28–БОБ
Довуд Маъбадни қуриш учун кўрсатма беради
1 Довуд Исроилдаги ҳамма аъёнларни — қабила йўлбошчиларини, шоҳга хизмат қиладиган ҳарбий қисмлар сардорларини, мингбошиларни, юзбошиларни, шоҳ ва шаҳзодалар мулкини ва подаларини бошқарувчиларни, сарой аъёнларини, баҳодир паҳлавонларни ва бошқа ҳамма жангчиларни Қуддусда тўплади.
2 Шоҳ Довуд уларнинг олдида туриб, гапирди:
“Биродарларим, халқим, гапимни эшитинглар! Мен Худонинг оёқ курсиси бўлмиш Эгамизнинг Аҳд сандиғи учун бир оромгоҳ қурмоқчи эдим. Қурилиш учун ҳамма тайёргарликни ҳам кўриб қўйган эдим. 3 Лекин Худо: «Менга атаб уйни сен қурмайсан, сен жанг қилиб, кўп қон тўкдинг», — деди.
4 Ваҳоланки, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз бутун отам хонадонидан мени танлаб олди. Мени то абад Исроилнинг шоҳи қилди. У Яҳудо қабиласини етакчи қилиб танлади, Яҳудо қабиласидан эса отамнинг хонадонини раво кўрди, отамнинг ўғиллари орасидан эса мени мамнуният ила бутун Исроил устидан шоҳ қилди. 5 Эгамиз менга кўп ўғиллар берди, ҳамма ўғилларим орасидан Исроил шоҳи қилиб Сулаймонни танлади. Ҳа, Эгамизнинг шоҳлиги тахтига у ўтиради. 6 Эгамиз менга айтди: «Мен учун уйни ва ҳовлиларни қурадиган ўғлинг Сулаймондир. Мен уни Ўзимга ўғил қилиб танладим, Мен унга ота бўламан. 7 Агар у бугунгидай, Менинг амрлариму қонунларимга қатъият билан риоя қилиб юрса, унинг тахтини то абад мустаҳкам қиламан.»
8 Шунинг учун энди Эгамизнинг жамоаси Исроил халқининг кўзи ўнгида ва Худойимизнинг гувоҳлигида сизларга айтайин: Эгангиз Худонинг амрларини битта қолдирмай бажаринг. Ана шунда сизлар мана шу ҳосилдор юртга эгалик қиласизлар, болаларингизга ҳам уни абадий мерос қилиб қолдирасизлар.
9 Энди Сулаймон ўғлим, отангнинг Худосини тан олгин, бутун онгинг билан сидқидилдан Унга хизмат қилгин. Зотан, Эгамиз ҳар бир инсоннинг юрагини синайди, нияту фикрларимизни У билади. Агар Уни изласанг, топасан. Агар Уни тарк этсанг, У ҳам сени абадий ташлаб кетади. 10 Гапимга қулоқ сол! Маъбад қуриш учун Эгамиз сени танлаган экан, қани, дадил бўлиб, ишга бел боғла!”
11 Довуд Маъбад биноларининг, омборхоналарининг, бошқа хоналарининг ва Энг муқаддас хонанинг, яъни гуноҳдан поклаш жойининг чизма лойиҳаларини ўғли Сулаймонга берди. 12 Шунингдек, Довуд Эгамиз уйининг ҳовлилари ва атрофидаги хоналари, Худо уйининг хазиналари ва назр қилинган ҳадялар сақланадиган хоналари учун кўнглидаги ниятларини айтди. 13 Руҳонийлар ва левиларнинг тузумига, уларнинг Эгамизнинг уйида қилинадиган барча хизматларига ва хизмат пайтида фойдаланиладиган барча ашёларга оид кўрсатмалар берди. 14 Хизматда ишлатиладиган қуйидаги идиш ва жиҳозларни ясаш учун олтин ва кумуш вазнини белгилаб берди: 15 мойчироқлар ва чироқпоялар, 16 муқаддас нонлар қўйиладиган олтин хонтахта, кумуш хонтахталар, 17 санчқилар, тоғорачалар, кўзалар, жомлар ва 18 тутатқи қурбонгоҳи. Бундан ташқари, олтин араванинг, яъни қанотларини ёйиб, Эгамизнинг Аҳд сандиғини қоплаб турган олтин карубларнинг лойиҳасини ҳам Сулаймонга берди.
19-20 Сўнгра Довуд ўғли Сулаймонга шундай деди:
— Буларнинг ҳаммасини мен Эгамнинг бошчилигида ёздим, лойиҳанинг икир–чикирларини Унинг Ўзи менга аён қилди. Дадил ва ботир бўл! Ишни бошла! Қўрқма, ваҳимага тушма! Парвардигор Эгамиз — менинг Худойим сен билан биргадир. Эгамизнинг уйидаги ишлар битмагунча, У сени ташлаб қўймайди, тарк этмайди. 21 Мана, руҳонийлар ва левилар гуруҳлари Худонинг уйидаги ҳар қандай хизматни қилишга тайёр бўлиб турибдилар. Моҳир ҳунармандлар сенга бажонидил ёрдам берадилар. Бутун халқ ва уларнинг йўлбошчилари амрингга мунтазирдирлар.
