11–БОБ
Ҳалол ва ҳаром ҳайвонлар
1 Эгамиз Мусо ва Ҳорун орқали 2 Исроил халқига шундай деди: “Ер юзидаги жамики ҳайвонлардан 3 айри туёқ ва кавш қайтарадиган ҳар қандай ҳайвонни тановул қилишингиз мумкин. 4 Лекин кавш қайтарадиган ёки айри туёқ ҳайвонлардан қуйидагиларни тановул қилманг : туя кавш қайтаради–ю, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир. 5 Суғур кавш қайтаради, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир. 6 Қуён кавш қайтаради, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир. 7 Чўчқа айри туёқ бўлгани билан кавш қайтармайди. У сизлар учун ҳаромдир. 8 Бу ҳайвонларнинг гўштини еманг, уларнинг мурдасига қўл теккизманг. Улар сизлар учун ҳаромдир.
9 Денгиз ва дарёларда яшайдиган сузгичи ва тангачалари бор ҳар қандай жониворни есангиз бўлади. 10 Бироқ сувда яшайдиган, сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сузадиган ва бошқа турдаги жониворни еманг. Улардан ҳазар қилинг. 11 Бундай жониворлар сизлар учун жирканчдир. Уларнинг гўштини оғзингизга олманг, мурдасидан ҳазар қилинг. 12 Сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сув жонивори сизлар учун жирканчдир.
13 Паррандалар орасидаги қуйидаги қушларни зинҳор еманг, улардан ҳазар қилинг, улар сизлар учун жирканчдир: қумой, болтаютар, тасқара, 14 қизил калхат, қирғий ва унинг зоти, 15 ҳар қандай қарға ва унинг зоти, 16 туяқуш, лочин, қулоқли укки, қарчиғай ва унинг зоти, 17 япалоқ қуш, балиқчи укки, бойўғли, 18 оқ бойўғли, бирқозон, жўрчи, 19 лайлак, оқ қарқара ва унинг зоти, сассиқпопишак, кўршапалак.
20 Тўрт оёғида юрадиган ҳамма қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир. 21 Лекин қанотли ҳашаротлар орасидаги, тўрт оёқда юрадиган баъзиларини ейишингиз мумкин. Оёқлари сакраш учун бўғинлар билан мосланган 22 чигиртканинг ҳамма турини ва уларнинг зотини ейишингиз мумкин. 23 Бошқа ҳамма тўрт оёқли, қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир.
24 Баъзи ҳайвонлар сизларни булғайди. Уларнинг ўлигига қўл теккизсангиз, кечгача ҳаром бўласиз. 25 Ҳаром ҳайвоннинг мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин. У кечгача ҳаром бўлади. 26 Туёқли, лекин туёқлари бутунлай айрилмаган ёки кавш қайтармайдиган ҳар қандай ҳайвон сизлар учун ҳаромдир. Бундай ҳайвоннинг мурдасига теккан одам ҳаром бўлади. 27 Тўрт оёғида юрадиган панжали ҳайвонлар ҳам сизлар учун ҳаромдир. Уларнинг мурдасига теккан ҳар бир одам кечгача ҳаром бўлади. 28 Бундай ҳайвоннинг мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин, у кечгача ҳаром бўлади. Улар сизлар учун ҳаромдир.
29 Ерда ўрмалаб юрадиган майда жониворлардан сизлар учун қуйидагилар ҳаромдир: каламуш, сичқон, эчкемар ва унинг зоти, 30 геккон, кулранг эчкемар, оддий калтакесак, чўл калтакесаги ва буқаламун. 31 Буларнинг ҳаммаси сизлар учун ҳаромдир. Уларнинг мурдасига теккан одам кечгача ҳаром бўлади. 32 Агар бундай жониворнинг мурдаси бирор нарсанинг устига тушса, ўша нарса ҳаром бўлади. Ҳаром бўлган бундай нарса — ёғоч, мато, чарм ёки қанордан бўлишидан ва нимага ишлатилишидан қатъи назар, уни сувга ботириб, чайиб олинг. Бу нарса кечгача ҳаром бўлиб, сўнг яна ҳалол бўлади. 33 Борди–ю, бундай жонивор ўлиб, сопол идишнинг ичига тушса, идишдаги ҳамма нарса ҳаром бўлади. Шунда идишнинг ўзини ҳам синдиринг. 34 Бундай идишдаги сув ҳар қандай овқат устига тушса, овқат ҳам ҳаром бўлади. Ҳаром идишдаги ҳар қандай ичимлик ҳаром ҳисобланади. 35 Жониворнинг мурдаси тушган ҳамма нарса ҳаром бўлади. Мурда тандир ёки ўчоққа тушган бўлса, шу нарсалар ҳаром ҳисобланиб бузиб ташлансин. Уларни ҳаром деб билинг. 36 Лекин мурда булоқ ёки сув йиғиладиган сардобага тушса, булоқ ва сардоба ҳалоллигича қолади. Аммо ўша жониворнинг мурдасига нимаики тегса, бу нарса ҳаром ҳисобланади. 37 Борди–ю, мурда экиш учун ажратиб қўйилган уруғ устига тушса, уруғ ҳалол ҳисобланади. 38 Аммо мурда сувда ивитилган уруғ устига тушса, уруғ ҳаром бўлади.
