24–БОБ
Исо Масиҳ тирилади
1 Якшанба куни эрта тонгда аёллар тайёрлаб қўйган хушбўй мойларини олиб, қабрга келдилар . 2 Қабр оғзидаги тош ағдарилиб ётганини кўрдилар. 3 Ичкарига кирдилар, аммо Раббимиз Исонинг жасадини топмадилар. 4 Улар гангиб қолдилар. Шунда тўсатдан аёлларнинг қаршисида икки одам пайдо бўлди. Уларнинг кийимлари ярқираб турарди. 5 Аёллар ваҳимадан бошларини ерга эгиб туришди. Одамлар эса аёлларга шундай дейишди:
— Нега сиз тирикни ўликлар орасидан қидиряпсизлар? 6 У бу ерда йўқ, У тирилди! Ҳали Жалилада бўлган пайтида сизларга нима деганини эсланглар. 7 У сизга: “Инсон Ўғли гуноҳкор одамлар қўлига тутиб берилади, хочга михланади, учинчи куни эса тирилади”, деган эди–ку .
8 Шунда аёллар Исонинг бу сўзларини эсладилар. 9 Улар қабр ёнидан қайтиб, бу воқеани ўн бир шогирдга ва қолган ҳаммага айтиб бердилар. 10 Ҳаворийларга бу хабарни Магдалалик Марям, Йўанна ва Ёқубнинг онаси Марям етказдилар. Улар билан бирга бошқа аёллар ҳам бор эди. 11 Аммо ҳаворийлар, бу аёллар сафсата тарқатяптилар, деб ўйладилар, аёлларнинг гапларига ишонмадилар. 12 Бутрус эса ўрнидан туриб, қабр томон югурди. Ичкарига энгашиб қараб, у ерда фақатгина кафанни кўрди. Юз берган воқеадан ҳайрон қолиб, уйига қайтиб кетди.
Эммаус йўлида
13 Ўша куни Исонинг шогирдларидан иккитаси Эммаус деган қишлоққа кетишаётган эди. Бу қишлоқ Қуддусдан тахминан ўн чақирим узоқликда жойлашган эди. 14 Улар юз берган воқеалар тўғрисида суҳбатлашиб кетаётган эдилар. 15 Улар гаплашиб, бўлиб ўтганларни муҳокама қилиб кетаётганларида, Исонинг Ўзи уларга яқинлашиб, ҳамроҳ бўлди. 16 Шогирдлар Исони кўрдилар, аммо Уни таний олмадилар.
17 Исо улардан:
— Нимани муҳокама қилиб кетяпсизлар? — деб сўради. Улар тўхтаб қолдилар, юзлари ғамгин эди . 18 Шогирдларидан Клеопас дегани Унга жавоб берди:
— Шу кунларда Қуддусда кўп воқеалар юз берди. Булардан бехабар қолган мусофир ёлғиз Сиз бўлсангиз керак.
19 — Қандай воқеалар? — деб сўради Исо улардан.
— Носиралик Исо тўғрисидаги воқеалар–да, — деб жавоб берди улар. — Исо пайғамбар эди, Худо олдида ва бутун халқ олдида сўзлари ва ишлари билан қудратини кўрсатди. 20 Аммо бош руҳонийларимиз билан йўлбошчиларимиз Уни ўлимга маҳкум қилиб, хочга михлаш учун тутиб бердилар. 21 Биз эса, У Исроилни халос этади, деб умид қилган эдик. Бу ҳодисалар содир бўлганига бугун уч кун бўлди. 22 Бунинг устига–устак, орамиздаги айрим аёллар бизни ҳайратда қолдиришди. Улар бугун саҳарда қабрга борган эканлар, 23 Унинг жасадини топа олмабдилар. Аёллар қайтиб келиб: “Бизга фаришталар зоҳир бўлди, улар бизга, Исо тирик, деб айтишди” деган хабарни олиб келишди. 24 Шунда орамиздан баъзилар қабрга бориб, аёлларнинг гапи тўғри эканини кўрдилар. Исо қабрда йўқ эди.
25 Исо уларга деди:
— Бунчалик бефаҳм бўлмасангизлар?! Пайғамбарларнинг гапларига ишониш нега сизлар учун шунчалик қийин?! 26 Ахир, Масиҳ улуғланишидан олдин бу азобларни бошдан кечириши керак эди–ку!
