʻgʻlidan boshqa hech kim osmonga chiqqan emas. 14 Muso sahroda bronza ilonni xodaga mahkamlab, qanday yuqoriga koʻtargan boʻlsa, Inson Oʻgʻli ham xuddi shunday yuqoriga koʻtarilishi kerak . 15 Shu tariqa imonga kelgan har bir kishi U orqali abadiy hayotga ega boʻladi .
16 Zero , Xudo olamni shunchalik sevdiki, Oʻzining yagona Oʻgʻlini berdi. Toki Unga ishonganlardan birontasi halok boʻlmasin, balki abadiy hayotga ega boʻlsin. 17 Xudo dunyoni hukm qilish uchun emas, balki Oʻgʻli orqali qutqarish uchun Uni dunyoga yubordi. 18 Unga ishongan odam hukm qilinmaydi. Unga ishonmagan odam esa allaqachon mahkum boʻlgan, chunki u Xudoning yagona Oʻgʻliga ishonmadi.
19 Hukm shunday dalilga asoslangan: dunyoga nur keldi, ammo odamlar nurdan koʻra, zulmatni yaxshi koʻrdilar, chunki ularning qilmishlari yovuz edi. 20 Qabihlik qilgan odam nurdan nafratlanadi. Qilmishlari fosh boʻlmasligi uchun u nurdan qochadi. 21 Haqiqat yoʻlini tutgan odam esa nurga keladi. Bunday odamning ishlari Xudo orqali qilinganligini nur hammaga ayon qiladi.
Yahyo choʻmdiruvchi Iso Masih haqida guvohlik beradi
22 Shundan keyin Iso shogirdlari bilan Yahudiya oʻlkasiga bordi. Iso ular bilan bir qancha vaqt u yerda qolib, odamlarni suvga choʻmdirdi. 23 Yahyo ham Saleym degan joyning yaqinidagi Eynon yerida xalqni suvga choʻmdirardi. U yer nihoyatda sersuv edi. Odamlar doim Yahyoning oldiga kelib, suvga choʻmdirilardi. 24 Bu hodisalar Yahyo zindonga tashlanishdan oldin yuz bergan edi.
25 Shu mahal Yahyoning shogirdlari bilan bir yahudiy kishi orasida tahorat haqida bahs boʻldi. 26 Ular Yahyoning oldiga borib dedilar:
— Ustoz! Iordan daryosining sharqiy qirgʻogʻida yoningizdagi bir Odam haqida guvohlik bergan edingiz–ku, oʻsha Odam xalqni suvga choʻmdirib yuribdi, hamma Uning oldiga boryapti.
27 Bunga javoban Yahyo dedi:
— Agar osmondan berilmasa, inson hech narsa qila olmaydi. 28 “Men Masih emasman, faqat Uning oldidan yuborilganman”, deb aytgan soʻzlarimga oʻzlaringiz guvohsizlar. 29 Kelin kuyovga tegishlidir. Kuyov joʻra esa kuyov yonida turib, uning ovozini eshitganidan sevinib xursand boʻladi. Xuddi shunday men ham bugun benihoyat shodman. 30 Masih yuksalishi, men esa pasayishim kerak.
31 Yuqoridan kelgan Zot hammadan ustundir. Yerdan boʻlgan odam yerga mansubdir va yerga xos masalalar toʻgʻrisida gapiradi. Osmondan Kelgan esa hammadan ustundir. 32 U koʻrgani va eshitgani haqida guvohlik beradi, ammo hech kim Uning guvohligini qabul qilmaydi. 33 Uning guvohligini qabul qilgan kishi esa Xudoning haqligini tasdiqlaydi. 34 Xudo yuborgan Zot Xudoning soʻzlarini gapiradi. Zero, Xudo Oʻz Ruhini Unga cheksiz–oʻlchovsiz beradi. 35 Ota Oʻgʻlini yaxshi koʻradi, U hamma narsani Oʻgʻlining qoʻliga topshirgan. 36 Xudoning Oʻgʻliga ishongan har bir odam abadiy hayotga ega boʻladi. Oʻgʻilni rad etgan odam esa hayot koʻrmay, Xudoning gʻazabi ostida qoladi.