28–BOB
Dovud Maʼbadni qurish uchun koʻrsatma beradi
1 Dovud Isroildagi hamma aʼyonlarni — qabila yoʻlboshchilarini, shohga xizmat qiladigan harbiy qismlar sardorlarini, mingboshilarni, yuzboshilarni, shoh va shahzodalar mulkini va podalarini boshqaruvchilarni, saroy aʼyonlarini, bahodir pahlavonlarni va boshqa hamma jangchilarni Quddusda toʻpladi.
2 Shoh Dovud ularning oldida turib, gapirdi:
“Birodarlarim, xalqim, gapimni eshitinglar! Men Xudoning oyoq kursisi boʻlmish Egamizning Ahd sandigʻi uchun bir oromgoh qurmoqchi edim. Qurilish uchun hamma tayyorgarlikni ham koʻrib qoʻygan edim. 3 Lekin Xudo: «Menga atab uyni sen qurmaysan, sen jang qilib, koʻp qon toʻkding», — dedi.
4 Vaholanki, Isroil xalqining Xudosi — Egamiz butun otam xonadonidan meni tanlab oldi. Meni to abad Isroilning shohi qildi. U Yahudo qabilasini yetakchi qilib tanladi, Yahudo qabilasidan esa otamning xonadonini ravo koʻrdi, otamning oʻgʻillari orasidan esa meni mamnuniyat ila butun Isroil ustidan shoh qildi. 5 Egamiz menga koʻp oʻgʻillar berdi, hamma oʻgʻillarim orasidan Isroil shohi qilib Sulaymonni tanladi. Ha, Egamizning shohligi taxtiga u oʻtiradi. 6 Egamiz menga aytdi: «Men uchun uyni va hovlilarni quradigan oʻgʻling Sulaymondir. Men uni Oʻzimga oʻgʻil qilib tanladim, Men unga ota boʻlaman. 7 Agar u bugungiday, Mening amrlarimu qonunlarimga qatʼiyat bilan rioya qilib yursa, uning taxtini to abad mustahkam qilaman.»
8 Shuning uchun endi Egamizning jamoasi Isroil xalqining koʻzi oʻngida va Xudoyimizning guvohligida sizlarga aytayin: Egangiz Xudoning amrlarini bitta qoldirmay bajaring. Ana shunda sizlar mana shu hosildor yurtga egalik qilasizlar, bolalaringizga ham uni abadiy meros qilib qoldirasizlar.
9 Endi Sulaymon oʻgʻlim, otangning Xudosini tan olgin, butun onging bilan sidqidildan Unga xizmat qilgin. Zotan, Egamiz har bir insonning yuragini sinaydi, niyatu fikrlarimizni U biladi. Agar Uni izlasang, topasan. Agar Uni tark etsang, U ham seni abadiy tashlab ketadi. 10 Gapimga quloq sol! Maʼbad qurish uchun Egamiz seni tanlagan ekan, qani, dadil boʻlib, ishga bel bogʻla!”
11 Dovud Maʼbad binolarining, omborxonalarining, boshqa xonalarining va Eng muqaddas xonaning, yaʼni gunohdan poklash joyining chizma loyihalarini oʻgʻli Sulaymonga berdi. 12 Shuningdek, Dovud Egamiz uyining hovlilari va atrofidagi xonalari, Xudo uyining xazinalari va nazr qilingan hadyalar saqlanadigan xonalari uchun koʻnglidagi niyatlarini aytdi. 13 Ruhoniylar va levilarning tuzumiga, ularning Egamizning uyida qilinadigan barcha xizmatlariga va xizmat paytida foydalaniladigan barcha ashyolarga oid koʻrsatmalar berdi. 14 Xizmatda ishlatiladigan quyidagi idish va jihozlarni yasash uchun oltin va kumush vaznini belgilab berdi: 15 moychiroqlar va chiroqpoyalar, 16 muqaddas nonlar qoʻyiladigan oltin xontaxta, kumush xontaxtalar, 17 sanchqilar, togʻorachalar, koʻzalar, jomlar va 18 tutatqi qurbongohi. Bundan tashqari, oltin aravaning, yaʼni qanotlarini yoyib, Egamizning Ahd sandigʻini qoplab turgan oltin karublarning loyihasini ham Sulaymonga berdi.
19-20 Soʻngra Dovud oʻgʻli Sulaymonga shunday dedi:
— Bularning hammasini men Egamning boshchiligida yozdim, loyihaning ikir–chikirlarini Uning Oʻzi menga ayon qildi. Dadil va botir boʻl! Ishni boshla! Qoʻrqma, vahimaga tushma! Parvardigor Egamiz — mening Xudoyim sen bilan birgadir. Egamizning uyidagi ishlar bitmaguncha, U seni tashlab qoʻymaydi, tark etmaydi. 21 Mana, ruhoniylar va levilar guruhlari Xudoning uyidagi har qanday xizmatni qilishga tayyor boʻlib turibdilar. Mohir hunarmandlar senga bajonidil yordam beradilar. Butun xalq va ularning yoʻlboshchilari amringga muntazirdirlar.