34–БОБ
Динанинг номуси булғанади
1 Бир куни Ёқуб ва Леахнинг қизи Дина шу ерлик қизларни кўришга борди. 2 Бу ернинг беги Хамўр бўлиб, у Хив уруғидан эди. Хамўрнинг ўғли Шакам қизни кўриб қолиб, ушлади ва унинг номусига тегди. 3 Шакам Динани қаттиқ севиб қолди, қизнинг севгисини қозонишга ҳаракат қилди. 4 Отасига: “Шу қизни менга олиб беринг”, деб айтди.
5 Ёқуб қизининг номуси топталганини эшитди. Ёқубнинг ўғиллари эса далада мол–қўйларини боқиб юрган эдилар. Улар қайтиб келгунларича Ёқуб ўзини босиб турди. 6 Шакамнинг отаси Хамўр бу иш юзасидан гаплашгани Ёқубнинг олдига келди. 7 Шу пайтда Ёқубнинг ўғиллари даладан келиб қолишди. Сингиллари шарманда бўлганини эшитишди–ю, қаттиқ ғазабланиб, тутақиб кетдилар. Шакам Ёқубнинг қизини булғаб, Исроилда шармандали иш қилган эди. Бундай иш ҳеч бўлмаслиги керак эди.
8 Хамўр уларга:
— Ўғлим Шакамнинг қизингизга ишқи тушиб қолибди, илтимос, қизингизни ўғлимга берсангизлар, — деди. 9 — Бир–биримиз билан қуда–андачилик қилайлик, қизларингизни ўғилларимизга олиб берайлик, ўғилларингизга қизларимизни олиб беринглар. 10 Шунда юртимизда биз билан бирга, хоҳлаган ерингизда яшайверасизлар, бемалол савдо–сотиқ қилаверасизлар , ерларимиздан ўзларингизга мулк орттирасизлар.
11 Шакам ҳам Динанинг отаси билан акаларига илтимос қилиб, деди:
— Менга мурувват қилинглар, Динани менга беринглар, эвазига истаган нарсаларингизни бераман. 12 Қанча қалин ёки совға талаб қиласизлар — мен учун аҳамияти йўқ, бераман. Фақат қизингизга уйлансам бўлди.
13 Шакам Динани шарманда қилгани учун, Шакам билан Хамўрни Динанинг акалари алдадилар. 14 Улар Шакам билан Хамўрга дедилар:
— Синглимизни қандайдир суннатсиз одамга беролмаймиз. Агар берсак, биз иснодга қоламиз . 15 Биз фақат бир шарт билан рози бўламиз: ҳамма эркакларингиз бизга ўхшаб суннат қилинишлари керак. 16 Шунда биз қизларимизни сизларга берамиз, сизларнинг қизларингизни оламиз. Сизларнинг орангизда яшаб, сизлар билан бир халқ бўламиз. 17 Лекин бизнинг шартимизга кўнмасдан, суннат қилинмасангизлар, синглимизни олиб кетамиз.
18 Уларнинг гапига Хамўр билан Шакам бажонидил рози бўлишди. 19 Шакам Динага хуштор бўлиб қолганидан, бу талабни бажаришни тезлаштирди. У оиласида ҳурматга сазовор, энг обрўли одам эди. 20 Хамўр билан Шакам шаҳар дарвозасига келиб, шаҳарнинг оқсоқолларига шундай дейишди:
21 — У одамлар — бизнинг дўстларимиз. Улар бизнинг юртимизда яшаб, савдо–сотиқ қилаверсинлар. Юртимиз кенг, уларга ҳам етади. Шунда бир–биримиз билан қиз олиб, қиз беришамиз. 22 Улар фақат бир шарт билан бизнинг орамизда яшаб, биз билан бир халқ бўлишга рози: орамиздаги ҳамма эркаклар, улар сингари, суннат бўлишлари керак экан. 23 Агар биз шундай қилсак, уларнинг ҳамма қўй–эчкилари, мол–мулки бизники бўлади. Келинглар, уларнинг айтганларига рози бўлайлик, токи улар бизнинг орамизда яшаб қолишсин.
