2–БОБ
1 Мен, Воиз, ўзимга: “Қани, роҳатланиб, бир маза қилай–чи”, — дедим, лекин бу ҳам беҳуда экан. 2 “Кулги телбалик экан, роҳат қандай фойда келтиради?” — дедим. 3 Донолик мени бошқарар экан, кўнглимни шароб билан чоғ қилиб кўрай–чи деб, аҳмоқликка ўз бағримни очдим. Бу дунёда одамлар ўз қисқа ҳаётлари давомида қандай иш қилсалар уларга фойда келишини билмоқчи бўлдим. 4 Буюк ишлар қилдим: ўзимга уйлар қурдим, узумзорлар барпо қилдим, 5 полизлар ва боғлар яратдим, у ерларга ҳар хил мевали дарахтлар экдим. 6 Ўсаётган дарахтларни суғориш учун ҳовузлар қаздирдим. 7 Ўзим учун қуллар ва чўрилар сотиб олдим, уйимда қул–чўрилар туғилиб, уларнинг сони ортиб бораверди. Подаларим шунчалик кўп эдики, Қуддусда мендан олдин яшаган ҳеч кимда бунчалик кўп мол–қўй бўлмаган. 8 Ўзим учун кумушу олтин, шоҳларга лойиқ ажойиб бойликлардан йиғдим, жуда кўп ерларга эга бўлдим. Аёл ва эркак қўшиқчилар менга хизмат қилишар эди, менга завқ келтирадиган ҳарамим ҳам катта эди.
9 Мен буюк бўлиб, буюкликда Қуддусда мендан олдин яшаганларнинг ҳаммасидан ўтдим. Донолигим менга панд бермади. 10 Ўзим хоҳлаган ҳамма нарсани олдим, кўнглим истаганини қилдим. Қилган ҳар бир ишимдан жоним роҳатланди, бу қилган меҳнатларим эвазига келган мукофот эди. 11 Аммо қарасам, ўз қўлларим билан қилган ишларим, қилган ҳамма меҳнатим — буларнинг ҳаммаси беҳуда экан, шамолнинг орқасидан қувишдай экан. Бу дунёда бирорта фойдали нарса топилмаслигини билдим.
12 Шундан кейин яна донолик, телбалик ва аҳмоқликни солиштиришга қарор қилдим. Ворисим меникидан ҳам яхшироқ хулосага кела олармиди?! 13 Ёруғлик қоронғиликдан яхшироқ бўлганидай, донолик ҳам аҳмоқликдан яхшироқлигини тушундим:
14 Дононинг кўзи бор,
Нодон эса қоронғиликда юради.
Аммо ҳамманинг тақдири бир эканлигини ҳам тушундим. 15 Ўзимча: “Нодоннинг бошига тушган нарса менинг ҳам бошимга тушар экан. Шундай экан, доно бўлишнинг нима фойдаси бор?!” деб ўйладим. “Бу ҳам беҳуда!” — дедим. 16 Донолар ҳам, нодонлар унутилгани каби, унутилади, келажакда ҳамма бирдай унутилади. Нима учун донолар нодонлардай ўлиши керак?! 17 Шунинг учун ҳам мен ҳаётдан нафратландим, чунки бу дунёда қилинган ҳар бир иш менга қайғу келтирди. Ҳаммаси беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдайдир.
18 Бу дунёда меҳнат қилиб топган ҳамма нарсамдан нафратландим, чунки ҳаммаси барибир мендан кейин келадиганларга қолишини билардим. 19 Улар доно бўладими ёки аҳмоқми, ким билади? Мен бу дунёда меҳнат қилиб, донолик билан топганларимга барибир ўшалар эгалик қилишади. Бу ҳам беҳудадир. 20 Шунда бу дунёда қилган барча меҳнатим учун юрагим ачиб, қайғура бошладим. 21 Ахир, барибир донолик, билим ва моҳирлик билан топилган нарсалар мана шу нарсалар учун ишламаганларга қолар экан. Бу ҳам беҳуда, қандай фалокат! 22 Бу дунёда қилган меҳнати ва тиришқоқлиги учун одам қандай фойда оларкан–а?! 23 Ахир, унинг кунлари дардга тўла бўлса, қайғудан боши чиқмаса, ҳаттоки кечалари ҳам дам ололмаса. Эҳ, бу ҳам беҳуда!
24 Одам учун ейиш, ичиш ва қилган меҳнатидан роҳатланишдан яхшироқ нарса йўқ. Бу ҳам Худодан эканлигини тушундим, 25 ахир, Худосиз ким овқат ея олади, ким роҳат топади?! 26 Худога маъқул бўлганларга Худонинг Ўзи донолик, билим ва қувонч беради. Гуноҳкорларга эса бойлик йиғиш иштиёқини беради–ю, уларнинг ишлаб топганларини олиб, Худо Ўзига маъқул бўлганларга ато этади. Гуноҳкорларнинг бу ишлари ҳам беҳуда ва шамолнинг орқасидан қувишдайдир.