39 Борди–ю, еса бўладиган ҳайвон ўлса, бундай ҳайвоннинг мурдасига теккан одам кечгача ҳаром бўлади. 40 Унинг гўштидан еган ёки мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин. Бундай одам кечгача ҳаром бўлади.
41 Ерда ўрмалаб юрувчи ҳар қандай жонивор сизлар учун жирканчдир. Уларни тановул қилманг. 42 Қорни билан судралиб юрувчи, тўрт оёқли ва кўп оёқли жониворларни еманг. Улар сизлар учун жирканчдир. 43 Бундай жониворларни еб, булғанманг. Улар туфайли ўзингизни ҳаром қилманг. 44 Зотан, Мен Эгангиз Худоман. Ўзингизни Менга бағишлаб муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман. Ўрмалаб юрадиган жониворлар дастидан ўзингизни булғаманглар. 45 Мен Эгангизман, Худойингиз бўлишим учун сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Шундай экан, Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман.
46 Ҳайвонлар, қушлар, сувдаги турли жониворлар ва ерда судралувчи жонзотларга оид қонунлар шудир. 47 Сизлар ҳалолни ҳаромдан ажрата олинг, ейиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган тирик жониворларнинг фарқига боринг.”
11–BOB
Halol va harom hayvonlar
1 Egamiz Muso va Horun orqali 2 Isroil xalqiga shunday dedi: “Yer yuzidagi jamiki hayvonlardan 3 ayri tuyoq va kavsh qaytaradigan har qanday hayvonni tanovul qilishingiz mumkin. 4 Lekin kavsh qaytaradigan yoki ayri tuyoq hayvonlardan quyidagilarni tanovul qilmang : tuya kavsh qaytaradi–yu, lekin ayri tuyoq emas. U sizlar uchun haromdir. 5 Sugʻur kavsh qaytaradi, lekin ayri tuyoq emas. U sizlar uchun haromdir. 6 Quyon kavsh qaytaradi, lekin ayri tuyoq emas. U sizlar uchun haromdir. 7 Choʻchqa ayri tuyoq boʻlgani bilan kavsh qaytarmaydi. U sizlar uchun haromdir. 8 Bu hayvonlarning goʻshtini yemang, ularning murdasiga qoʻl tekkizmang. Ular sizlar uchun haromdir.
9 Dengiz va daryolarda yashaydigan suzgichi va tangachalari bor har qanday jonivorni yesangiz boʻladi. 10 Biroq suvda yashaydigan, suzgichi va tangachalari boʻlmagan har qanday suzadigan va boshqa turdagi jonivorni yemang. Ulardan hazar qiling. 11 Bunday jonivorlar sizlar uchun jirkanchdir. Ularning goʻshtini ogʻzingizga olmang, murdasidan hazar qiling. 12 Suzgichi va tangachalari boʻlmagan har qanday suv jonivori sizlar uchun jirkanchdir.
13 Parrandalar orasidagi quyidagi qushlarni zinhor yemang, ulardan hazar qiling, ular sizlar uchun jirkanchdir: qumoy, boltayutar, tasqara, 14 qizil kalxat, qirgʻiy va uning zoti, 15 har qanday qargʻa va uning zoti, 16 tuyaqush, lochin, quloqli ukki, qarchigʻay va uning zoti, 17 yapaloq qush, baliqchi ukki, boyoʻgʻli, 18 oq boyoʻgʻli, birqozon, joʻrchi, 19 laylak, oq qarqara va uning zoti, sassiqpopishak, koʻrshapalak.
20 Toʻrt oyogʻida yuradigan hamma qanotli hasharotlar sizlar uchun jirkanchdir. 21 Lekin qanotli hasharotlar orasidagi, toʻrt oyoqda yuradigan baʼzilarini yeyishingiz mumkin. Oyoqlari sakrash uchun boʻgʻinlar bilan moslangan 22 chigirtkaning hamma turini va ularning zotini yeyishingiz mumkin. 23 Boshqa hamma toʻrt oyoqli, qanotli hasharotlar sizlar uchun jirkanchdir.
