12–БОБ
1 Эфрайим гармсел боқиб юрар,
Кун бўйи шарқдан эсган шамол кетидан қувар.
Ёлғону зўравонликни у орттирар.
Оссурия билан сулҳ тузиб,
Зайтун мойини Мисрга жўнатар.
2 Яҳудога Эгамиз даъво қилади.
Ёқуб наслининг таъзирини У беради,
Тутган йўлига яраша уни жазолайди.
3 Онасининг қорнидаёқ Ёқуб акаси билан талашган ,
Улғайгач эса Худо билан олишган .
4 Ҳа, фаришта билан олишиб, уни енгган эди,
Кейин йиғлаб, илтифот қилишини сўраганди.
Байтилда Ёқуб Худони топганди,
Ўша ерда Худо билан суҳбат қурганди .
5 Парвардигори Олам — Эгамиз Ўшадир,
Эгамиздир Унинг номи!
6 Эй Ёқуб насли, Худойингизга қайтинг.
Севги ва адолатга интилинг,
Сабр–тоқат ила Худодан умид қилинг.
7 Эгамиз шундай дейди:
“Халқим тарозидан урган савдогарга ўхшайди,
Фирибгарлик қилишни улар хўп яхши кўради.
8 «О, мен бойман,
— деб мақтанасан, эй Эфрайим. —
Мен ўзимга давлат орттирдим,
Боримни пешана терим билан топдим.
Ҳеч ким мени гуноҳда айблай олмас.»
9 Аммо Эгангиз Худо — Менман,
Сени Мисрдан олиб чиққанман.
Мен сенга саҳрода зоҳир бўлар эдим,
Ўша даврдагидай сени яна чодирларда яшаттираман .
10 Мен пайғамбарларга гапиргандим,
Ўзим уларга кўп ваҳийлар бергандим,
Улар орқали сени, эй халқим, огоҳлантирган эдим.
11 Аммо Гиладдаги ёвузлик тўхтамади,
Гилгалда буқалар
Бутларга аталиб ҳамон қурбонлик қилинмоқда.
Шунинг учун Гилад аҳли албатта барҳам топади,
Гилгалдаги қурбонгоҳлар бузиб ташланади,
Улар шудгор қилинадиган далалардан
Улоқтириб ташланган тошлардай бўлиб қолади.”
12 Ёқуб Орам юртига қочиб борди ,
Хотин олиш учун у қулдай ишлади,
Қалин эвазига қўйлар боқди .
13 Эгамиз вақти келиб пайғамбар юборди,
Ёқуб наслини Мисрдаги қулликдан олиб чиқди,
Ўша пайғамбари орқали уларни боқди.
14 Аммо Эфрайим Эгамизни қаттиқ ранжитди.
Тўккан қон учун Эфрайимни Раббий жазолайди,
Уни ҳақоратлагани учун адабини беради.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020