2–БОБ
Масиҳдан ўрнак олинг
1 Масиҳга тегишли бўлганингиз сизларга далда беряпти, Унинг севгисидан тасалли топяпсиз, Муқаддас Руҳ билан мулоқотдасиз, юракларингиз меҳр–шафқатга тўла. 2 Шундай экан, менинг шодлигимга шодлик қўшиб, бир хил фикр қилинг, бир–бирингизга меҳр–муҳаббат кўрсатинг, якдиллик билан ҳамфикр бўлинг. 3 Ҳеч бир ишни худбин ниятда қилманг, шуҳратпараст бўлманг, аксинча, камтарлик билан бошқаларни ўзингиздан юқори деб билинг. 4 Фақат ўзингизнинг эмас, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланг.
5 Фикр–зикрингиз Исо Масиҳникидай бўлсин. 6 Исо Масиҳ Худонинг табиатига эга эди, шунда ҳам У Худо билан тенглигини маҳкам тутмади. 7 Аксинча, У бу улуғворликдан воз кечиб, қул табиатига кирди, инсон бўлиб туғилди. У инсон қиёфасида яшаб, 8 Ўзини паст тутди. Итоаткор бўлиб, ҳатто ўлимга, хочдаги ўлимга ҳам рози бўлди. 9 Шунинг учун Худо Уни энг юқорига юксалтирди ва Унга ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди. 10 Токи Исонинг олдида еру осмондаги ва ер остидаги борлиқ жон тиз чўксин, 11 ҳар бир тил Исо Масиҳни Раббий деб тан олиб, Отамиз Худога шараф келтирсин.
Нажотингиз ёрқин кўриниб турсин
12 Эй азизларим, мана шуларни ёдда тутиб, ҳар доимгидай итоаткор бўлишда давом этаверинглар. Фақатгина сизлар билан бўлганимда эмас, ҳатто ёнингизда бўлмасам ҳам, Худонинг олдида қўрқув ва титроқ билан шундай яшангларки, нажот топганингиз ёрқин кўриниб турсин. 13 Зотан, Худо Ўзини хушнуд қиладиган ишларни қилишингиз учун сизларга куч ва хоҳиш беради.
14-16 Мана шу бузуқ ва эгри насл орасида Худонинг нуқсонсиз, айбсиз ва пок фарзандлари бўлишингиз учун ҳамма нарсани нолимай, баҳслашмай қилинглар. Ҳаётбахш хабарни маҳкам тутар экансиз, ўша бузуқ ва эгри насл орасида самодаги юлдузлар каби порлайсизлар. Шунда Масиҳ келган куни, меҳнатим зое бўлмаганидан, қилган ишларим беҳуда кетмаганидан фахрланаман. 17 Сиз имонингизга асосланиб, хизмат қилиб келяпсиз, шу сизнинг қурбонлигингиздир. Агарда менинг жоним фидо бўлиб, ҳаётим сизнинг қурбонлигингиз устига тўкиладиган шароб назридай бўлиб қолса ҳам, хурсанд бўламан, ҳаммангиз билан бирга шодланаман. 18 Худди шунингдек, сизлар ҳам хурсанд бўлинглар ва мен билан бирга шодланинглар.
Павлус Тимўтийни ва Эпафродитусни Филиппига жўнатмоқчи
19 Раббимиз Исонинг иродаси билан яқинда Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбораман, деб умид қиламан. Шунда аҳволингиздан хабардор бўлиб, кўнглим таскин топади. 20 Тимўтийни юборишимнинг сабаби шуки, сизлар учун худди мендай чин кўнгилдан жон куйдирадиган бошқа ҳеч ким йўқ. 21 Қолганлар Исо Масиҳга хизмат қилишни эмас, балки ўз манфаатини кўзлайди. 22 Ўзларингиз биласизлар, биз Хушхабарни ёйишда Тимўтий билан бирга ота–ўғилдай хизмат қилдик. У ўзининг ҳурматга лойиқ эканлигини кўрсатди. 23 Шунинг учун тақдирим аниқ бўлиши биланоқ Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбораман, деб умид қиламан. 24 Ўзим ҳам яқинда олдингизга бораман. Бу ҳақда Раббимизнинг Ўзи менда ишонч ҳосил қилди.
25 Ҳозир эса Эпафродитусни ёнингизга юборишни лозим кўрдим. У сизларнинг юборган элчингиз, муҳтожлигимда менга мадад берган биродарим, ҳамкорим ва сафдошимдир. 26 Эпафродитус сизларни жуда соғинган. Унинг касаллиги ҳақида эшитганингизни ҳам билиб қаттиқ қайғуряпти. 27 Ҳақиқатан ҳам у ўлар ҳолатда касал эди, аммо Худо унга раҳм–шафқат кўрсатди. Бу билан Худо фақат унга эмас, балки ғамимга ғам қўшилмасин деб, менга ҳам шафқат қилди. 28 Шундай қилиб, яна Эпафродитусни кўриб, севининглар деган ниятда уни тез орада олдингизга юбораман. Шундай қилсам, ғамим анча енгиллашади. 29 Раббимиз Исога ишонганлар бир–бирларини қандай кутиб олсалар, сизлар ҳам Эпафродитусни худди шундай қилиб, катта қувонч билан кутиб олинглар. Бундай инсонларга муносиб бўлган иззат–ҳурматни унга кўрсатинглар. 30 Ахир, у Масиҳга хизмат қилиш йўлида бир ўлимдан қолди. Сизларнинг ўрнингизга ҳам менга хизмат қилиб, ўз жонини аямади.