2–BOB
1 Men, Voiz, oʻzimga: “Qani, rohatlanib, bir maza qilay–chi”, — dedim, lekin bu ham behuda ekan. 2 “Kulgi telbalik ekan, rohat qanday foyda keltiradi?” — dedim. 3 Donolik meni boshqarar ekan, koʻnglimni sharob bilan chogʻ qilib koʻray–chi deb, ahmoqlikka oʻz bagʻrimni ochdim. Bu dunyoda odamlar oʻz qisqa hayotlari davomida qanday ish qilsalar ularga foyda kelishini bilmoqchi boʻldim. 4 Buyuk ishlar qildim: oʻzimga uylar qurdim, uzumzorlar barpo qildim, 5 polizlar va bogʻlar yaratdim, u yerlarga har xil mevali daraxtlar ekdim. 6 Oʻsayotgan daraxtlarni sugʻorish uchun hovuzlar qazdirdim. 7 Oʻzim uchun qullar va choʻrilar sotib oldim, uyimda qul–choʻrilar tugʻilib, ularning soni ortib boraverdi. Podalarim shunchalik koʻp ediki, Quddusda mendan oldin yashagan hech kimda bunchalik koʻp mol–qoʻy boʻlmagan. 8 Oʻzim uchun kumushu oltin, shohlarga loyiq ajoyib boyliklardan yigʻdim, juda koʻp yerlarga ega boʻldim. Ayol va erkak qoʻshiqchilar menga xizmat qilishar edi, menga zavq keltiradigan haramim ham katta edi.
9 Men buyuk boʻlib, buyuklikda Quddusda mendan oldin yashaganlarning hammasidan oʻtdim. Donoligim menga pand bermadi. 10 Oʻzim xohlagan hamma narsani oldim, koʻnglim istaganini qildim. Qilgan har bir ishimdan jonim rohatlandi, bu qilgan mehnatlarim evaziga kelgan mukofot edi. 11 Ammo qarasam, oʻz qoʻllarim bilan qilgan ishlarim, qilgan hamma mehnatim — bularning hammasi behuda ekan, shamolning orqasidan quvishday ekan. Bu dunyoda birorta foydali narsa topilmasligini bildim.
12 Shundan keyin yana donolik, telbalik va ahmoqlikni solishtirishga qaror qildim. Vorisim menikidan ham yaxshiroq xulosaga kela olarmidi?! 13 Yorugʻlik qorongʻilikdan yaxshiroq boʻlganiday, donolik ham ahmoqlikdan yaxshiroqligini tushundim:
14 Dononing koʻzi bor,
Nodon esa qorongʻilikda yuradi.
Ammo hammaning taqdiri bir ekanligini ham tushundim. 15 Oʻzimcha: “Nodonning boshiga tushgan narsa mening ham boshimga tushar ekan. Shunday ekan, dono boʻlishning nima foydasi bor?!” deb oʻyladim. “Bu ham behuda!” — dedim. 16 Donolar ham, nodonlar unutilgani kabi, unutiladi, kelajakda hamma birday unutiladi. Nima uchun donolar nodonlarday oʻlishi kerak?! 17 Shuning uchun ham men hayotdan nafratlandim, chunki bu dunyoda qilingan har bir ish menga qaygʻu keltirdi. Hammasi behuda, shamolning orqasidan quvishdaydir.
18 Bu dunyoda mehnat qilib topgan hamma narsamdan nafratlandim, chunki hammasi baribir mendan keyin keladiganlarga qolishini bilardim. 19 Ular dono boʻladimi yoki ahmoqmi, kim biladi? Men bu dunyoda mehnat qilib, donolik bilan topganlarimga baribir oʻshalar egalik qilishadi. Bu ham behudadir. 20 Shunda bu dunyoda qilgan barcha mehnatim uchun yuragim achib, qaygʻura boshladim. 21 Axir, baribir donolik, bilim va mohirlik bilan topilgan narsalar mana shu narsalar uchun ishlamaganlarga qolar ekan. Bu ham behuda, qanday falokat! 22 Bu dunyoda qilgan mehnati va tirishqoqligi uchun odam qanday foyda olarkan–a?! 23 Axir, uning kunlari dardga toʻla boʻlsa, qaygʻudan boshi chiqmasa, hattoki kechalari ham dam ololmasa. Eh, bu ham behuda!
24 Odam uchun yeyish, ichish va qilgan mehnatidan rohatlanishdan yaxshiroq narsa yoʻq. Bu ham Xudodan ekanligini tushundim, 25 axir, Xudosiz kim ovqat yeya oladi, kim rohat topadi?! 26 Xudoga maʼqul boʻlganlarga Xudoning Oʻzi donolik, bilim va quvonch beradi. Gunohkorlarga esa boylik yigʻish ishtiyoqini beradi–yu, ularning ishlab topganlarini olib, Xudo Oʻziga maʼqul boʻlganlarga ato etadi. Gunohkorlarning bu ishlari ham behuda va shamolning orqasidan quvishdaydir.