24 Шаҳар дарвозасига борганлар Хамўр билан унинг ўғли Шакамнинг гапларини эшитгач, рози бўлдилар. Бутун шаҳар эркаклари суннат қилиндилар.
25 Орадан уч кун ўтди. Шаҳарнинг ҳамма эркаклари суннат қилинганлари учун ҳали ҳам оғриб ётган эдилар. Ёқубнинг икки ўғли — Динанинг акалари Шимўн билан Леви қиличларини олдилар ва бамайлихотир шаҳарга кирдилар. Шаҳардаги ҳамма эркакни ўлдирдилар. 26 Хамўр билан унинг ўғли Шакамни ҳам ўлдириб, Шакамнинг уйидан Динани олиб кетдилар. 27 Ёқубнинг қолган ўғиллари, синглимизни шарманда қилганлари учун қасос оламиз деб, жасадларни талаб, шаҳарни талон–тарож қилдилар. 28 Улар шаҳардаги ва далалардаги жамики қўй–эчкиларни, мол подаларини, эшакларни олиб кетдилар. 29 Шаҳар халқининг ҳамма бойликларини, уйларидаги ҳамма нарсасини ўлжа қилиб, болаларини ва аёлларини асир қилиб олиб кетдилар. 30 Шунда Ёқуб Шимўн билан Левига деди:
— Сизлар бошимга бало келтирдингиз. Энди бу юртдаги Канъон ва Париз халқлари, қолаверса, ҳамма мени ёмон кўради. Биз озчилик бўлсак, ахир. Улар биргалашиб ҳужум қилиб қолгудек бўлса, ҳаммамиз қирилиб кетамиз–ку!
31 Шунда ўғиллари:
— Синглимизга фоҳишадай муомала қилишларига йўл қўймаймиз! — деб эътироз билдирдилар.
34–BOB
Dinaning nomusi bulgʻanadi
1 Bir kuni Yoqub va Leaxning qizi Dina shu yerlik qizlarni koʻrishga bordi. 2 Bu yerning begi Xamoʻr boʻlib, u Xiv urugʻidan edi. Xamoʻrning oʻgʻli Shakam qizni koʻrib qolib, ushladi va uning nomusiga tegdi. 3 Shakam Dinani qattiq sevib qoldi, qizning sevgisini qozonishga harakat qildi. 4 Otasiga: “Shu qizni menga olib bering”, deb aytdi.
5 Yoqub qizining nomusi toptalganini eshitdi. Yoqubning oʻgʻillari esa dalada mol–qoʻylarini boqib yurgan edilar. Ular qaytib kelgunlaricha Yoqub oʻzini bosib turdi. 6 Shakamning otasi Xamoʻr bu ish yuzasidan gaplashgani Yoqubning oldiga keldi. 7 Shu paytda Yoqubning oʻgʻillari daladan kelib qolishdi. Singillari sharmanda boʻlganini eshitishdi–yu, qattiq gʻazablanib, tutaqib ketdilar. Shakam Yoqubning qizini bulgʻab, Isroilda sharmandali ish qilgan edi. Bunday ish hech boʻlmasligi kerak edi.
8 Xamoʻr ularga:
— Oʻgʻlim Shakamning qizingizga ishqi tushib qolibdi, iltimos, qizingizni oʻgʻlimga bersangizlar, — dedi. 9 — Bir–birimiz bilan quda–andachilik qilaylik, qizlaringizni oʻgʻillarimizga olib beraylik, oʻgʻillaringizga qizlarimizni olib beringlar. 10 Shunda yurtimizda biz bilan birga, xohlagan yeringizda yashayverasizlar, bemalol savdo–sotiq qilaverasizlar , yerlarimizdan oʻzlaringizga mulk orttirasizlar.
