14–БОБ
Қўзи ва 144.000 киши
1 Мен Сион тоғида Қўзининг турганини кўрдим. Қўзи билан бирга 144.000 киши бор эди. Уларнинг пешаналарига Қўзининг ва Отаси Худонинг исми ёзилганди. 2 Шунда мен самодан бир товуш эшитдим. Бу товуш денгизнинг шовуллашидай, гумбурлаган момақалдироқ товушидай эди. У худди арфа чалаётган чолғучиларнинг куйига ўхшарди. 3 Ўша 144.000 киши тахт олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар олдида янги бир қўшиқ куйлаётган эдилар. Дунёдан қутқариб олинган бу 144.000 кишидан бошқа ҳеч ким бу қўшиқни ўргана олмас эди. 4 Бу одамлар булғанмаганлар, бокира қизлардай ўзларини пок сақлаганлар . Қўзи қаерга борса, Унинг орқасидан эргашганлар. Инсонлар орасидан қутқариб олинган бу одамлар илк ҳосил сингари, Худо ва Қўзига назр қилинганлар. 5 Уларнинг тилида ёлғон–макр йўқ, улар бенуқсондирлар .
Уч фариштанинг хабари
6 Шундан кейин бошим узра учиб бораётган бир фариштани кўрдим. Бу фаришта ер юзида яшовчи ҳар бир халқ ва қабилага, ҳар қандай миллату элатга абадий Хушхабарни эълон қилаётган эди. 7 У баланд овозда шундай деди:
“Худодан қўрқинг, Уни улуғланг!
У халқларни ҳукм қиладиган вақт келди.
Еру осмонни, денгизу булоқларни Яратганга сажда қилинг!”
8 Унинг кетидан иккинчи фаришта учиб келиб, шундай деди:
“Вайрон бўлди!
Буюк Бобил шаҳри вайрон бўлди!
Бобил шаҳвоний ҳирси шаробидан
Ҳамма халқларга ичирганди.”
9 Уларнинг кетидан учинчи фаришта учиб келиб, баланд овозда шундай деди:
— Кимки махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилиб, пешанаси ёки қўлига тамға қабул қилса, 10 у Худонинг ғазаб шаробидан ичади. Қаҳр косасига қуйилган бу шароб ниҳоятда кучлидир. Бундай одамлар муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекадилар. 11 Азобларининг тутуни абадулабад бурқираб туради. Махлуқ ва унинг тасвирига сажда қилиб, махлуқ номли тамғани қабул қилганлар кечаю кундуз тинчлик билмайдилар. 12 Бундай вазиятда Худонинг амрларига итоат қилган ва Исога содиқ қолган Худонинг азизларидан сабр–тоқат талаб қилинади.
13 Шунда мен самодан бир овоз эшитдим. У менга деди:
— Шундай деб ёз: бундан буён Раббимиз Исога умид боғлаб, оламдан кўз юмганлар бахтлидир!
— Ҳа, — дейди Руҳ, — улар қилган оғир меҳнатидан дам олсинлар, меҳнатининг роҳатини кўрсинлар.
Ернинг ҳосили ўрилади
14 Шундан кейин мен бир оқ булутни кўрдим. Булут устида инсон қиёфасидаги бир Зот ўтирганди. Унинг бошида олтин тож, қўлида ўткир ўроқ бор эди. 15 Кейин Маъбаддан бир фаришта чиқди. У булут устида ўтирган Зотга баланд овозда шундай деди: “Ўроғингизни ишга солинг, чунки ўрим–йиғим вақти келди. Мана, ернинг ҳосили етилди.” 16 Булут устида ўтирган Зот ерга ўроқ солди, ернинг ҳосили ўрилди.
17 Самодаги Маъбаддан бошқа бир фаришта чиқди. Унинг ҳам ўткир ўроғи бор эди. 18 Сўнг қурбонгоҳ олдидан яна бошқа бир фаришта келди. У қурбонгоҳдаги олов учун масъул эди. У ўткир ўроқли фариштага баланд овозда хитоб қилди: “Ўткир ўроғингни ишга сол. Ердаги узум бошларини йиғ. Ахир, узум пишиб бўлди.”
19 Фаришта ўроғини ерга солди. Ердаги узум бошларини йиғиб, Худонинг узум сиқадиган катта қаҳр–ғазаби чуқурига улоқтирди. 20 Шаҳар ташқарисидаги ўша чуқурда узумларни эза бошлашди. Чуқурдан қон дарё бўлиб оқиб чиқди. Бу қонли дарё 1600 ўқ отими масофага оқиб борди, у шунчалик чуқур эдики, деярли отни кўмиб юборар эди.