27 Кейин Мусодан тортиб, барча Пайғамбарлар битикларида Ўзи ҳақида ёзилган сўзларнинг ҳаммасини Исо уларга тушунтирди. 28 Ниҳоят, улар бораётган қишлоққа яқинлашдилар. Исо Ўзини йўлда давом этадиган қилиб кўрсатди. 29 Лекин улар Исога:
— Кеч бўлиб қолди, ҳадемай қоронғи тушади. Биз билан бирга қолинг, — деб қистадилар.
Исо улар билан бирга қолгани ичкарига кирди. 30 Улар билан бирга дастурхонга ўтирганда, нонни олиб шукрона дуосини айтди ва нонни синдириб уларга берди. 31 Шунда уларнинг кўзлари очилиб, Исони таниб қолишди. Бироқ Исо кўздан ғойиб бўлди.
32 Шогирдлар бир–бирига дедилар:
— У йўлда биз билан гаплашиб, Муқаддас битикларни тушунтираётганда, юракларимиз жизилламаганмиди, ахир?!
33 Шу заҳоти ўринларидан туриб, Қуддусга қайтиб бордилар. Ўн бир ҳаворийни ва улар билан тўпланиб турганларни топдилар. 34 Ҳаворийлар уларга:
— Раббимиз Исо ҳақиқатан ҳам тирилибди! У Бутрусга кўринибди! — деб айтдилар. 35 Шунда Эммаусдан қайтиб келган икки шогирд ҳам йўлдаги воқеаларни, Исо нонни синдираётганда Уни қандай таниб қолганларини айтиб бердилар.
Исо шогирдларига зоҳир бўлади
36 Улар бу тўғрида ҳали гапираётганларида, Исонинг Ўзи ўрталарида зоҳир бўлди.
— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.
37 Шогирдлар, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйлаб ўтакаси ёрилди. 38 Лекин Исо уларга деди:
— Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти? 39 Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Мен Ўзимман. Мени ушлаб кўринглар. Арвоҳнинг эту суяги бўлмайди–ку, ахир! Менинг эса, кўриб турганингиздай, эту суягим бор.
40 Исо шу гапларни айтиб, уларга қўл–оёқларини кўрсатди. 41 Шогирдлари севинчдан таажжубланиб ҳали ҳам ишонмай турганларида, Исо улардан сўради:
— Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми?
42 Шогирдлари Унга бир бўлак қовурилган балиқ беришди. 43 Исо буни олиб, уларнинг кўзлари олдида еди. 44 Кейин Исо шогирдларига деди:
— Сизлар билан бирга бўлган пайтларимда, Мусонинг Таврот китобида, Пайғамбарлар битикларида ва Забурда Мен тўғримда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб сизларга айтган эдим.
45 Сўнгра Исо, Муқаддас битикларни тушуниб етсинлар деб, уларнинг онгини очди 46 ва уларга деди:
— Масиҳ азоб чекиши ва учинчи куни ўликдан тирилиши керак, деб ёзилган. 47 Яна, тавба қилиш ва гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги хабар Унинг номи билан жамики халқларга ваъз қилиниши керак, деб ҳам ёзилган. Шундай экан, Қуддусдан бошлаб, 48 ҳамма одамларга кўрган–билганларингизни айтинглар. 49 Мен сизларга осмондаги Отам ваъда қилган Муқаддас Руҳни юбораман . Шунинг учун юқоридан қудрат келиб сизларни қамраб олмагунча, шу шаҳарда қолинглар.
Исо осмонга кўтарилади
50 Шундан кейин Исо шогирдларини шаҳардан ташқарига — Байтания яқинига олиб чиқди. Исо қўлларини кўтариб, уларни дуо қилди. 51 Дуо қилаётиб, улардан узоқлашиб бораверди ва осмонга кўтарилди.
52 Шогирдлар эса Унга сажда қилдилар ва катта севинч ила Қуддусга қайтиб бордилар. 53 Улар доимо Маъбадда бўлиб, Худони олқишлар эдилар .
