24–БОБ
Ажралиш ва қайтадан турмуш қуриш
1 Агар бирор киши уйланса–ю, кейинчалик хотинидан бирорта уятли қилиқ топиб, уни ёқтирмай қолса, унинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юбориши мумкин. 2 Аёл эрининг уйидан кетиб, бошқа эрга тегса–ю, 3 бу эри ҳам уни ёқтирмай қолса, аёлнинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юборса ёки аёлнинг кейинги эри ўлиб қолса, 4 биринчи эри аёлга қайтадан уйланиши мумкин эмас. Чунки у аёл ҳаром бўлди. Бундай қилмишдан Эгамиз жирканади. Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртни булғаманг.
Ҳар хил қонунлар
5 Янги уйланган одам урушга бормасин, шунга ўхшаш мажбурият унга юкланмасин. У бир йил давомида эркин бўлиб, хотинини уйда бахтли қилсин.
6 Ҳеч ким тегирмонни ёки тегирмон тошини гаровга олмасин. Шундай қилса, у ҳаётни гаровга олгандай бўлади.
7 Агар бирортаси Исроил халқидан бўлган биродарини ўғирлаб, уни қул қилиб олгани ёки сотгани маълум бўлса, бундай ўғри ўлдирилсин. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар.
8 Тери касаллигидан эҳтиёт бўлинглар. Мен леви руҳонийларига берган амрларимни битта қолдирмай бажаринглар. 9 Мисрдан чиққанларингиздан кейин, Эгангиз Худо йўлда Марямни нима қилганини эсингизда тутинглар.
10 Бировга бирор нарсани қарзга берганингизда, гаров олгани унинг уйига кирманг. 11 Ташқарида кутиб туринг. Сиз қарз бераётган одамнинг ўзи сизга гаровни кўчага олиб чиқиб берсин. 12 Агар у камбағал бўлса, унинг кийимини гаровга олиб, ухлагани ётманг. 13 Қуёш ботаётганда ундан олган гаровни қайтариб беринг. У ўзининг кийимини кийиб ухласин, сизни дуо қилсин. Бу билан сиз Эгангиз Худонинг назарида тўғри иш қилган бўласиз.
14 Камбағал, муҳтож мардикорнинг иш ҳақини ушлаб қолманг. У Исроил халқидан бўладими ёки шаҳрингизга келган мусофир бўладими, бундай қилманг. 15 У камбағалдир, тирикчилиги мана шу иш ҳақига боғлиқ. Шунинг учун ҳар куни, қуёш ботмасдан олдин унга ҳақини беринг. Акс ҳолда, биродарингиз Эгамизга сиздан нолийди, натижада сиз гуноҳ орттириб оласиз.
16 Оталар фарзандларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин. Фарзандлар оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин. Ҳар ким ўз гуноҳи учун ўзи ўлим жазосини олсин.
17 Мусофир ва етимга ноҳақлик қилманг, беванинг кийимини гаровга олманг. 18 Ўзларингиз ҳам Мисрда қул бўлганингизни, Эгангиз Худо сизларни озод қилиб, у ердан олиб чиққанини ёдингизда тутинг. Шунинг учун ҳам мен сизларга шундай қилинглар, деб буюряпман.
19 Далангиз ҳосилини ўрганингизда, бирон боғлам эсингиздан чиқиб қолса, шу боғламни олиб келгани қайтиб борманг. Ўша боғлам мусофирларга, етим ва беваларга қолсин. Шунда Эгангиз Худо қиладиган ҳар бир ишингизга барака беради. 20 Зайтун дарахтингиз мевасини қоқиб олганингиздан кейин, қолган–қутганига тегманг. Уларни мусофирларга, етим ва беваларга қолдиринг. 21 Узумзорингиз ҳосилини йиққанингизда, токларда қолиб кетган узум бошларини йиғиб олманг. Уларни мусофир, етим ва беваларга қолдиринг. 22 Мисрда қул бўлганингизни эсингиздан чиқарманг. Шунинг учун ҳам мен сизларга шундай қилинглар, деб буюряпман.