14–BOB
Qoʻzi va 144.000 kishi
1 Men Sion togʻida Qoʻzining turganini koʻrdim. Qoʻzi bilan birga 144.000 kishi bor edi. Ularning peshanalariga Qoʻzining va Otasi Xudoning ismi yozilgandi. 2 Shunda men samodan bir tovush eshitdim. Bu tovush dengizning shovullashiday, gumburlagan momaqaldiroq tovushiday edi. U xuddi arfa chalayotgan cholgʻuchilarning kuyiga oʻxshardi. 3 Oʻsha 144.000 kishi taxt oldida, toʻrtta jonli mavjudot va oqsoqollar oldida yangi bir qoʻshiq kuylayotgan edilar. Dunyodan qutqarib olingan bu 144.000 kishidan boshqa hech kim bu qoʻshiqni oʻrgana olmas edi. 4 Bu odamlar bulgʻanmaganlar, bokira qizlarday oʻzlarini pok saqlaganlar . Qoʻzi qayerga borsa, Uning orqasidan ergashganlar. Insonlar orasidan qutqarib olingan bu odamlar ilk hosil singari, Xudo va Qoʻziga nazr qilinganlar. 5 Ularning tilida yolgʻon–makr yoʻq, ular benuqsondirlar .
Uch farishtaning xabari
6 Shundan keyin boshim uzra uchib borayotgan bir farishtani koʻrdim. Bu farishta yer yuzida yashovchi har bir xalq va qabilaga, har qanday millatu elatga abadiy Xushxabarni eʼlon qilayotgan edi. 7 U baland ovozda shunday dedi:
“Xudodan qoʻrqing, Uni ulugʻlang!
U xalqlarni hukm qiladigan vaqt keldi.
Yeru osmonni, dengizu buloqlarni Yaratganga sajda qiling!”
8 Uning ketidan ikkinchi farishta uchib kelib, shunday dedi:
“Vayron boʻldi!
Buyuk Bobil shahri vayron boʻldi!
Bobil shahvoniy hirsi sharobidan
Hamma xalqlarga ichirgandi.”
9 Ularning ketidan uchinchi farishta uchib kelib, baland ovozda shunday dedi:
— Kimki maxluqqa va uning tasviriga sajda qilib, peshanasi yoki qoʻliga tamgʻa qabul qilsa, 10 u Xudoning gʻazab sharobidan ichadi. Qahr kosasiga quyilgan bu sharob nihoyatda kuchlidir. Bunday odamlar muqaddas farishtalar va Qoʻzi oldida yonayotgan oltingugurt ichida azob chekadilar. 11 Azoblarining tutuni abadulabad burqirab turadi. Maxluq va uning tasviriga sajda qilib, maxluq nomli tamgʻani qabul qilganlar kechayu kunduz tinchlik bilmaydilar. 12 Bunday vaziyatda Xudoning amrlariga itoat qilgan va Isoga sodiq qolgan Xudoning azizlaridan sabr–toqat talab qilinadi.
13 Shunda men samodan bir ovoz eshitdim. U menga dedi:
— Shunday deb yoz: bundan buyon Rabbimiz Isoga umid bogʻlab, olamdan koʻz yumganlar baxtlidir!
— Ha, — deydi Ruh, — ular qilgan ogʻir mehnatidan dam olsinlar, mehnatining rohatini koʻrsinlar.
Yerning hosili oʻriladi
14 Shundan keyin men bir oq bulutni koʻrdim. Bulut ustida inson qiyofasidagi bir Zot oʻtirgandi. Uning boshida oltin toj, qoʻlida oʻtkir oʻroq bor edi. 15 Keyin Maʼbaddan bir farishta chiqdi. U bulut ustida oʻtirgan Zotga baland ovozda shunday dedi: “Oʻrogʻingizni ishga soling, chunki oʻrim–yigʻim vaqti keldi. Mana, yerning hosili yetildi.” 16 Bulut ustida oʻtirgan Zot yerga oʻroq soldi, yerning hosili oʻrildi.
17 Samodagi Maʼbaddan boshqa bir farishta chiqdi. Uning ham oʻtkir oʻrogʻi bor edi. 18 Soʻng qurbongoh oldidan yana boshqa bir farishta keldi. U qurbongohdagi olov uchun masʼul edi. U oʻtkir oʻroqli farishtaga baland ovozda xitob qildi: “Oʻtkir oʻrogʻingni ishga sol. Yerdagi uzum boshlarini yigʻ. Axir, uzum pishib boʻldi.”
19 Farishta oʻrogʻini yerga soldi. Yerdagi uzum boshlarini yigʻib, Xudoning uzum siqadigan katta qahr–gʻazabi chuquriga uloqtirdi. 20 Shahar tashqarisidagi oʻsha chuqurda uzumlarni eza boshlashdi. Chuqurdan qon daryo boʻlib oqib chiqdi. Bu qonli daryo 1600 oʻq otimi masofaga oqib bordi, u shunchalik chuqur ediki, deyarli otni koʻmib yuborar edi.