5–БОБ
Ўнта амр
1 Мусо жамики Исроил халқини бир жойга йиғиб, уларга айтган нутқини давом эттирди.
Эй Исроил халқи, эшитинглар! Бугун мен сизларга айтаётган фармонлар ва қонун–қоидаларга қулоқ солинглар. Буларни ёд олиб, битта қолдирмай бажаринглар. 2 Эгамиз Худо биз билан Синай тоғида аҳд қилди. 3 У нафақат ота–боболаримиз билан, балки шу ерда турган ҳар бир одам билан аҳд қилди. 4 Эгамиз ўша тоғда олов ичидан сизлар билан юзма–юз гаплашди. 5 Мен ўшанда Эгамиз билан сизларнинг орангизда туриб, Унинг гапини сизларга айтиб турдим. Чунки сизлар оловдан қўрқиб, тоққа чиқмадингизлар. Эгамиз шундай деб айтди:
6 “Мен сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худоман.
7 Мендан бошқа худоларга сажда қилманг.
8 Ўзларингизга ҳеч қандай бутни ясаманг. Осмонда ё ерда ё ер остидаги сувда мавжуд бўлган бирор нарсанинг шаклини ясаманг. 9 Ўша худолар ёки бутларга сажда қилманг, хизмат қилманг. Мен, Эгангиз Худо, сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман. Мендан нафратланадиганларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатидан фарзандлари, набиралари ва чеваралари ҳам қочиб қутулмайди. 10 Лекин Мени севиб, амрларимга риоя қиладиганларнинг минг–минг авлодларига содиқ севгимни кўрсатаман.
11 Мен, Эгангиз Худонинг исмини суиистеъмол қилманг . Ким Менинг исмимни суиистеъмол қилса, ўшани жазосиз қолдирмайман.
12 Мен, Эгангиз Худонинг амрига кўра, Шаббат кунини муқаддас деб билинг, бу кунга риоя қилиб юринг. 13 Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. 14 Еттинчи кун эса Мен, Эгангиз Худога аталган Шаббат кунидир. Ўша куни ҳеч қандай иш қилманглар. Ўғилларингиз, қизларингиз, қулларингиз, чўриларингиз, молингиз, эшагингиз, бирорта ҳайвонингиз, шаҳрингиздаги мусофирлар ҳам ҳеч қандай иш қилишмасин. Қулу чўриларингиз сиздай дам олсин. 15 Ёдингизда тутинг: сизлар Мисрда қул эдингиз, Мен, Эгангиз Худо, қудратим ва ажойиботларим билан сизларни у ердан олиб чиқдим. Шунинг учун, Шаббат кунига риоя қилинглар, деб амр этдим.
16 Мен, Эгангиз Худо, амр этганимдек, ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлиб, бахтиёр яшайсиз.
17 Қотиллик қилманг.
18 Зино қилманг.
19 Ўғрилик қилманг.
20 Қўшнингизга қарши ёлғон гувоҳлик берманг.
21 Қўшнингизнинг хотинига кўз олайтирманг. Қўшнингизнинг уйи, даласи, қули ёки чўриси, моли ёхуд эшаги, унга қарашли бирор нарсасига кўз олайтирманг.”
22 Эгангиз бу амрларни ҳаммангизга ўша тоғда олов, булут ва қоронғилик ичидан баланд овоз билан айтди, бошқа бирон сўз қўшмади. Сўнгра У бу амрларни иккита тош лавҳага ёзиб, менга берди.
Халқ Худодан қўрқади
23 Тоғ олов бўлиб ёнаётганда, қоронғилик ичидан овоз эшитдингиз. Шунда қабилаларингиз бошлиқлари ва оқсоқоллари менинг олдимга келиб, 24 шундай дейишди: “Мана, Эгамиз Худо улуғворлигини, буюклигини бизга кўрсатди. Унинг овозини биз олов ичидан эшитдик. Бугун биз Худонинг инсон зотига гапирганини, аммо инсон тирик қолганини кўрдик. 25 Нима қиламиз энди жонимизни хавф остига қўйиб?! Мана бу буюк олов бизни ёндириб ташлайди–ку. Агар биз Эгамиз Худонинг овозини яна эшитсак, аниқ ўламиз. 26 Ахир, олов ичидан гапирадиган барҳаёт Худонинг овозини биз каби, эшитиб, тирик қолган инсон борми?! 27 Энди сен бор, Эгамиз Худонинг ҳамма сўзларини эшит. Кейин Унинг ҳар бир сўзини бизга айт. Биз қулоқ солиб, бажарамиз.”
28 Сизлар менга гапирганларингизда, Эгамиз сўзларингизни эшитиб, шундай деди: “Мен бу халқнинг сенга айтган сўзларини эшитдим, ҳамма айтганлари тўғри. 29 Қанийди, уларнинг юраклари ҳар доим шундай бўлса, Мендан қўрқиб, амрларимни бажаришса! Шунда ўзлари ҳам, фарзандлари ҳам то абад бахтли бўлишарди. 30 Энди уларнинг олдига бориб: «Чодирларингизга қайтинглар», деб айт. 31 Сен эса шу ерда Менинг ёнимда қоласан. Мен сенга амрлар, фармонлар ва қонун–қоидалар бераман. Сен буларни халққа ўргатасан. Мен уларга мулк қилиб берадиган юртда ҳаммасига риоя қилишсин.”
32 Энди ўнгга ҳам, чапга ҳам оғмай, Эгангиз Худо сизларга буюрган амрларга битта қолдирмай риоя қилинглар. 33 Эгангиз Худо амр этган йўлдан юринглар. Шунда яшайсизлар, бахтли бўласизлар, мулк қилиб оладиган юртда узоқ умр кўрасизлар.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020