24–BOB
Ajralish va qaytadan turmush qurish
1 Agar biror kishi uylansa–yu, keyinchalik xotinidan birorta uyatli qiliq topib, uni yoqtirmay qolsa, uning qoʻliga taloq xati yozib berib, uyidan chiqarib yuborishi mumkin. 2 Ayol erining uyidan ketib, boshqa erga tegsa–yu, 3 bu eri ham uni yoqtirmay qolsa, ayolning qoʻliga taloq xati yozib berib, uyidan chiqarib yuborsa yoki ayolning keyingi eri oʻlib qolsa, 4 birinchi eri ayolga qaytadan uylanishi mumkin emas. Chunki u ayol harom boʻldi. Bunday qilmishdan Egamiz jirkanadi. Egangiz Xudo sizlarga mulk qilib berayotgan yurtni bulgʻamang.
Har xil qonunlar
5 Yangi uylangan odam urushga bormasin, shunga oʻxshash majburiyat unga yuklanmasin. U bir yil davomida erkin boʻlib, xotinini uyda baxtli qilsin.
6 Hech kim tegirmonni yoki tegirmon toshini garovga olmasin. Shunday qilsa, u hayotni garovga olganday boʻladi.
7 Agar birortasi Isroil xalqidan boʻlgan birodarini oʻgʻirlab, uni qul qilib olgani yoki sotgani maʼlum boʻlsa, bunday oʻgʻri oʻldirilsin. Shu tariqa orangizdan yomonlikni yoʻq qilinglar.
8 Teri kasalligidan ehtiyot boʻlinglar. Men levi ruhoniylariga bergan amrlarimni bitta qoldirmay bajaringlar. 9 Misrdan chiqqanlaringizdan keyin, Egangiz Xudo yoʻlda Maryamni nima qilganini esingizda tutinglar.
10 Birovga biror narsani qarzga berganingizda, garov olgani uning uyiga kirmang. 11 Tashqarida kutib turing. Siz qarz berayotgan odamning oʻzi sizga garovni koʻchaga olib chiqib bersin. 12 Agar u kambagʻal boʻlsa, uning kiyimini garovga olib, uxlagani yotmang. 13 Quyosh botayotganda undan olgan garovni qaytarib bering. U oʻzining kiyimini kiyib uxlasin, sizni duo qilsin. Bu bilan siz Egangiz Xudoning nazarida toʻgʻri ish qilgan boʻlasiz.
14 Kambagʻal, muhtoj mardikorning ish haqini ushlab qolmang. U Isroil xalqidan boʻladimi yoki shahringizga kelgan musofir boʻladimi, bunday qilmang. 15 U kambagʻaldir, tirikchiligi mana shu ish haqiga bogʻliq. Shuning uchun har kuni, quyosh botmasdan oldin unga haqini bering. Aks holda, birodaringiz Egamizga sizdan noliydi, natijada siz gunoh orttirib olasiz.
16 Otalar farzandlarining gunohi uchun oʻldirilmasin. Farzandlar otalarining gunohi uchun oʻldirilmasin. Har kim oʻz gunohi uchun oʻzi oʻlim jazosini olsin.
17 Musofir va yetimga nohaqlik qilmang, bevaning kiyimini garovga olmang. 18 Oʻzlaringiz ham Misrda qul boʻlganingizni, Egangiz Xudo sizlarni ozod qilib, u yerdan olib chiqqanini yodingizda tuting. Shuning uchun ham men sizlarga shunday qilinglar, deb buyuryapman.
19 Dalangiz hosilini oʻrganingizda, biron bogʻlam esingizdan chiqib qolsa, shu bogʻlamni olib kelgani qaytib bormang. Oʻsha bogʻlam musofirlarga, yetim va bevalarga qolsin. Shunda Egangiz Xudo qiladigan har bir ishingizga baraka beradi. 20 Zaytun daraxtingiz mevasini qoqib olganingizdan keyin, qolgan–qutganiga tegmang. Ularni musofirlarga, yetim va bevalarga qoldiring. 21 Uzumzoringiz hosilini yiqqaningizda, toklarda qolib ketgan uzum boshlarini yigʻib olmang. Ularni musofir, yetim va bevalarga qoldiring. 22 Misrda qul boʻlganingizni esingizdan chiqarmang. Shuning uchun ham men sizlarga shunday qilinglar, deb buyuryapman.