24–BOB
Iso Masih tiriladi
1 Yakshanba kuni erta tongda ayollar tayyorlab qoʻygan xushboʻy moylarini olib, qabrga keldilar . 2 Qabr ogʻzidagi tosh agʻdarilib yotganini koʻrdilar. 3 Ichkariga kirdilar, ammo Rabbimiz Isoning jasadini topmadilar. 4 Ular gangib qoldilar. Shunda toʻsatdan ayollarning qarshisida ikki odam paydo boʻldi. Ularning kiyimlari yarqirab turardi. 5 Ayollar vahimadan boshlarini yerga egib turishdi. Odamlar esa ayollarga shunday deyishdi:
— Nega siz tirikni oʻliklar orasidan qidiryapsizlar? 6 U bu yerda yoʻq, U tirildi! Hali Jalilada boʻlgan paytida sizlarga nima deganini eslanglar. 7 U sizga: “Inson Oʻgʻli gunohkor odamlar qoʻliga tutib beriladi, xochga mixlanadi, uchinchi kuni esa tiriladi”, degan edi–ku .
8 Shunda ayollar Isoning bu soʻzlarini esladilar. 9 Ular qabr yonidan qaytib, bu voqeani oʻn bir shogirdga va qolgan hammaga aytib berdilar. 10 Havoriylarga bu xabarni Magdalalik Maryam, Yoʻanna va Yoqubning onasi Maryam yetkazdilar. Ular bilan birga boshqa ayollar ham bor edi. 11 Ammo havoriylar, bu ayollar safsata tarqatyaptilar, deb oʻyladilar, ayollarning gaplariga ishonmadilar. 12 Butrus esa oʻrnidan turib, qabr tomon yugurdi. Ichkariga engashib qarab, u yerda faqatgina kafanni koʻrdi. Yuz bergan voqeadan hayron qolib, uyiga qaytib ketdi.
Emmaus yoʻlida
13 Oʻsha kuni Isoning shogirdlaridan ikkitasi Emmaus degan qishloqqa ketishayotgan edi. Bu qishloq Quddusdan taxminan oʻn chaqirim uzoqlikda joylashgan edi. 14 Ular yuz bergan voqealar toʻgʻrisida suhbatlashib ketayotgan edilar. 15 Ular gaplashib, boʻlib oʻtganlarni muhokama qilib ketayotganlarida, Isoning Oʻzi ularga yaqinlashib, hamroh boʻldi. 16 Shogirdlar Isoni koʻrdilar, ammo Uni taniy olmadilar.
17 Iso ulardan:
— Nimani muhokama qilib ketyapsizlar? — deb soʻradi. Ular toʻxtab qoldilar, yuzlari gʻamgin edi . 18 Shogirdlaridan Kleopas degani Unga javob berdi:
— Shu kunlarda Quddusda koʻp voqealar yuz berdi. Bulardan bexabar qolgan musofir yolgʻiz Siz boʻlsangiz kerak.
19 — Qanday voqealar? — deb soʻradi Iso ulardan.
— Nosiralik Iso toʻgʻrisidagi voqealar–da, — deb javob berdi ular. — Iso paygʻambar edi, Xudo oldida va butun xalq oldida soʻzlari va ishlari bilan qudratini koʻrsatdi. 20 Ammo bosh ruhoniylarimiz bilan yoʻlboshchilarimiz Uni oʻlimga mahkum qilib, xochga mixlash uchun tutib berdilar. 21 Biz esa, U Isroilni xalos etadi, deb umid qilgan edik. Bu hodisalar sodir boʻlganiga bugun uch kun boʻldi. 22 Buning ustiga–ustak, oramizdagi ayrim ayollar bizni hayratda qoldirishdi. Ular bugun saharda qabrga borgan ekanlar, 23 Uning jasadini topa olmabdilar. Ayollar qaytib kelib: “Bizga farishtalar zohir boʻldi, ular bizga, Iso tirik, deb aytishdi” degan xabarni olib kelishdi. 24 Shunda oramizdan baʼzilar qabrga borib, ayollarning gapi toʻgʻri ekanini koʻrdilar. Iso qabrda yoʻq edi.
25 Iso ularga dedi:
— Bunchalik befahm boʻlmasangizlar?! Paygʻambarlarning gaplariga ishonish nega sizlar uchun shunchalik qiyin?! 26 Axir, Masih ulugʻlanishidan oldin bu azoblarni boshdan kechirishi kerak edi–ku!