24 Baʼzi hayvonlar sizlarni bulgʻaydi. Ularning oʻligiga qoʻl tekkizsangiz, kechgacha harom boʻlasiz. 25 Harom hayvonning murdasini koʻtargan odam kiyimlarini yuvsin. U kechgacha harom boʻladi. 26 Tuyoqli, lekin tuyoqlari butunlay ayrilmagan yoki kavsh qaytarmaydigan har qanday hayvon sizlar uchun haromdir. Bunday hayvonning murdasiga tekkan odam harom boʻladi. 27 Toʻrt oyogʻida yuradigan panjali hayvonlar ham sizlar uchun haromdir. Ularning murdasiga tekkan har bir odam kechgacha harom boʻladi. 28 Bunday hayvonning murdasini koʻtargan odam kiyimlarini yuvsin, u kechgacha harom boʻladi. Ular sizlar uchun haromdir.
29 Yerda oʻrmalab yuradigan mayda jonivorlardan sizlar uchun quyidagilar haromdir: kalamush, sichqon, echkemar va uning zoti, 30 gekkon, kulrang echkemar, oddiy kaltakesak, choʻl kaltakesagi va buqalamun. 31 Bularning hammasi sizlar uchun haromdir. Ularning murdasiga tekkan odam kechgacha harom boʻladi. 32 Agar bunday jonivorning murdasi biror narsaning ustiga tushsa, oʻsha narsa harom boʻladi. Harom boʻlgan bunday narsa — yogʻoch, mato, charm yoki qanordan boʻlishidan va nimaga ishlatilishidan qatʼi nazar, uni suvga botirib, chayib oling. Bu narsa kechgacha harom boʻlib, soʻng yana halol boʻladi. 33 Bordi–yu, bunday jonivor oʻlib, sopol idishning ichiga tushsa, idishdagi hamma narsa harom boʻladi. Shunda idishning oʻzini ham sindiring. 34 Bunday idishdagi suv har qanday ovqat ustiga tushsa, ovqat ham harom boʻladi. Harom idishdagi har qanday ichimlik harom hisoblanadi. 35 Jonivorning murdasi tushgan hamma narsa harom boʻladi. Murda tandir yoki oʻchoqqa tushgan boʻlsa, shu narsalar harom hisoblanib buzib tashlansin. Ularni harom deb biling. 36 Lekin murda buloq yoki suv yigʻiladigan sardobaga tushsa, buloq va sardoba halolligicha qoladi. Ammo oʻsha jonivorning murdasiga nimaiki tegsa, bu narsa harom hisoblanadi. 37 Bordi–yu, murda ekish uchun ajratib qoʻyilgan urugʻ ustiga tushsa, urugʻ halol hisoblanadi. 38 Ammo murda suvda ivitilgan urugʻ ustiga tushsa, urugʻ harom boʻladi.
39 Bordi–yu, yesa boʻladigan hayvon oʻlsa, bunday hayvonning murdasiga tekkan odam kechgacha harom boʻladi. 40 Uning goʻshtidan yegan yoki murdasini koʻtargan odam kiyimlarini yuvsin. Bunday odam kechgacha harom boʻladi.
41 Yerda oʻrmalab yuruvchi har qanday jonivor sizlar uchun jirkanchdir. Ularni tanovul qilmang. 42 Qorni bilan sudralib yuruvchi, toʻrt oyoqli va koʻp oyoqli jonivorlarni yemang. Ular sizlar uchun jirkanchdir. 43 Bunday jonivorlarni yeb, bulgʻanmang. Ular tufayli oʻzingizni harom qilmang. 44 Zotan, Men Egangiz Xudoman. Oʻzingizni Menga bagʻishlab muqaddas boʻlinglar, chunki Men muqaddasman. Oʻrmalab yuradigan jonivorlar dastidan oʻzingizni bulgʻamanglar. 45 Men Egangizman, Xudoyingiz boʻlishim uchun sizlarni Misrdan olib chiqqanman. Shunday ekan, Muqaddas boʻlinglar, chunki Men muqaddasman.
46 Hayvonlar, qushlar, suvdagi turli jonivorlar va yerda sudraluvchi jonzotlarga oid qonunlar shudir. 47 Sizlar halolni haromdan ajrata oling, yeyish mumkin boʻlgan va mumkin boʻlmagan tirik jonivorlarning farqiga boring.”