2–BOB
Masihdan oʻrnak oling
1 Masihga tegishli boʻlganingiz sizlarga dalda beryapti, Uning sevgisidan tasalli topyapsiz, Muqaddas Ruh bilan muloqotdasiz, yuraklaringiz mehr–shafqatga toʻla. 2 Shunday ekan, mening shodligimga shodlik qoʻshib, bir xil fikr qiling, bir–biringizga mehr–muhabbat koʻrsating, yakdillik bilan hamfikr boʻling. 3 Hech bir ishni xudbin niyatda qilmang, shuhratparast boʻlmang, aksincha, kamtarlik bilan boshqalarni oʻzingizdan yuqori deb biling. 4 Faqat oʻzingizning emas, balki boshqalarning ham manfaatini koʻzlang.
5 Fikr–zikringiz Iso Masihnikiday boʻlsin. 6 Iso Masih Xudoning tabiatiga ega edi, shunda ham U Xudo bilan tengligini mahkam tutmadi. 7 Aksincha, U bu ulugʻvorlikdan voz kechib, qul tabiatiga kirdi, inson boʻlib tugʻildi. U inson qiyofasida yashab, 8 Oʻzini past tutdi. Itoatkor boʻlib, hatto oʻlimga, xochdagi oʻlimga ham rozi boʻldi. 9 Shuning uchun Xudo Uni eng yuqoriga yuksaltirdi va Unga har qanday ismdan yuqori ismni ato etdi. 10 Toki Isoning oldida yeru osmondagi va yer ostidagi borliq jon tiz choʻksin, 11 har bir til Iso Masihni Rabbiy deb tan olib, Otamiz Xudoga sharaf keltirsin.
Najotingiz yorqin koʻrinib tursin
12 Ey azizlarim, mana shularni yodda tutib, har doimgiday itoatkor boʻlishda davom etaveringlar. Faqatgina sizlar bilan boʻlganimda emas, hatto yoningizda boʻlmasam ham, Xudoning oldida qoʻrquv va titroq bilan shunday yashanglarki, najot topganingiz yorqin koʻrinib tursin. 13 Zotan, Xudo Oʻzini xushnud qiladigan ishlarni qilishingiz uchun sizlarga kuch va xohish beradi.
14-16 Mana shu buzuq va egri nasl orasida Xudoning nuqsonsiz, aybsiz va pok farzandlari boʻlishingiz uchun hamma narsani nolimay, bahslashmay qilinglar. Hayotbaxsh xabarni mahkam tutar ekansiz, oʻsha buzuq va egri nasl orasida samodagi yulduzlar kabi porlaysizlar. Shunda Masih kelgan kuni, mehnatim zoye boʻlmaganidan, qilgan ishlarim behuda ketmaganidan faxrlanaman. 17 Siz imoningizga asoslanib, xizmat qilib kelyapsiz, shu sizning qurbonligingizdir. Agarda mening jonim fido boʻlib, hayotim sizning qurbonligingiz ustiga toʻkiladigan sharob nazriday boʻlib qolsa ham, xursand boʻlaman, hammangiz bilan birga shodlanaman. 18 Xuddi shuningdek, sizlar ham xursand boʻlinglar va men bilan birga shodlaninglar.
Pavlus Timoʻtiyni va Epafroditusni Filippiga joʻnatmoqchi
19 Rabbimiz Isoning irodasi bilan yaqinda Timoʻtiyni sizlarning oldingizga yuboraman, deb umid qilaman. Shunda ahvolingizdan xabardor boʻlib, koʻnglim taskin topadi. 20 Timoʻtiyni yuborishimning sababi shuki, sizlar uchun xuddi menday chin koʻngildan jon kuydiradigan boshqa hech kim yoʻq. 21 Qolganlar Iso Masihga xizmat qilishni emas, balki oʻz manfaatini koʻzlaydi. 22 Oʻzlaringiz bilasizlar, biz Xushxabarni yoyishda Timoʻtiy bilan birga ota–oʻgʻilday xizmat qildik. U oʻzining hurmatga loyiq ekanligini koʻrsatdi. 23 Shuning uchun taqdirim aniq boʻlishi bilanoq Timoʻtiyni sizlarning oldingizga yuboraman, deb umid qilaman. 24 Oʻzim ham yaqinda oldingizga boraman. Bu haqda Rabbimizning Oʻzi menda ishonch hosil qildi.
25 Hozir esa Epafroditusni yoningizga yuborishni lozim koʻrdim. U sizlarning yuborgan elchingiz, muhtojligimda menga madad bergan birodarim, hamkorim va safdoshimdir. 26 Epafroditus sizlarni juda sogʻingan. Uning kasalligi haqida eshitganingizni ham bilib qattiq qaygʻuryapti. 27 Haqiqatan ham u oʻlar holatda kasal edi, ammo Xudo unga rahm–shafqat koʻrsatdi. Bu bilan Xudo faqat unga emas, balki gʻamimga gʻam qoʻshilmasin deb, menga ham shafqat qildi. 28 Shunday qilib, yana Epafroditusni koʻrib, sevininglar degan niyatda uni tez orada oldingizga yuboraman. Shunday qilsam, gʻamim ancha yengillashadi. 29 Rabbimiz Isoga ishonganlar bir–birlarini qanday kutib olsalar, sizlar ham Epafroditusni xuddi shunday qilib, katta quvonch bilan kutib olinglar. Bunday insonlarga munosib boʻlgan izzat–hurmatni unga koʻrsatinglar. 30 Axir, u Masihga xizmat qilish yoʻlida bir oʻlimdan qoldi. Sizlarning oʻrningizga ham menga xizmat qilib, oʻz jonini ayamadi.