27 Keyin Musodan tortib, barcha Paygʻambarlar bitiklarida Oʻzi haqida yozilgan soʻzlarning hammasini Iso ularga tushuntirdi. 28 Nihoyat, ular borayotgan qishloqqa yaqinlashdilar. Iso Oʻzini yoʻlda davom etadigan qilib koʻrsatdi. 29 Lekin ular Isoga:
— Kech boʻlib qoldi, hademay qorongʻi tushadi. Biz bilan birga qoling, — deb qistadilar.
Iso ular bilan birga qolgani ichkariga kirdi. 30 Ular bilan birga dasturxonga oʻtirganda, nonni olib shukrona duosini aytdi va nonni sindirib ularga berdi. 31 Shunda ularning koʻzlari ochilib, Isoni tanib qolishdi. Biroq Iso koʻzdan gʻoyib boʻldi.
32 Shogirdlar bir–biriga dedilar:
— U yoʻlda biz bilan gaplashib, Muqaddas bitiklarni tushuntirayotganda, yuraklarimiz jizillamaganmidi, axir?!
33 Shu zahoti oʻrinlaridan turib, Quddusga qaytib bordilar. Oʻn bir havoriyni va ular bilan toʻplanib turganlarni topdilar. 34 Havoriylar ularga:
— Rabbimiz Iso haqiqatan ham tirilibdi! U Butrusga koʻrinibdi! — deb aytdilar. 35 Shunda Emmausdan qaytib kelgan ikki shogird ham yoʻldagi voqealarni, Iso nonni sindirayotganda Uni qanday tanib qolganlarini aytib berdilar.
Iso shogirdlariga zohir boʻladi
36 Ular bu toʻgʻrida hali gapirayotganlarida, Isoning Oʻzi oʻrtalarida zohir boʻldi.
— Sizlarga tinchlik boʻlsin! — dedi.
37 Shogirdlar, arvoh koʻryapmiz, deb oʻylab oʻtakasi yorildi. 38 Lekin Iso ularga dedi:
— Nega qoʻrqib ketdingizlar? Nechun koʻnglingizda buncha gumonlar tugʻilyapti? 39 Qoʻllarimga va oyoqlarimga qaranglar, bu Men Oʻzimman. Meni ushlab koʻringlar. Arvohning etu suyagi boʻlmaydi–ku, axir! Mening esa, koʻrib turganingizday, etu suyagim bor.
40 Iso shu gaplarni aytib, ularga qoʻl–oyoqlarini koʻrsatdi. 41 Shogirdlari sevinchdan taajjublanib hali ham ishonmay turganlarida, Iso ulardan soʻradi:
— Bu yerda yeydigan biron narsangiz bormi?
42 Shogirdlari Unga bir boʻlak qovurilgan baliq berishdi. 43 Iso buni olib, ularning koʻzlari oldida yedi. 44 Keyin Iso shogirdlariga dedi:
— Sizlar bilan birga boʻlgan paytlarimda, Musoning Tavrot kitobida, Paygʻambarlar bitiklarida va Zaburda Men toʻgʻrimda yozilganlar bajo boʻlishi kerak, deb sizlarga aytgan edim.
45 Soʻngra Iso, Muqaddas bitiklarni tushunib yetsinlar deb, ularning ongini ochdi 46 va ularga dedi:
— Masih azob chekishi va uchinchi kuni oʻlikdan tirilishi kerak, deb yozilgan. 47 Yana, tavba qilish va gunohlarning kechirilishi haqidagi xabar Uning nomi bilan jamiki xalqlarga vaʼz qilinishi kerak, deb ham yozilgan. Shunday ekan, Quddusdan boshlab, 48 hamma odamlarga koʻrgan–bilganlaringizni aytinglar. 49 Men sizlarga osmondagi Otam vaʼda qilgan Muqaddas Ruhni yuboraman . Shuning uchun yuqoridan qudrat kelib sizlarni qamrab olmaguncha, shu shaharda qolinglar.
Iso osmonga koʻtariladi
50 Shundan keyin Iso shogirdlarini shahardan tashqariga — Baytaniya yaqiniga olib chiqdi. Iso qoʻllarini koʻtarib, ularni duo qildi. 51 Duo qilayotib, ulardan uzoqlashib boraverdi va osmonga koʻtarildi.
52 Shogirdlar esa Unga sajda qildilar va katta sevinch ila Quddusga qaytib bordilar. 53 Ular doimo Maʼbadda boʻlib, Xudoni olqishlar edilar .