11 Shakam ham Dinaning otasi bilan akalariga iltimos qilib, dedi:
— Menga muruvvat qilinglar, Dinani menga beringlar, evaziga istagan narsalaringizni beraman. 12 Qancha qalin yoki sovgʻa talab qilasizlar — men uchun ahamiyati yoʻq, beraman. Faqat qizingizga uylansam boʻldi.
13 Shakam Dinani sharmanda qilgani uchun, Shakam bilan Xamoʻrni Dinaning akalari aldadilar. 14 Ular Shakam bilan Xamoʻrga dedilar:
— Singlimizni qandaydir sunnatsiz odamga berolmaymiz. Agar bersak, biz isnodga qolamiz . 15 Biz faqat bir shart bilan rozi boʻlamiz: hamma erkaklaringiz bizga oʻxshab sunnat qilinishlari kerak. 16 Shunda biz qizlarimizni sizlarga beramiz, sizlarning qizlaringizni olamiz. Sizlarning orangizda yashab, sizlar bilan bir xalq boʻlamiz. 17 Lekin bizning shartimizga koʻnmasdan, sunnat qilinmasangizlar, singlimizni olib ketamiz.
18 Ularning gapiga Xamoʻr bilan Shakam bajonidil rozi boʻlishdi. 19 Shakam Dinaga xushtor boʻlib qolganidan, bu talabni bajarishni tezlashtirdi. U oilasida hurmatga sazovor, eng obroʻli odam edi. 20 Xamoʻr bilan Shakam shahar darvozasiga kelib, shaharning oqsoqollariga shunday deyishdi:
21 — U odamlar — bizning doʻstlarimiz. Ular bizning yurtimizda yashab, savdo–sotiq qilaversinlar. Yurtimiz keng, ularga ham yetadi. Shunda bir–birimiz bilan qiz olib, qiz berishamiz. 22 Ular faqat bir shart bilan bizning oramizda yashab, biz bilan bir xalq boʻlishga rozi: oramizdagi hamma erkaklar, ular singari, sunnat boʻlishlari kerak ekan. 23 Agar biz shunday qilsak, ularning hamma qoʻy–echkilari, mol–mulki bizniki boʻladi. Kelinglar, ularning aytganlariga rozi boʻlaylik, toki ular bizning oramizda yashab qolishsin.
24 Shahar darvozasiga borganlar Xamoʻr bilan uning oʻgʻli Shakamning gaplarini eshitgach, rozi boʻldilar. Butun shahar erkaklari sunnat qilindilar.
25 Oradan uch kun oʻtdi. Shaharning hamma erkaklari sunnat qilinganlari uchun hali ham ogʻrib yotgan edilar. Yoqubning ikki oʻgʻli — Dinaning akalari Shimoʻn bilan Levi qilichlarini oldilar va bamaylixotir shaharga kirdilar. Shahardagi hamma erkakni oʻldirdilar. 26 Xamoʻr bilan uning oʻgʻli Shakamni ham oʻldirib, Shakamning uyidan Dinani olib ketdilar. 27 Yoqubning qolgan oʻgʻillari, singlimizni sharmanda qilganlari uchun qasos olamiz deb, jasadlarni talab, shaharni talon–taroj qildilar. 28 Ular shahardagi va dalalardagi jamiki qoʻy–echkilarni, mol podalarini, eshaklarni olib ketdilar. 29 Shahar xalqining hamma boyliklarini, uylaridagi hamma narsasini oʻlja qilib, bolalarini va ayollarini asir qilib olib ketdilar. 30 Shunda Yoqub Shimoʻn bilan Leviga dedi:
— Sizlar boshimga balo keltirdingiz. Endi bu yurtdagi Kanʼon va Pariz xalqlari, qolaversa, hamma meni yomon koʻradi. Biz ozchilik boʻlsak, axir. Ular birgalashib hujum qilib qolgudek boʻlsa, hammamiz qirilib ketamiz–ku!
31 Shunda oʻgʻillari:
— Singlimizga fohishaday muomala qilishlariga yoʻl qoʻymaymiz! — deb eʼtiroz bildirdilar.